Радиоматериалнинг кириш сўзи ё дебочаси

Рўзномадаги ҳар қандай мақолага кўз югуртирсангиз, унда сарлавҳа, кириш қисм ё дебоча ҳамда асосий матнни кўрасиз. Сиз ёзаётган дебоча сарлавҳа билан кириш қисмининг вазифасини бажариши, воқеанинг бош “мағзини” ҳикоя қилишни эса репортёрга қолдириши керак.

Хабарни сотишнинг уддасидан чиқинг

Нима қилсангиз ҳам тингловчиларнинг зерикиши ёхуд ҳафсаласи пир бўлишига йўл қўйманг! Хабарларнинг айримлари содда ҳамда мароқли бўлади, баъзилари эса зерикарли ва мураккаб. Сизнинг вазифангиз эса инсонларни ўтиришга, тинглаб тушунишга ҳаракат қилишга ва нималарнидир ён дафтарчасига ёзиб олишга ундашдан  иборат.  Инглиз тилидаги “Cue” ёки дебоча бизнинг янгиликлар сотадиган дўконимизнинг пештахтаси бўлиб хизмат қилади.

Дебоча моҳияти

Рўзномадаги ҳар қандай мақолага кўз югуртирсангиз, унда сарлавҳа, дебоча ҳамда асосий матнни кўрасиз. Сиз ёзаётган дебоча сарлавҳа билан кириш қисмнинг вазифасини бажариши, воқеанинг бош “мағзини” ҳикоя қилишни эса репортёрга қолдириши керак. Мана бир мисол:

Сарлавҳа: “Иқтисодий пасайиш ўғрилик ва киссавурликни кўпайтирмоқда”

Дебоча: Ўғрилик ва киссавурлик сонининг ошиши кредит инқирози давридаги жиноятчиликни кўпайтираётганига оид огоҳлантириш янгради

Бу сизнинг дебочангиз таркибида бўлиши талаб этиладиган ахборот ҳисобланади.

Яхши дебочалар

Яхши дебоча эътиборни дарҳол ўзига жалб этади. Имкони бор жойда дарҳол ҳаракатни акс эттиради. Мана яхши бир мисол:

Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежоднинг Женевадаги ирқчиликка бағишланган БМТ анжуманидаги маърузаси пайтида Ғарб дипломатлари зални тарк этдилар. Бу дипломатларнинг Маҳмуд Аҳмадинежоднинг Исроилни дунёдаги энг шафқатсиз ва ирқчи режим деб атаганига норозилиги эди. Женевадан Иможен Фоулкес хабар қилади.”

Бу ерда биз дарҳол ҳаракатнинг ичига кириб кетдик. Биринчи гапда ким, нима ва қаерда юз бераётгани ҳақида маълумот берилди. Иккинчи жумла эса нима учунлигини тушунтириб бераяпти. Бу жуда яхши намуна. Кейин нима бўлган экан? Ушбу кириш сўз тингловчини хабарнинг давомини эшитишга даъват этади.

Инсоний детал қўшинг

Хабарнинг бош қаҳрамонидан битта яхши иқтибос ёки инсоний бир унсур қўшиш дебочани янада жозибали қилади.

Хабар муаллифи билан бамаслаҳат иш тутиш

Энг яхши дебоча ҳар доим дастур муаллифи ёки бошловчиси билан мухбир ўртасидаги ҳамкорликнинг натижаси бўлади. Сизнинг мақсадингиз кўз илғамас радио журналистика асарини тақдим этишдир, аммо бунда сиздан кейин сўзлайдиган мухбир гапларини айтиб қўймасликка ҳаракат қилиш лозим. Шундай экан, мухбир билан қанча эрта гаплашиб, дебоча матнини маслаҳатлашиб олсангиз, шунча яхши.

Хабарингиз тафсилотини билинг

Охирги дақиқада муҳим бир ўзгариш бўлиб қолиши ёки бирор бир техник муаммо юзага чиқиб қолиши ва бунинг оқибатида мухбирингиз ушбу воқеанинг аҳамиятли бир жиҳатини ўзининг лавҳасига қўша олмай қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам хабар тафсилотини пухта билиш сиз учун муҳим. Бошқа манбалардан ҳам хабар мавзуси ҳақида кўпроқ маълумот тўплашга интилинг, энг сўнгги дақиқада матнингизни ўзгартиришга тўғри келиб қоладиган бўлса, бундай кутилмаган ўзгаришга доимо тайёр туринг!

