Сайт учун фотосурат танлаш

Веб-сайтга фотосуратга танлаётганда, унинг ҳақиқийлигини текшириш, муаллифлик ҳуқуқи таъминланганига ҳамда ахлоқий жиҳатларга эътибор қаратиш муҳим.

Онлайн учун фотосурат танлашнинг аҳамияти матнникидан кам эмас

Би-би-си янгиликлари веб-сайти учун сурат танлаётганда, бу суратдан қаерда фойдаланиш режаланаётгани ҳақида ўйлаб кўриш муҳим, дейди Фил Кумз.

Бу суратни бирор бир янгилик ҳақидаги материалга қўймоқчимисиз ёки мавзувий мақолага? Материал мавзуси нақадар жиддий?

Агар сиз танлаган мавзу унчалик жиддий бўлмаса, сиз сурат танлаётганда кўп чекловга дуч келмайсиз.

Сурат қаерда эълон қилинади? Уни бош саҳифага қўймоқчимисиз ёки у мақолангизнинг ёнида пайдо бўладими? Иккиси ҳам сурат танловида ўзининг талабини қўяди.

Мисол учун, суратни бош саҳифага қўймоқчи бўлсангиз, уни яхшилаб “қирқишингиз” лозим бўлади. Интернет сайтнинг бош саҳифасида жой чекланган бўлгани учун ҳар бир пикселдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқ лозим. Сизнинг асосий вазифангиз шундай суратни топишингиз керакки, бош саҳифада уни кўрган ўқувчи бу мақолани ўқигиси келсин.

Агар сурат мақоланинг ичига қўйиладиган бўлса, у материалнинг мазмунини акс эттираётганига ишонч ҳосил қилинг.

Расмлардан суратлар галереяси учун ҳам фойдаланиш мумкин, бунда суратнинг ҳажми каттароқ ва у бошқа суратлар билан бирга намойиш этилади.

Мана мисол учун Би-би-сининг бу мақола ёзилган кунидаги интернет сайти бош саҳифасига назар ташлайдиган бўлсак, суратларни мазмуни ва ҳажмига мос жойлаштиришнинг яхши намуналарини кўришимиз мумкин. Бош саҳифадаги учта асосий материалга эътибор берайлик:

Биринчи мақолада ҳозиргина Нобель мукофотини қабул қилиб олган Президент Обаманинг портрети қўйилган. Бу архив сурати бўлиб, у материал мазмунига мос келадиган анча нейтрал мазмундаги сурат. 

Иккинчи сурат Покистондаги бомба портлаши ҳақида. Бомба портлаши ҳодисаси иллюстрация қилиш анча мушкул бўлган ҳодиса. Бундай пайтларда этика қоидаларини ёддан чиқармаслик муҳим, айни пайтда сиз суратнинг мавзуга боғлиқлигини ҳам намойиш этишингиз керак.

Интернет сайт бош саҳифасидаги учинчи мақолани иллюстрация қилиш анча осон. У ерда гап Британия қироличаси ҳақида бормоқда, қироличанинг сурати архивда кўп, шунинг учун улардан бирини олиб сайтга қўйиш мушкуллик туғдирмайди.

Сурат “кайфияти”

Сурат мазмуни билан бирга унинг кайфияти ҳақида ҳам ўйлаб кўриш муҳимдир.

Айниқса, бирор бир материалга иллюстрация бўлиб хизмат қиладиган архив суратини танлашда кайфият ҳақида ўйлаш аҳамиятлидир. Айниқса, сиз бирор инсоннинг портретини ишлатмоқчи бўлсангиз. Материал мазмуни қанчалик жиддий ёки эркин?

Суратнинг кайфияти материал мазмунига мос эканлигига ишонч ҳосил қилинг.

Жиддий бир мақолага тиржайиб турган кишининг суратини қўйиш ноўрин бўлади. Бундай номувофиқлик дидсизлик бўлади ва материал ҳақида буткул бошқа мужда беради.

Келинг, яна бизнинг веб-сайтдаги мисолларга кўз ташлайлик.

Саҳифадаги суратлардан бирида Италия собиқ бош вазири Силвио Берлускони акс этган. Конституциявий маҳкама яқиндагина унинг ҳуқуқий дахлсизлигини олиб ташлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Жаноб Берлускони бу қарордан норози ва суратда ҳам бу нарса акс этиши лозим.

Бироқ хабар Италия собиқ бош вазирининг шахсий ҳаётига тааллуқли нейтрал мазмунда бўлса, унда сурат танловига эркин ёндашиш, кўп ҳам расмий кўринмаган тасвирни қўйиш мумкин.

