'Россиянинг тўғридан-тўғри тажовузи Оврўпо Иттифоқини хавотирга солмоқда'

  • 30 Август 2014
Пётр Порошенко ва Жозе Мануэл Баррозо

Оврўпо Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Россиянинг "Украинага қарши тажовузи"идан "чуқур хавотир" билдиришган. Айни пайтда иттифоқ раҳбарлари Москвага қарши янги жазо чораларини муҳокама этиш учун Брюсселда тўпланишмоқда.

Миландаги вазирлар йиғинидан сўнг гапирган Оврўпо Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича вакили Кэтрин Эштон Россияни "Украинадан ўз кучларини олиб чиқиб кетиш"га ундаган.

Россия ўз қўшинлари Украинадаги исёнкорларни дастаклаб жангга киргани ҳақидаги хабарларни рад этиб келмоқда.

Аммо, Баронесса Эштон "Россия кучларининг тўғридан-тўғри тажовузи" жиддий хавотирларни уйғотаётганини айтади.

Эштон хоним Россияни қуроллар, асбоб-ускуна ва ҳарбийларни Украинага киритишни тўхтатишга чақирган.

Оврўпо Комиссияси Президенти Жозе Мануэл Баррозо иттифоқ "ўз тамойилларига содиқ туриши"га тайёрлигини айтган ва Россияни "ортга йўл қолмаган нуқта"га етишдан олдин инқирозга сиёсий ечим топишга ундаган.

У ҳақда Брюсселга Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари саммитига иштирок этиш учун борган Украина президенти Пётр Порошенко билан музокаралардан сўнг гапирган.

Аввалроқ, ОИ мулозимлари йиғиндан олдин Россияга вазиятни таранглаштирмаслиги учун жиддий огоҳлантириш берилиши ҳақида айтгандилар.

Айни пайтда Украинанинг Донецк минтақасида бир неча ҳукумат қўшинлари исёнкорлар томонидан ўраб олинган.

Хабарларга кўра, исёнкорлар Иловайск шаҳарчасида Украина ҳукумати қўшинларига шанба куни тонгга қадар таслим бўлиш шартини қўйишган.

Донецк ва Луганск вилоятларида бугунга қадар 2600 киши қурбон бўлган.

Зиддиятлар апрел ойида Россия Қримни ўзига қўшиб олиши билан ибтидо топган эди.

Брюсселдаги учрашувлар бошланишидан аввал Украина президенти Пётр Порошенко Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари билан учрашиши кутилмоқда.

Порошенко жаноблари Кремлга қарши кескинроқ чоралар қўллаш лозимлигини урғулайди ва кейинроқ саммитда чиқиш қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