'Бачабозлик ҳақида очиқ гапиришнинг вақти етди'

  • 20 أغسطس/ آب 2014

Бундай ташаббус билан Афғонистон мустақил Инсон ҳуқуқларини сақлаш ҳайъати чиққан.

Ҳайъатнинг айни муаммога бағишланган илк расмий ҳисоботида айтилишича, Афғонистонда бачаю бачабозларнинг сони янада ортган, қонунчиликдан эса, асар ҳам йўқ.

Янги ҳисобот тафсилотларидан аён бўлишича, бачабозлик билан боғлиқ вазият, айниқса, Афғонистоннинг нотинч вилоятларида жуда жиддий.

Ҳайъат масъулларига кўра, бугун бачаликка дучор бўлаётганлар орасида 10 ёшли боладан тортиб, 18 яшар йигитгача бор.

Ночорлик, қаровсизлик, ҳимоясизлик ва саводсизлик эса, уларни ушбу муаммо гирдобига ташлаётган асосий муаммолар экан.

Афғонистонда қадим бачабозлик анъанасининг авж олишига сабаб бўлаётган омилларнинг ўзи бугун қонунсизлик, қашшоқлик ва қурол кучининг ҳукмронлиги каби уч сўзда жам бўлади.

Ҳисобот муаллифларига кўра, бачалик қилишга мажбур болалардан деярли ҳеч бири мактабга бормайди.

Ҳайъат тадқиқотларидан маълум бўлишича, бачабозларнинг аксариятини 41 ёшдан 55 ёшгача бўлган оилали эркаклар ташкил этишади.

Уларнинг ярмидан кўпроғи оддий одамлар экани, аммо ораларида сармоядорлар, оқсоқоллар ва қўмондонларнинг ҳам борлиги айтилади.

Ҳайъат раҳбари Воҳидуддин Арғуннинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, бачабозлардан 90 фоизга яқини қилаётган иши жиноят эканини билмайди.

Янги тадқиқотнинг ўзи эса, Афғонистоннинг 34 вилоятидан ярмида олиб борилган.

Текширувлар жараёнида 22.000 киши, жумладан, бача ва бачабозларнинг ҳам фикрлари ўрганилган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, муаммонинг кўламига қарамай, Афғонистонда бачабозлик жиноят сифатида кўрилмайди ва расман жазо ҳам кўзда тутилмаган.

Жамиятда азал-азалдан ошкора бўй кўрсатиб келаётганига қарамай, бу ҳақда очиқча гапириш ҳам маъқул кўрилмайди.

Афғонистоннинг очиқ сири эса-да, бачабозлик "ўта ҳассос ва ошкора гапирилмайдиган" мавзулардан саналади.

Маҳаллий фаоллар бачабозлик билан кўп одам шуғулланиши, аммо очиқча айтишга келганда, чурқ этиб оғиз очадиганлар деярли топилмаслигини таъкидлашади.

Афғонистон мустақил Инсон ҳуқуқларини сақлаш ҳайъатининг айтишича, янги ҳисоботлари билан ана шу "табу"ни синдиришмоқчи.

Бачабозлик муаммосига афғон ҳукуматининг жиддий эътиборини тортиб, зўравонларнинг жазоланиши ва қурбонларнинг ҳар томонлама муҳофаза этилишига эришишмоқчи.

Фақат ҳайъат эмас

Афғонистондаги бачабозликнинг ҳозирги кўлами яқинда Ғарбнинг қатор нуфузли нашрлари эътиборини ҳам ўзига тортганди.

Улар Толибон тузуми қулатилиши ортидан Афғонистонда бачабозлик кўлами кишининг ақлини шоширадиган даражага етгани ҳақида ёзишганди.

Аммо, кишининг ақлини шошириш даражасида дейилганда ҳам, муаммонинг бор кўламига аниқлик киритиши мумкин бўлган ишончли маълумотлар йўқ.

Washinton Post ва Foreign Policy каби нашрларга таянилса, бачабозлик кўлами ҳозир Афғонистоннинг ушбу муаммо одатий тус олган жануби қолиб, шимоли ва ҳатто, пойтахт Кобулга қадар етиб борган.

Бирлашган Миллатларнинг экспертлари эса, бачабозлик билан боғлиқ мавжуд вазиятни назарда тутиб, "Толибон тузуми даврида қонунлар яхшироқ ишлаши"ни эътироф этиш даражасига боришганди.

Афғонистондаги бачабозлик муаммоси, ҳаттоки, АҚШ Давлат департаментининг сўнгги йиллик ҳисоботларида ҳам тилга олинади.

Foreign Policy журнали эса, ҳаттоки, 2002 йилда чоп этилган айрим мақолаларга таяниб, 90-йиллар бошларида Толибоннинг қудратга келишига ҳам айнан бачабозлик ҳолларидан нафрат сабаб бўлгани ҳақида сўз юритганди.

Агар, ушбу журналда босилган сўнгги мақола тафсилотларига таянилса, бачабозлик бугунга келиб, Афғонистоннинг аксарият ҳудудларида маълум бир тартибга ҳам тушиб улгурибди.

Аксарият бачалар қудратли эркак ҳамроҳларининг ярим расмий ёрдамчиларига айланишган, деб ёзилади ушбу мақолада.

Аён бўлишича, бугун Афғонистонда салмоқли сондаги ҳукумат, полиция мулозимлари ва ҳарбийлар бача тутишади.

Охирги пайтларда бўй кўрсатаётган бу каби мақолаларда айтилишича, бачабозлик минглаб қурбонларини бир умрга руҳан майиб қилиш баробарида Афғонистоннинг рисоладагидек бир давлатга айланишига ҳам имкон бермайдиган муаммо кўринишини олган.

Аммо, шунга қарамай, муаллифларнинг бирдек эътироф этишларича, бачабозликнинг олдини олиш йўлида на-да халқаро ҳамжамият ва на-да афғон ҳукумати деярли бир иш қилган.

Катта сондаги афғон болалари эса, 13 йилдан буён янги афғон ҳукумати амалда эканига қарамай, бачабозлик муаммоси қаршисида ожиз ва ҳимоясиз қолишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