Хабар матни устида ишлаш

Инглиз тилида диспатч, рус ва ўзбек журналистикасига корреспонденция деб қабул қилинган журналистика жанри ҳар қандай радионинг янгиликлар дастурида жой оладиган радиоянгиликнинг энг содда унсурларидан иборат хабар.

Нималар талаб қилинади?

Инглиз тилида диспатч, рус ва ўзбек журналистикасига корреспонденция деб қабул қилинган журналистика жанри ҳар қандай радионинг янгиликлар дастурида жой оладиган радиоянгиликнинг энг содда унсурларидан иборат хабар.

Инглиз тилида тахминан 1 дақиқа 15 сония ичида мухбир хабарни ҳикоя қилиб тушунтириб беради.

Би-би-сининг дипломатик масалалар бўйича мухбири Жонатан Маркус, авваламбор, қандай турдаги диспатч ёзмоқчи эканингиз борасида бир қарорга келиб олинг, дея маслаҳат беради. Бу қисқа хабарми ёки узунроқ, ичида ушбу ҳодисанинг бундан олдинги ўтмиши эслатилган, гап нимада экани тушунтирилган ва бироз таҳлил қилишга уринилган матнми?

Қисқа хабар шиддат ва жадал оҳангли, фактларга асосланган бўлиши керак – сиз бор янгилик мазмунини аниқ, лўнда ҳикоя қилиб беришингиз талаб қилинади. Кенгроқ матнда сиз сал тафсилотга берилишингиз мумкин, бироқ бу лўндалик эвазига бўлмаслиги лозим. Ҳар бир сўзни “тарозига солинг”, ўзингизни сўзамолликдан тийинг!

Мавзуни сиз қанчалик яхши билишингиз ҳам муҳим. Балки бу сизга жуда яхши таниш мавзудир, балки бу ҳақда сиз биринчи марта янгилик ёзаётгандирсиз.

Агар бу муайян вақтдан буён сиз кузатиб келаётган мавзу бўлса, бир хотирангизни обдон “силкиб олишингизга” тўғри келади.

Кейин мавзуни жуда яхши биламан, дея ўзингизга ишонганингиз тақдирда ҳам, кичик тадқиқот ўтказган маъқул.

Сиз диспатчингизни ёзиб топширишингиз талаб қилинадиган сўнгги муддат бор: қанча эрта ёзиб тугатсангиз, шунча кам босим остида бўласиз.

Ҳаммасини сарҳисоб қилиб, қанақа матн ёзиш борасида бир қарорга келиб олинг! Нима ёзсангиз ҳам Би-би-сининг аниқлик ва бетарафлилик мезонларига тўла мос келсин!

Би-би-си журналистикаси ва сизга нисбатан ишончлилик сиз қаерда ўтириб матн ёзаётганингиздан қатъи назар, бу матнни тўғри ва ҳаққоний ёзишингизга боғлиқ.

Биринчи нарсанинг ўрни биринчида

Бу шундоғам ҳам ҳаммага тушунарли кўринади, бироқ сиз бошлаётганингизда, радио корреспондециянинг cue  ёки дебочасидан бошламоғингиз лозим. Дебоча қисқа таништирув мазмунида бўлиб, уни радио бошловчи ўқиб эшиттиради.

Сue ёки дебоча ушбу мавзуга оид энг асосий факт ва маълумотни ўзида жамлаган бўлиши ва олдиндан ёзиб қўйилган лавҳага етакчи, муқаддима ролини ўйнаши лозим.  

Тасаввур қилингки, сue ёки дебоча сиз ҳамма жомадонларингизни жойлаган бир арава. Бу жомадоннинг ҳар бирида одамлар билишлари лозим бўлган энг асосий маълумотлар биттадан жойлаштирилган. Ва унинг ортидан сиз ўзингизнинг лавҳангизни мавзунинг қизиқроқ бир нуқтасидан бошлашингиз мумкин.

