Радио клип танлаш

Радио клип (ё парча) қидираётганда эсда қоларли, ёрқин ибораларни тутиб олишга ҳаракат қилинг. Сизнинг эътиборингизни жалб қилган нарса ноодатий ёки қизиқарли бўлиши мумкин. Сизнинг клипингиз гапираётган одамнинг ҳис-туйғусини намоён этиши мумкин.

Ўзингизнинг радиолавҳангиз учун ёзиб келган овозларингиз орасидан сизга зарур радиоклипларни танлашдан илгари бунга тайёрланган бўлиш энг муҳим нарса, дейди Жулиан Ваккари. Авваламбор ҳодисани яхши ўрганиб чиққанингизга ишонч ҳосил қилинг. Ўзингизнинг ёзган ёзувларингизни ўқиб чиқинг, шу мавзудаги рўзномалар мақолалари билан танишинг. Ўзингизнинг мақсадингизни яхши билсангиз, зарур клипни танлаб олишингиз осон бўлади. Сиз нимани кутаяпсиз, кечирим сўрашними, муҳим статистик маълумотними ёки истеъфо ҳақидаги эълонними? Агар сиз мавзуни яхши билсангиз, яхши тайёргарлик кўрасиз.

Клипни танлаш

Ўзингизга савол беринг: “Менга қанақа клип керак?” Бу клип сарлавҳа учунми – қисқа, аммо мазмунли, узунлиги 5-8 лаҳзадан иборат иборами? Ёки репортаж учун мен узунроқ, 20 сониялик клипни танлаганим маъқулми?

Охиригича эшитиб чиқинг

Агар имкони бўлса, нутқ ёки интервюни тўла эшитиб чиқинг! Биринчи дақиқадаёқ топиб олганингиз клип энг яхшиси деб ўйлаб, жуда муҳим иқтибосни йўқотиб қўйманг, тағин. Кўпинча, олдиндан тайёрлаб қўйилган баёнот ўқиб эшиттирилганидан кейин савол-жавоблар бошлангач, инсонлар анча жонли, табиий гапирадилар. Албатта, вақт тиғиз бўлгани учун ҳар доим ҳам ёзиб келинган аудио клипни охиригача тинглашнинг имкони бўлмайди, бундай ҳолатда сиз биринчи маъқул клипни танлаганингиз дуруст.

Эътиборли бўлинг

Сиз воқеалар ривожига хизмат қиладиган ёки буткул янгилик сифатида янграши мумкин бўлган факт ва деталларга эътибор беринг. Қуйида Британиянинг собиқ молия вазири Алистер Дарлингнинг Афғонистонда ҳалок бўлаётган британияликлар сони ортаётгани борасидаги саволга жавоби берилган. Сиз ҳам маблағлар ҳақидаги савол-жавоб иштирокчисисиз. Жаноб Дарлинг жавобларидан қайси бирини танлаган бўлардингиз?

“Биз у ердаги ҳозирлигимизни оширдик. Аммо биз фронт жабҳасига кучлар юбораётганда жуда, жуда эҳтиёт бўлишимиз, армия қўмондонлари ва штаб бошлиқларининг тавсияларига қулоқ тутишимиз лозим – қўшинлар сони борасида ҳам, бу қўшинлар зиммасига юкланаётган вазифалар борасида ҳам. Ва шуни ҳам ёдда тутиш лозимки, бизнинг одамларимиз, бизнинг қўшинларимиз амал қилаётган Ҳелманд вилоятида америкаликлар ҳам ўзларининг қўшинлари сонини оширди ва, албатта, улар бизга кўмак кўрсатишаяпти”.

“Уларга маблағ керакми?”

“Агар улар қурол-яроғ ёки фронт жабҳасида зарур нимага эҳтиёж сезсалар, албатта, ҳукумат Молия вазирлиги орқали ёрдам беришга тайёр. Қурол-яроғ, уларга зарур бошқа ресурслар нуқтаи назаридан қўшинларни яхши таъминламасдан туриб, уларни фронт жабҳасига жўнатиб бўлмайди. Биз доим штаб бошлиқлари, қўмондон зобитлар билан қўшинларимиз талаб этилганидек таъминланганликлари масаласини муҳокама этиб турамиз. Биз буни қилишимиз шарт”.

