Аудиопакет нима?

Овозли радиолавҳа тингловчини жой овозлари, муҳит товушлари билан ўша жойга олиб бориши зарур.

Пакет - ёзиб олинган турли овозларнинг жамланмасидан ташкил топган радиолавҳадир. Пакет таркибига қуйидагилар киради:

  • Линклар ё уламлар (сизнинг ўзингиз ўқиган матн)
  • Клиплар (интервю берган инсонлар интервюсидан олинган парчалар)
  • Шовқинлар
  • Овоз эффектлари
  • Мусиқалар

Воқеани ҳикоя қилиб бериш учун сиз линклар ҳамда клипларни монтаж қиласиз.

Кейин мисол учун сиз ҳикоя қилаётган жойдаги муҳит ҳақида тасаввур уйғотиш мақсадида шовқин қўшишингиз мумкин. Сизнинг ёки бошқа иштирокчиларнинг овозлари ортидан паст товушда эшитилиб турган бу шовқинлар пакетингизни жонлантириб юборади.

Пакет тайёрлаш учун қуйидагиларга риоя қилинг:

ДЕБОЧА: Дастур бошловчиси тақдим этадиган таништирув.

ЛИНК ё УЛАМ: Сизнинг ўзингизнинг овозингиз, кичик матн. Унинг ёрдамида сиз икки клипни бир-бирига улайсиз, шу йўсинда воқеани ҳикоя қилиб берасиз. Линкларни сиз студияда ёки сокин бирор бир жойда ёзиб олишингиз мумкин.

ҲОДИСА ЖОЙИДА ЁЗИЛГАН ЛИНК (баъзан уни ‘STAND UP’ деб аташади): студияда эмас, жойнинг ўзида ёзиб олинган линк. У ўша жойнинг муҳитини намойиш этади.

КЛИП: интервюдан олинган қисқа парча, бу парчанинг узунлиги 20-40 сониядан ошмагани маъқул.

АРХИВ КЛИПИ: архивда сақланаётган олдинги интервюлардан олинган парча.

VOX POP: бу лотин иборасининг қисқартмасидир. vox populi “халқнинг овози” деган маънони англатади.  Vox pop жамоатчилик вакилларининг муносабати, шарҳларидир. Бундай муносабат олиш учун энг қулай инсон – бу кўчадаги йўловчи.

AКТУАЛ ОВОЗ: ҳодиса жойини аниқ кўрсатиб берадиган ва ҳикояни тўла очиб беришда ёрдам берадиган ўша жойда ёзиб олинган муҳим овозлар. Портлаш ёки бетакрор маъруза ҳақида ўйланг.

ЖОЙ ОВОЗИ: тингловчиларга худди ўша жойнинг ўзига бориб қолгандек тасаввур берадиган “фон” товушлари. Бу маҳаллий тилда сўзлашаётган инсонларнинг суҳбатлари ёхуд биргаликда қўшиқ куйлаётган футбол ишқибозларининг овозлари бўлиши мумкин.

АТМОС: атмосфера: яна воқеа ҳикоя қилинаётган жойга бориб қолгандек тасаввур берадиган “фон” товушлари – автомобиллар қатновининг шовқини, денгизнинг шовуллаши ва ҳоказолар. Тингловчиларингизнинг “саёҳат қилишларига” имконият беринг.

МУСИҚА: Аудиопакетингизда мусиқадан фойдаланмоқчи бўлсангиз, ўзингизга-ўзингиз савол беринг: мусиқа сизнинг мавзунгизга мос тушадими? Агар мос тушса, фойдаланинг. Мусиқа пакетингизни янада “очиб юбориши” ҳам, бузиб қўйиши ҳам мумкин.

Дебочада нималар бўлиши керак?

Дебоча сизнинг пакетингизни таништиришдир. Дебочани сиз ёзинг, уни дастур бошловчиси сизнинг ёзиб тайёрланган пакетингиз эфирга узатилиши олдидан ўқиб эшиттиради. Аудионгиз веб-сайтга қўйилганда деьочангизнинг матнини интернет саҳифада ўқиш мумкин бўлади, шундай экан, матнингиз имлосига эътибор беринг.

Одатда кириш сўзида қуйидагилар бўлади:

  • ушбу ҳикоя нима ҳақида экани
  • нима учун муҳимлиги
  • ким ҳикоя қилади – сизнинг исми-шарифингиз, чунки бу аудиопакетни тайёрлаган репортёр сизсиз.

Ҳали пакетингизни тайёрлашдан илгари тўғри дебоча ёзишга интилинг, бу нарса сизга пакетингиздан кўзлаган муддаоингизга диққат қаратишга кўмаклашади.

Клиплар борасида нималарни билиш муҳим?

Клиплар сифати: овозлар қанчалик юқори сифат билан ёзилган бўлса, натижа шунчалик яхши бўлади. Энг яхши клиплар юзма-юз интервю пайтида ёзиб олинган овозлар ёки студиядаги интервюлардан олинади.

Бугунги кунда телефон орқали ёзиб олинган интервюларсиз радиоэшиттириш тайёрлашнинг имкони йўқ, аммо сифати паст телефон мулоқотидаги овозлардан воз кечинг: тингловчиларнинг бундай сифатдаги клипларни тушунишлари қийин бўлади.

Шунингдек, чўзилиб кетган, узуқ-юлуқ клипларни ҳам инкор этинг. Таъсири яхши бўлиши учун энг яхши, энг мазмунли клипларни танланг. 

Менга яна қандай овозлар керак?

Материал тўплаш учун чиққан пайтда имкон қадар кўпроқ ўша муҳитга оид овозларни ёзиб олишни ўзингизга одатга айлантиринг.