Манбалар

Бизнинг суратларимиз манбалари дунёнинг турли жойларидан бўлиб, бунда суратни чоп этишдан олдин бу суратга тегишли ҳуқуқларни билиш шартдир. Суратнинг ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилиш талаби доим қўйилади. Акс ҳолда кейин ҳуқуқий муаммолар юзага келиши мумкин.

            Бизга суратларнинг айримларини ўзимизнинг мухбирларимиз юборишади. Айримлари – аксар қисми – биз обуна бўлган сурат ахборот агентликлариникидир. Бизнинг Associated Press ва Press Association агентликлари билан шартномаларимиз бор ва биз уларга ишонамиз.

Жойлардаги суратларни биз билан ҳамкорлик қиладиган репортёрлар тасвирга олишади. Ва биз репортёрларимиз материалларининг ҳаққонийлигига ишонамиз.   

Бошқа суратлар бизнинг радиотингловчиларимиз ҳамда ўқувчиларимиздан келади. Бу суратлар билан ишлашда эса уларнинг ҳақиқий эканини текшириш лозим бўлади. Агар сиз кимдандир сурат олган бўлсангиз, ўша одамга боғланишингиз ва тасвир ҳақиқатан ҳам ўзиники, бирор жойдан ўғирланмаганини текшириш учун қатор саволлар беришингиз талаб этилади.

Айримлар суратларни ўзининг шахсий манфаати учун юборади, шунинг учун уларнинг “қопқони”га тушиб қолмаслик учун эҳтиёт бўлиш лозим. Суратнинг манбасини аниқлашга ҳаракат қилинг, бошқа манбалар билан солиштиринг. Суратдаги манзараларга эътибор беринг, ўзингизга ўзингиз савол беринг – бу манзара айтилаётган жойдаги манзарага ўхшайдими?

Агар кимдир бирор бир катта воқеанинг ичидан суратлар юборган бўлса, бу одам жисмонан мана шу суратларнинг ҳаммасини тасвирга ололиши мумкинмиди? Ёки оддийгина ҳар хил сайтлардаги суратлар ўғирлаб олиниб, сизга юбориляптими?

Аммо унутмангки, одамлар ҳар доим ҳам бизни гўл қилиш мақсадида бўлмайдилар. Чиндан ҳам баъзан улар бизга ёрдам бермоқчи эканларидан айрим суратларни юборишади. Аммо жуда-жуда эҳтиёт бўлиш керак.

Яна бошқа бир суратлар ширкатлардан, уларнинг пресс-релизлари билан бирга келади. Бундай суратларни баъзан биз юқорида номларини тилга олган ахборот агентликлари - Associated Press ва Press Association ва бошқалар тарқатишади. Бироқ бу ерда ҳам суратдан тўғри йўналишда фойдаланаётганлигингизга, кимнингдир тужжорий маҳсулотини тарғиб қилмаётганингизга ишонч ҳосил қилинг.

Муаллифлик ҳуқуқи

Муаллифлик ҳуқуқи фототасвирчилар билан шартномаларнинг муҳим қисми ҳисобланади, ҳамда биз сурат эълон қилаётганда, унинг муаллифи ҳуқуқига риоя этишимиз шарт.

Биз обуна бўлган ахборот агентликлари Associated Press ва Press Association суратлари ҳуқуқи борасида қийинчилик йўқ, чунки Би-би-сининг агентликлар билан шартномаси бор.

Репортёрлар: уларга бошиданоқ биз уларнинг суратларини қаерда ишлатмоқчимиз, сайтда уларнинг суратлари қанча вақт туради, ҳаммасини аниқ маълум қилиб қўйишимиз керак. Бизнинг янгиликларимиз бу ерда доим қолади, шундай экан репортёррларимиз бундан огоҳ бўлишлари лозим ва улар билан тузилган шартномада бу нарса ҳам ўз аксини топган бўлиши керак. Суратлар телевизион кўрсатувларда ҳам намойиш этилиши мумкин, бу ҳақда суратнинг эгасига олдиндан айтилган бўлиши лозим.

Энди агар Би-би-си ўқувчилари, радиотингловчилари ўзлари олган тасвирларининг Би-би-си сайтида эълон этилишини истасалар, суратларни эълон қилишдан илгари унинг муаллифига қандай ҳуқуқларга эга эканлиги тушунтирилади. Улар муаллифлик ҳуқуқини сақлаб қоладилар, бироқ биз ҳам тасвирлардан Би-би-сида фойдаланиш ҳуқуқига эга бўламиз.