Матнингиз содда бўлсин

Сиз сўзлаётган сўзларни тингловчининг фақат бир марта эшитиш имконияти бор. Шу сабабдан ҳам дебоча матнининг содда ва тушунарли бўлишига интилинг! Агар жумлалар чўзилиб кетаётган бўлса, бу жумлани икки-уч қисмга бўлинг. Сўнг овоз чиқариб ўқинг! Овоз чиқариб ўқиш ҳар доим гапнинг қайси қисми талаффузга мураккаблигини намойиш этади.

Нохуш, ёқимсиз ҳолатлар олдини олинг

Албатта, сизнинг ишингизнинг “белига тепадиган” кўп нарса учраб туради, лекин бу сабабларнинг аксарига инсонларнинг ўзлари сабабчи бўладилар. Ҳар доим сиз ёзган  дебочадан кейин лавҳа қандай бошланишини тинглаб кўринг. Сиз ҳозиргина айтган сўз, ибора ёки жумланинг бир неча сониядан кейин мухбирнинг тилидан яна янграшини истамайсиз-ку. Бу жуда ҳам хунук эшитилади.

Овоз билан бошланадиган лавҳа учун дебоча

Ҳар доим бирор бир овоз билан бошланадиган лавҳага дебоча ёзгунча эҳтиёт бўлинг. “Жастин Уеб хабар қилади”, деб айтганингиздан кейин сиз биринчи бўлиб кимнингдир овозини эшитишни истайсиз, қандайдир қўшиқ парчаси ёки отишма овозини эмас. Мос кириш сўз тингловчиларни Би-би-си  овозидан олдин эшитиладиган нарсага тайёрлайди.

Тафсилотни асранг

Дебоча хабар ёки лавҳага доир ҳамма гапни айтиб қўйса ҳам тингловчига материалнинг қизиғи қолмайди. Шунинг учун айрим деталларни асраб қолинг, аммо бу мазмунни тушуниш эвазига бўлмаслиги лозим. Ҳаддан зиёд кўп рақам ҳам дебочани бузади. Бироқ айрим пайтларда рақамни тилга олмасликнинг иложи бўлмайди. Шунингдек, абрревиатураларга эҳтиёт бўлинг – БМТнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эканини кўпчилик билиши мумкин, аммо ҳамма аббревиатура мазмунини ҳам эмас. 

Дебочангизда сўзни “тежанг”

Ушбу маслаҳатнинг маъносини қуйидаги мисоллар яхши изоҳлаб беради. Би-би-сининг Radio 2 станциясида ахборот ўқиб турганда ҳеч қачон “қўшиқчи Майкл Жексон” дейишмайди. Чунки Radio 2 асосан мусиқага мўлжалланган радиостанция бўлиб, уни асосан мусиқа ишқибозлари тинглашади ва бу ишқибозлар Майкл Жексоннинг ким бўлганини яхши билишади, дейишади бу радио ходимлари. Radio 5 мисолида ҳам ҳеч қачон “футболчи Девид Бекхэм” дейишмайди. Чунки спорт ишқибозлари Девид Бекхэмнинг кимлигидан аллақачон яхши хабардорлар.

Бошқалардан ўрганинг

Би-би-сида ажойиб дебочалар ёзадиган ижодкорлар кўп. Ён-атрофингизга назар солинг, улардан сабоқ олинг. Яхши дебочани эшитиб қолсангиз, диққат билан уни ўрганиб чиқинг. Мабодо дебоча ёзишда бошингиз қотиб қолса, энг содда техникадан фойдаланинг: ўзингизга савол беринг – бор маълумотни қандай қилиб бир жумлада айта оламан? Кўпинча ана шу бир жумла мукаммал дебоча асоси бўлиб хизмат қилади.

Ходим сифатида кириш

Марҳамат қилиб кутиб туринг! Биз сизнинг Би-би-си ички тармоғига уланганингизни текширмоқдамиз

Афсус, биз сизнинг Би-би-си ички тармоғига уланганингизни тасдиқлай олмаймиз.

  • Чиндан ҳам Би-би-си ички тармоғига уланганингизга ишонч ҳосил қилинг!
  • Сиз уланишга ҳаракат қилаётган линк тўғрилигига ишонч ҳосил қилинг!
Ёпинг ва давом эттиринг

Би-би-си тармоғига кирганингиз тасдиқланди

Ёпинг ва давом эттиринг