Ушбу овозлар билан манзарани тасвирлашга ҳаракат қилинг – бозор, темирйўл станцияси ёки театр. Бу овозларни “ўйнатиб” тингловчини жалб қилинг, уларни қизиқтириб қўйинг, эътиборини ушлаб туришга интилинг.

Балки сиз ёзиб келган овозларингизнинг аксаридан фойдаланмассиз, аммо ёзиб олинган овоз кам бўлиб қолганидан кўра, овозларнинг кўплиги афзал.

Аудиопакет тайёрлашнинг устунлиги нимада?

Турли мақсадларни кўзлаб сиз пакет тайёрлашингиз мумкин:

  • Мураккаб бўлган ҳодисанинг тўла манзарасини очиб бериш учун
  • Турли тасвирлар, баҳолар, шарҳ ҳамда таҳлиллар мавжудлигини намойиш этиш мақсадида
  • Бетакрор, ўзига хос овозлар билан борган жойингизни тасвирлаб бериш, тингловчиларнинг “ўша жойда бўлиш”ларига имконият яратиш учун
  • Атмосфера ва ранглар билан лавҳани жонлантириб юбориш учун
  • Ранг-барангликни бир лавҳада кўрсатиб бериш ёки дастур ранг-баранглигини таъминлаш мақсадида.

Аудиопакетни тайёрлашга киришиш

Мана энди сиз аудиопакет таркибий қисмлари ҳақида етарли маълумотга эга бўлдингиз ва уларни уйғунлаштиришни бошлашингиз мумкин. Бу ўринда ҳам эътиборга олиниши, мулоҳаза юритилиши лозим бўлган қатор масалалар борки, улар пухта тайёргарликни талаб қилади. Яхши пакет тайёрлаш учун қуйидаги ўнта жиҳатни эътиборга олинг:

  • Журналистика жуда муҳим соҳа, шунинг учун сизнинг лавҳангизда энг аҳамиятли масала нима эканлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Пакетингиз кириш сўзини ёзиб олинг ва у ўз фокусингизни нимада ушлаб туришингиз лозимлигини ёдга солиб туради.
  • Ёзиб келган интервюларингизни эшитиб чиқинг ва клиплар танланг
  • Ўзингизнинг матнингизни – клипларни бир-бирига боғлайдиган линкларингизни ёзинг
  • Ўйлаб кўринг – сизга ҳодиса жойида ёзилган линк (‘stand ups’) керакми-йўқми?
  • Атмос ва актуал овозларни ёзиб олинг – ўзига хос овозлар тингловчиларни худди сиз билан бирга юргандек тасаввур беради
  • Сизга мусиқа керакми ёки йўқлиги ҳақида жиддий ўйлаб кўринг. Аксар ҳолатларда мусиқанинг ҳожати йўқ. Зарурлигига шубҳалансангиз, ундан воз кечинг
  • Ўзингизнинг матнингизнинг якуний шаклини ёзиб тугатинг. Матнни овоз чиқариб ўқиб кўринг ҳамда клипларни “ўйнатинг”. Ҳаммаси биргаликда кўнгилдагидек чиқаётганига ишонч ҳосил қилинг. Ўзингизга маъқул келса, линкларингизни ёзишни бошланг.
  • Аудиопакетингизнинг барча таркибий қисмлари тайёр бўлганидан кейин пакетни монтаж қилган афзал
  • Пакетингизнинг якуний шаклини бирор кишига эшиттириб кўринг, агар ўзгартириш зарур бўлса, бу ўзгартиришларни пакет монтажидан олдин киритинг
  • Яна дебочангизга қайтинг, зарур бўлса, уни қайта ёзиб чиқинг.

Ҳаммаси жойидами?                 

Энди сизнинг аудиопакетингиз муҳокама этилади, аммо ушбу ижодингиз намунаси яхши қарши олинганини қаердан билиш мумкин? Яхши пакетни синовдан ўтказишнинг бир неча усули бор. Уларни асос сифатида қабул қилинг, ўшанда хато қилмайсиз:

  •  Дебоча тингловчига ушбу лавҳа нима ҳақида эканини маълум қилиши, тингловчига бу пакетни эшитиш нима учун муҳимлигини уқтириши лозим
  • Пакет тингловчиларнинг эътиборини дарҳол ўзига жалб этадиган нарсадан бошланиши керак
  • Пакет информатив бўлиши лозим ҳамда сиз мавзуни аниқ ҳикоя қилишингиз керак
  • Клиплар сифати юқори бўлиши, тингловчиларнинг тушунишлари учун осон бўлмоғи лозим
  • Пакет Би-би-сининг Таҳририй мезонларига мос бўлиши шарт. Ўзингизга ўзингиз савол беринг: пакетим ҳаққонийми, аниқ ва холисми?
  • Пакет тингловчини жой овозлари, атмосфера товушлари билан ўша жойга олиб бориши зарур.

 

Ходим сифатида кириш

Марҳамат қилиб кутиб туринг! Биз сизнинг Би-би-си ички тармоғига уланганингизни текширмоқдамиз

Афсус, биз сизнинг Би-би-си ички тармоғига уланганингизни тасдиқлай олмаймиз.

  • Чиндан ҳам Би-би-си ички тармоғига уланганингизга ишонч ҳосил қилинг!
  • Сиз уланишга ҳаракат қилаётган линк тўғрилигига ишонч ҳосил қилинг!
Ёпинг ва давом эттиринг

Би-би-си тармоғига кирганингиз тасдиқланди

Ёпинг ва давом эттиринг