Бошқа манбалар: баъзан сурат қидираётганда бизнинг доимий ахборот агентликлари ёки бошқа манбаларимиздан ўзимиз истаётгандек суратни топа олмаслигимиз мумкин. Ана унда шахсий коллекционерлар ёки индивидуал шахслардан сурат топишга уриниб кўрамиз.

Бу ҳолатда ҳам биз ўзимиз учун аниқ қилиб олишимиз керак – биз бу суратдан нима истаяпмиз ва қаерда фойдаланмоқчимиз? Унинг муаллифини кўрсатиш керакми? Бу суратни биз қанча вақт мобайнида ишлатмоқчимиз? Унинг нархи қанча бўлади?

            Таҳририй йўриқнома

Қандай суратлардан фойдаланиш мумкин, қайсиларидан мумкин эмаслиги борасида Би-би-си қаттиқ таҳририй йўриқнома асосида фаолият юритади. Бундай қатъий таҳририй сиёсат айниқса, веб учун муҳим, чунки Би-би-си сайтини ҳар қандай ёшдаги одам, кунинг ҳар қандай пайтида ўқиши мумкин.

Сайтнинг бош саҳифасига кириб, биринчи бўлиб нимани кўришингизни ҳеч қачон билмайсиз. Энг биринчи материал балки енгил мавзудаги кичик бир хабар бўлар, балки бу жуда жиддий янгилик. Нима бўлганда ҳам суратни танлаётганда жуда эътиборли бўлиш лозим.

Материалнинг ичига кирганда, табиийки янгиликни сурат билан иллюстрация қилиш керак. Биз янгиликлар веб-сайти ҳисобланамиз ва айнан нималар юз бераётганини кўргазмали намойиш этишимиз ҳам керак. Суратлар борасида иккиланиш юзага келганда Таҳририй Сиёсат бўлимига мурожаат қилиш, улар билан маслаҳатлашиш мумкин.

Шу ерда бир мисол:

Ҳозиргина Афғонистон пойтахти Кобулда бомба портлади. Бизнинг ихтиёримизга ўнлаб суратлар келиб тушди. Бу суратларни олган тасвирчилар ҳодисанинг жуда мудҳиш кўринишларини четлаб ўтиб, манзарани акс эттиришга ҳаракат қилганлар.

Бу суратларда сиз вайроналар остидан ҳали ҳам тирик бўлиши мумкин бўлган инсонни қутқаришга ҳаракат қилаётган инсонларни кўриш мумкин. Яна бир сурат портлаш рўй берганидан кўп ўтмай олинган, унда манзара яққол намоён бўлган.

Кимдир ҳодиса жойида ўзининг яқинларини қидирмоқда. Вайроналар яқиндан олинган яна бир сурат.

Вайроналар остидан инсон жасадини чиқариб олишмоқда, бу суратни намойиш этиш билан сиз портлаш талафотлари миқёсини кўрсатиб берасиз.

Лекин бу ерда ҳам эҳтиёт бўлиш керак, бу ўринда шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш масаласи кўндаланг бўлади. Бу масалада ҳамма нарса ҳам оқ ёки қора деганидек осон эмас, аммо ёрдам зарур бўлса, Би-би-сининг Таҳририй Сиёсат бўлимидан ёрдам сўраш мумкин. Мана сўнгги мисоллардан бири: Афғонистонда яраланганидан кейин тасвирга туширилган АҚШ ҳарбий денгиз пиёда аскарининг сурати. Жароҳат олганидан бироз вақт ўтиб, аскар оламдан ўтди.    

Унинг ўлимидан кейин оммавий ахборот воситалари бу суратни эълон қилдилар, бироқ орадан кўп ўтмай, аскарнинг ота-онаси бу суратни эълон қилишга берган розиликларини ўзгартирдилар. Бу дегани, бундан кейин Би-би-сининг бу суратни эълон қилишга ҳаққи йўқ.

АҚШдаги айрим сайтлар аскар суратини ўшандан кейин ҳам эълон қилавердилар, бу билан урушнинг нақадар даҳшатли эканини намойиш этиш ниятида эканини айтдилар. Сурат кўриш учун оғир сурат эмас эди, аммо бу тасвир олинганидан кейин аскарнинг дунёдан кўз юмгани бу суратга кўпроқ ҳиссий бўёқ берган эди.

