Радио материал матнини ёзиш

Радио материал матнини шундай ёзиш керакки, радиони эшитаётган кишининг чиндан-да уни тинглагиси келсин.Энг муҳими, ўзингиз нима ҳақида ёзаётганингизни тушунаяпсизми?

Моҳиятига етиш

Радио учун яхши матн ёзиш учун эътиборга олиш лозим бўлган қатор жуда муҳим жиҳатлар бор. Энг муҳими, ўзингиз нима ҳақида ёзаётганингизни тушунмоқдамисиз? Агар ёзган матнингизни ўзингиз тушунмасангиз, тингловчиларнинг гап нима ҳақида бораётганини англашлари даргумон бўлади, дейди Лора Барроу.

Тасаввурга эрк беринг

Матн шундай ёзилиши керакки, радиони эшитаётган кишининг чиндан-да уни тинглагиси келсин. Матн ёзишга ижодий ёндашинг, доимий йўлдан юрмасликка интилинг. Бу мақсадга сиз турли йўллар билан эришишингиз мумкин: матн ичига иқтибос қўшишингиз мумкин, озроқ жило беришингиз ёхуд ҳодиса тарихини қистириб ўтишингиз мумкин.

 Содда тилда ёзинг

Энг муҳими жаргон ва доим айтилавериб “сийқаси чиққан” иборалардан қочинг. Гап тузаётганда сифатлар ҳамда кўп рақам ишлатмаган маъқул, бу жумлаларни тинглаётган радиотингловчининг мазмунни тушунишини қийинлаштиради. Жумла ичидаги ҳар бир сўз ҳисобда турмоғи лозим.

Биринчи гап

Биринчи жумла ҳаддан зиёд муҳим. Сиз янгилигингизнинг биринчи жумласи билан ўзининг юмушлари билан банд бўлиб турган тингловчи эътиборини радиога жалб қилишингиз, худди “Эшитинг, эшитинг, бир муҳим гап бор”, дегандек бўлишингиз лозим. Бомба портлаши ёхуд қотиллик ҳақидаги хабарнинг биринчи жумласиёқ тингловчи диққатини дарров тортади. Бироқ айрим хабарлар моҳияти биринчи гапидан ўзига радиотингловчи диққатини жалб қила олмайдиган бўлиши мумкин. Мисол учун, Радован Караджичнинг Уруш Жиноятлари бўйича Ҳаага трибуналида илк бор пайдо бўлиши ҳақидаги хабар. Ҳамма маҳкама бошланадиган биринчи кунда фақат кичик расмиятчиликлар бўлиб ўтишини билар, бу хабарнинг энг муҳим янгилиги маҳкама бошланиши эди. Шунинг учун биз бу хабарнинг эътиборни ўзига жалб этадиган бўлиши учун мана нима қилган эдик:

“Соч-соқолини қалин ўстиргани уни таниб олишни қийинлаштирган ва шу йўл билан у ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида БМТ терговчилари таъқибидан қутулиб юролган эди. Бугун эса соқоли қиртишланган, қора костюм кийиб, галстук таққан Радован Караджич Уруш Жиноятлари бўйича Ҳаага трибуналининг ҳакамлари қаршисида пайдо бўлди.” 

Би-би-си қадриятлари

Радио учун хабар матни Би-би-сининг таҳририй мезонларига мос бўлиши шарт. Материалда объективлик, холислик ва аниқликни таъминлаш Би-би-си мустақиллиги учун ҳаётий аҳамиятга эга талаблардир. Сиз воқеа-ҳодисаларни ёритаётганда турли мавқедаги тарафлар манфаатларига дуч келасиз, шундай эмасми? Бу сиёсий партиялар ёки бир-бири билан урушаётган ўзаро душманлар бўлиши мумкин.

Бировнинг ноғорасига ўйнаб қолманг

Журналист сифатида биз кимнингдир бизни ўз йўриғига солишларига йўл қўя олмаймиз. Сиёсий партиялар ва турли гуруҳлар ўзларининг манфаатларига мос келадиган матннинг матбуотда пайдо бўлишини исташади, лекин ҳар доим ҳам улар истаган хабар жамият манфаатига мос келармикан? Мисол учун, яқинда Британия Транспорт вазирлиги ҳукумат янги поездлар ишлаб чиқариш мақсадидаги шартномани маъқуллагани ҳақида пресс-релиз тарқатди. Матбуот бу пресс-релиз асосидаги хабарни  Британия учун яхши янгилик сифатида тарқатди, чунки бу билан иш жойлари сақланиши, балки янги иш жойлари пайдо бўлиши мумкин. Бироқ орадан бир неча соат ўтиб, ҳукумат танловида хорижий ширкат ютиб чиққани, бу ширкатга рақиб бўлган Британия компанияси ютқизгани маълум бўлди.

Эътиборли бўлинг

Сиз ёзаётган матнингизга жуда масъулиятли бўлишингиз талаб этилади. Сизнинг журналист сифатидаги обрўингиз матнни нақадар тўғри ёзганингизга боғлиқ бўлади. Олдинги янгиликлар матнидан ёки веб-сайтдан нусха олиб қўйиб дуруст эмас. Ҳар доим фактларни текширинг.

Ходим сифатида кириш

Марҳамат қилиб кутиб туринг! Биз сизнинг Би-би-си ички тармоғига уланганингизни текширмоқдамиз

Афсус, биз сизнинг Би-би-си ички тармоғига уланганингизни тасдиқлай олмаймиз.

  • Чиндан ҳам Би-би-си ички тармоғига уланганингизга ишонч ҳосил қилинг!
  • Сиз уланишга ҳаракат қилаётган линк тўғрилигига ишонч ҳосил қилинг!
Ёпинг ва давом эттиринг

Би-би-си тармоғига кирганингиз тасдиқланди

Ёпинг ва давом эттиринг