Шунингдек, кириш қисмда сиз тингловчи кутаётган мазмун билан қисқа таништиришингиз ҳам мумкин – гувоҳ кўрсатмаси, қисқа шарҳ ёки кўпроқ таҳлилий мазмундаги лавҳа.

Тингловчини “қармоққа илиб олинг”!

Ҳамма ҳикоянинг ҳам муқаддимаси, ўртаси ва якуни бўлади. Бироқ нимадан бошлаб нима билан тугатиш - жиддий ўйлаб кўриш керак бўлган энг муҳим масала. Чунки ҳикоянингизнинг биринчи сўзидан то охиригача радио тингловчининг эътиборини бошқа нарсага чалғитмай ушлаб туришингиз керак.

Муқаддимани шундай бошлангки, радиоэшитувчи қулоғини “динг қилиб” тинглашни бошласин ва сиз ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган хабар тугамагунича радиодан узоқлашмасин.

“Бу Президент Обама учун нохуш хабар”, нима деб ўйлайсиз, ёмон муқаддима эмас-а? Нега? Нима учун нохуш? Қанчалар жиддий? 

Мана шундай муқаддима билан аудитория диққатини жалб қилинг ва бундан кейин улар бутун деспатчингизни охиригача эшитишади.

Тартибли бўлинг

Аъло муқаддима мукаммал ниҳоя дегани эмас. Агар сиз ясаган хабарнинг биноси мустаҳкам “қурилган” бўлмаса, радиотингловчининг эътиборини йўқотиши, сўнг радиони ўчириб қўйиши ёхуд бошқа каналга алмаштириши эҳтимоли кучаяди.

Радиотингловчининг рўзнома ўқувчисидек тушунмаган жойини тушуниш учун бир параграф олдинга қайтиш имконияти йўқ. Радиотингловчи сиз айтган нарсани фақат бир марта эшита олади.

Шу сабаб сиз ўз хабарингиз мантиқий оқимга солинганига ишонч ҳосил қилишингиз ва нимадан бошлаб нима билан тугатишингизни яхши билишингиз керак.

Бунинг учун кўп нарса керак эмас:

  • Материалларингизни тўпланг
  • Ҳикоянгизнинг аниқ муқаддимаси, авжи ва ниҳояси бўлсин
  • Мантиқий бўлинг
  • Аргументларингизни нуқтама-нуқта қўйиб чиқинг
  • Содда, бир оҳангда давом этадиган форматни танланг.

Тил

Содда, кўпчиликка тушунарли тилда ёзинг!

“Радиоэшитувчи тушунмаганидан сизнинг ҳикоянгиз мантиғини йўқотиб қўйишига олиб келадиган сўзлардан фойдаланишингиз керак эмас, деб ўйлайман”.

Баъзан техник термин ёки жаргон сўзлардан фойдаланмасликнинг иложи йўқ. Ўшандай ҳолатда сиз ўзингиз бу сўзнинг маъносини тушунтириб кетинг! Шунда тингловчи каловланиб қолмайди.

Мураккаб тилда ёзилган нарсани ҳар қандай ёшдаги, ҳар қандай иш билан машғул бўлиб турган радио эшитувчи англай оладиган содда сўзларда ҳикоя қилиб беринг!

Мана сизга бир неча маслаҳат:

  • Узун, ўзаро боғланмаган жумлалар ишлатмасликка ҳаракат қилинг, чунки улар одамларни чалкаштиради
  • Жумла қанча қисқа бўлса, тушуниш шунча осон бўлади
  • Узун жумла ҳикоянгизни секинлаштиради, қисқаси эса тезлаштиради

“Тарозига солиб кўринг!”

Кўпинча маълумотга тўла, бироқ одамларга кам нарса берадиган хабарларни эшитишга тўғри келади.

Мисол учун, бир томон мухолифларининг ноҳақлигини исботлаш учун “бир дунё” статистик маълумотни қалаб ташлайди. Бироқ бу нарса репортёрни боши  берк кўчага тиқиб қўяди, у ким ҳақ, ким ноҳақлигининг “тагига етолмай қолади”.

