Покистондаги намойиш: телевидение ҳукумат қўлида

  • 1 Сентябр 2014
Покистонда мана икки ҳафтадурки намойишлар давом этмоқда

Покистон миллий телевизион канали, аксил-ҳукумат намойишчилари унинг Исломободдаги биносидан хавфсизлик кучлари томонидан қувилгач, қайта ҳавога чиққан.

Телевидение қароргоҳи намойишкорларнинг қўлига ўтганидан сўнг ҳукумат тарафидан у ерга қўшинлар юборилган эди.

Эртароқ полиция ва намойишкорлар орасида кўплаб тўқнашувлар юз берган.

Имрон Хон ҳамда уламо Тоҳир Қодирий ҳаракатларига мансуб намойишчилар Бош Вазир Навоз Шарифнинг истеъфосини талаб қилиб кўчаларга чиқишган.

Улар Навоз Шарифни сайлов натижаларини бузганликда айблашмоқда.

Покистон Бош вазири бу айбловларни рад этмоқда.

Имрон Хон ва Тоҳир Қодирий ўз тарафдорларини тинчликка чақириб, армия билан ҳамкорлик этишга ундашмоқда.

Бу намойишлар иккинчи ҳафта давом этмоқда.

Душанба кунидаги тўқнашувларда бир қанча полиция ходими яраланган.

Ғазабнок намойишчилар таёқлар билан қуролланиб йўлларга чеп сифатида қўйилган контейнерларга ўт қўйишган.

Маълумки, бултур ўтган сайловлар Покистон тарихида илк бор тинчлик билан ҳокимиятнинг қўлдан қўлга ўтишини англатган эди.

Уларда Навоз Шариф аксарият овозларни қўлга киритган эди.

Би-би-си мухбирларининг айтишича сайловлар нисбатан холис ўтган.