Сиз сурат танлашда эътиборли бўлиш талаб қилинадиган бир жиҳат бу болалардир. Британия қонунчилигига кўра, балоғатга етмаган бола суратидан фойдаланиш учун унинг ота-онаси ёки боқувчисидан рухсат талаб этилади.

            Туҳмат

Суратлар билан иш кўраётганда ҳисобга олиш лозим бўлган кўпгина ҳуқуқий масалалар мавжуд. Улардан бири туҳматдир. Худди сўз билан бўлганидек, сурат билан ҳам кимгадир туҳмат қилиб қўйиш мумкин.

Туҳмат масаласи, айниқса, бизнес соҳасига доир суратларда долзарблик касб этади. Мисол учун сиз бир ширкат ва одамлар ҳақида материал эълон қилаётган бўлсангиз, бу ширкатлар ва одамларга қандайдир алоқаси бор бутунлай бошқа бир ширкат ёки одамларнинг суратларини чоп этиб қўйишдан эҳтиёт бўлинг. Сурат ширкат ва одамлар фаолиятини аниқ акс эттирадиган бўлсин.

Агар қандайдир жиноий иш ҳақида сўз бораётган бўлса, сиз айнан ўша ширкат суратини қўйинг, бир ширкат ўрнига қандайдир бошқасини эмас. Агар мос сурат тополмасангиз, ҳеч ким ёки бирор бир ташкилотни аниқ акс эттирмайдиган умумий мазмундаги тасвирдан фойдаланишингиз мумкин.

Ҳаққонийлик

Сурат билан ишлаётганда ҳаққонийлик жуда ҳам муҳим. Суратни кесиш билан унинг мазмунини, унинг ортидан бутун материалнинг мазмунини ўзгартириб юбориш мумкин.

Мана мисол учун, Суматра оролидаги зилзиладан сўнг тасвирга туширилган болакай суратини олайлик. Суратда у ёлғиз қолганга ўхшайди. Балки у ота-онасини йўқотгандир, балки ер қимирлашидан кейин яқинларини топишга ҳаракат қилаётгандир.

Аммо бу суратнинг ҳали қирқилмаган, илк кўринишига қарасак, буткул бошқа манзарани кўрамиз. Суратда болакай Қизил Хоч ташкилоти ғамхўрлиги остида экани аёнлашади. Қизил Хоч ташкилотининг ходимаси бўлган аёл унга ёрдам беряпти, суратнинг чап томонида эса боланинг онаси турибди. Қирқилган суратда буларнинг бари акс этмаган ва бу ҳақиқатни бузиб кўрсатишдир.

Сурат сифатини яхшилаш

Айрим техник ўзгартиришлар сурат сифатини яхшилашга ёрдам беради, бундай сурат интернет сайтга қўйилганда ҳам яхши кўринади. Айрим суратлар сифатини яхшилаш бошқаларига нисбатан кўпроқ меҳнатни талаб қилиши мумкин.

Мисол учун, видеолавҳадан олинган сурат агентликлардан юборилган ёки сизнинг ўзингизнинг рақамли фотоаппаратингизда тасвирга туширилган суратга қараганда кўпроқ ёрқинлик ҳамда контраст бўйича ишлашни талаб қилади.

Агар сиз фотосурат сифатидан қониқсангиз, уни ўзгартиришсиз қолдиришингиз мумкин.

Тагсўз

Тасвирлар остидаги тагсўз жуда аҳамиятли. Сизнинг вазифангиз ўқувчига бу суратда ким ёки нима акс этганини тушунтиришдир. Лекин фақат суратда акс этган манзарани баён қилишнинг ўзи етарли эмас. Сиз шунга ҳаракат қилингки, тагсўз қимматга эга бўлсин ҳамда интернет сайт муштарийсини сурат билан бирга берилган материал билан танишиб чиқишга ундасин.

Ходим сифатида кириш

Марҳамат қилиб кутиб туринг! Биз сизнинг Би-би-си ички тармоғига уланганингизни текширмоқдамиз

Афсус, биз сизнинг Би-би-си ички тармоғига уланганингизни тасдиқлай олмаймиз.

  • Чиндан ҳам Би-би-си ички тармоғига уланганингизга ишонч ҳосил қилинг!
  • Сиз уланишга ҳаракат қилаётган линк тўғрилигига ишонч ҳосил қилинг!
Ёпинг ва давом эттиринг

Би-би-си тармоғига кирганингиз тасдиқланди

Ёпинг ва давом эттиринг