Бундай ҳолатда қандай иш тутган маъқул?

Битта йўли тақдим этилган аргументлар ва уларни дастаклаш учун келтирилган исботлар устидан ўз тадқиқотингизни олиб бориш ва ўз баҳонгизни бериш.

Аргументларни “тарозига солиб кўринг!” Ўзингизнинг ҳукмингизни чиқаринг.

Би-би-сининг дипломатик масалалар бўйича мухбири Жонатан Маркус шундай дейди:

Бу А ми ёки Б? Бу оқми ёки қора? Менинг фикримча, энг тўғри йўл тингловчиларга ушбу икки қарама-қарши аргументлар ўртасидаги мувозанат қаерда эканини англатиб қўйишдир.

Шуни ёддан чиқармангки, ўз ҳисоб-китобингизни қилиб, ўз баҳонгизни бериш ўзингизнинг шахсий нуқтаи-назарингизни изҳор қилиш дегани эмас.

Баҳо бериш ёқтириш ёки нафратланиш дегани эмас. Баҳо бериш мавжуд фактлар ва сиз уларга асосланиб ўтказган тадқиқот натижасидаги мувозанатга таяниб чиқарган ҳукмингиз, хулосангиздир.

Бошлаб олиш

Бу ҳаммага ҳам тушунарли, бироқ ўта аҳамиятли нуқта.

Кекса бошлиғим бир марта менга шундай деб айтган эди: “Нима қилсанг ҳам бошлаб ол – ҳатто охирига бориб буларнинг ҳаммасини йиртиб ташлаган тақдирингда ҳам ҳозир бошлаб ол!”

Ёзишни бошланг, давом эттиринг,  ҳали якуний фурсат етиб келмасдан туриб тугаллашингиз лозим.

Бошлаш нақадар муҳим бўлса, якунлаш ҳам шунчалик муҳим.

“Буни вақт кўрсатади” ва “ҳали бир қарорга келиниши керак” деган ҳаммага ёд бўлиб кетган иборалардан қочишга ҳаракат қилинг. Булар сизнинг шундоқ ҳам кам вақтингизнинг кўп қисмини юлиб олиб қўядиган ва югуришга мажбур қиладиган жумлалар.

Тингловчилар “бундан кейин нима бўларкин” деган саволга жавоб излашади.

Ҳар бир ҳикоя ... ўзининг бир рамкасига солинган расм. Бироқ биз одамларга фақат юз берган индивидуал воқеани ҳикоя қилиб бериш билангина чекланмаймиз. Биз ўз ўтмиши, ҳозири ва келажагига эга ҳикояларни сўзлаб берамиз.

Ҳар бир қисқа хабар ёки таҳлилий мақола якунида тингловчиларга бу ҳикоя нимадан бошланганини эслатган маъқул. Бундан кейин нима бўлиши мумкин? Биз “кўз-қулоқ бўлиб туришимиз лозим” бўлган кейинги муҳим нарсалар нима? Мана шу жиҳатларга эътибор қаратиш муҳим.

Ва ниҳоят хабарингизни якунлар экансиз, айнан ҳикоянинг ниҳоясига етганини англатадиган қатъий хулоса билан якунланг, тингловчига радиода эълон қилинган ҳикоянинг якуни ҳавода қолгандай туюлмасин.

Ходим сифатида кириш

Марҳамат қилиб кутиб туринг! Биз сизнинг Би-би-си ички тармоғига уланганингизни текширмоқдамиз

Афсус, биз сизнинг Би-би-си ички тармоғига уланганингизни тасдиқлай олмаймиз.

  • Чиндан ҳам Би-би-си ички тармоғига уланганингизга ишонч ҳосил қилинг!
  • Сиз уланишга ҳаракат қилаётган линк тўғрилигига ишонч ҳосил қилинг!
Ёпинг ва давом эттиринг

Би-би-си тармоғига кирганингиз тасдиқланди

Ёпинг ва давом эттиринг