Мен Алистер Дарлинг айтган қўшинлар ресурсга муҳтожлиги ҳақидаги ҳар қандай янги сўровга жавоб беришга тайёрлиги ҳақидаги гаплари ёзилган иккинчи клипни танладим. Бу гап воқеалар ривожига янги туртки беради. Айнан мана шу янги туртки туфайли Алистер Дарлинг баёноти ўша тунда асосий янгиликка айланганди.

Тингловчи диққатини жалб қилиш

Радио клип қидираётганда эсда қоларли, ёрқин ибораларни тутиб олишга ҳаракат қилинг. Сизнинг эътиборингизни жалб қилган нарса ноодатий ёки қизиқарли бўлиши мумкин. Сизнинг клипингиз гапираётган одамнинг ҳис-туйғусини намоён этиши мумкин. Мисол учун ўша пайтда мухолифатда бўлган Консерваторлар раҳбари Дэвид Кэмерон ўша пайтдаги бош вазир Гордон Браун ҳақида Британия парламентида мана бундай чиқиш қилганди:

“Ҳозир шу ерда бўлган манбага кўра, Гордон Браун ўзини писанд қилишмаганидан кўзга кўринадиган даражада жаҳли чиққан ва мажлисни ўз вақтидан олдин тугатиб қўйган. У ўзининг устоз бўлишини хоҳлашини айтади, бу нарса эса унинг синфхонадаги назоратни қўлдан чиқариб юборганини кўрсатади”.

Клипларни қисқартиринг

Зарур бўлмаган ибораларни кесиб ташланг. Мисол учун, “Менинг ишонишимча...”, “Ўйлайманки...”, “Менинг фикримча...”,  “Менинг ҳисоботим шундай хулосага келдики...” деган жумлаларни умуман олиб ташлаш мумкин. Бундан асосий фикр мазмунига зарар етмайди. Доим клипни қисқа қилишга ҳаракат қилинг.

Ўйлаб таҳрир қилинг!

Ҳеч қачон сўзловчининг гапираётган гапи мазмунига путур етишига йўл қўйманг. Албатта, йўталишни, узун пауза ёки такрорланган сўзларни кесиб ташлаш мумкин. Аммо шуни назардан қочирмангки, баъзан кичик танаффусда ҳам бир мазмун бўлиши мумкин, айниқса, ҳаяжонли ҳолатларда. Ҳеч қачон Британия парламенти мажлисидан ёзиб олинган материални таҳрир қилманг.

Клипнинг техник сифати

Ёзиб келган радио клипингизнинг сифати яхшими? Мисол учун, мобил телефондан ёзиб олинган суҳбат айрим пайтларда ўрта тўлқинда эфирга узатиладиган радиодастур учун ярамайди. Масалан, АҚШ Президенти Обаманинг Африкада гапирган ушбу сўзлари:

“Ёшлар аҳолининг жами аҳолининг ... фоизини ташкил этади... ва

... пастдан юқорига қараб ўзгаряпти. ... қилишга қодирсиз ... бунинг уддасидан чиқасиз.”

Албатта, бундай клипни радиодастурда ишлатиб бўлмайди. Сиз ўз клипингиз овози даражасини кўтаришингиз, паст ёки баланд қилишингиз мумкин. Бир сўз билан айтганда, клиплар сифати қанча яхши бўлса, тингловчилар шунча диққат билан дастурни эшитишади.

Ходим сифатида кириш

Марҳамат қилиб кутиб туринг! Биз сизнинг Би-би-си ички тармоғига уланганингизни текширмоқдамиз

Афсус, биз сизнинг Би-би-си ички тармоғига уланганингизни тасдиқлай олмаймиз.

  • Чиндан ҳам Би-би-си ички тармоғига уланганингизга ишонч ҳосил қилинг!
  • Сиз уланишга ҳаракат қилаётган линк тўғрилигига ишонч ҳосил қилинг!
Ёпинг ва давом эттиринг

Би-би-си тармоғига кирганингиз тасдиқланди

Ёпинг ва давом эттиринг