Украина: Луганскдан қочаётган одамлар ҳалок бўлишди

  • 18 Август 2014

Украина армияси билдиришича, мамлакат шарқидаги Луганск вилоятидан қочқинларни олиб чиқаётган машиналар ракеталар ва миномётлар билан ўққа тутилиши оқибатида кўплаб одамлар ҳалок бўлишган.

Новосвитливка қишлоғи яқинида юз берган мазкур ҳужум учун Украина Россияпараст исёнчиларни айблади, аммо исёнчилар айбловларни рад қилишди.

Исёнчиларнинг матбуот маркази Луганскда оғир қуроллар билан қақшатқич жанглар кетаётганини хабар қилди.

Украина қўшинлари ҳали ҳам исёнчилар қўлидаги Луганск ташқарисига жойлашиб олганлар. Луганскда эса озиқ-овқат ва сув заҳиралари тугаб бораяпти, электр таъминоти кўп жойларда узилган.

Ҳарбий воиз Андрий Лисенко Россия қуроллантирган "жангарилар" Луганск шарқидаги йўлда кетаётган қочқинлар карвонини миномётлар ва Град ракеталари билан нишонга олишганини айтди.

"Кўп одамлар ўлдирилди, улар орасида аёллар ва болалар ҳам бор", - деди у.

Бошқа ҳарбий воизнинг айтишича, одамлар машиналар ичида тириклайин ёниб кетганлар.

Ўзини "Донецк Халқ Республикаси" дея эълон қилган ҳудуд воизи Андрей Пургин исёнчилар карвонга ҳужум қилишганини рад этди.

"Украинларнинг ўзлари мунтазам равишда бу йўлни учоқлар ва Град ракеталар билан ҳужумга олишади. Афтидан улар яна кўпроқ оддий фуқароларни ўлдиришди, ҳудди охирги бир неча ойда давом этиб келаётгани каби", - деди у.

Украин қўшинлари Луганскка яқинлашар эканлар, ҳар куни юзлаб оддий фуқаролар шаҳарни ташлаб қочишмоқда.

Луганск ва Донецк вилоятлари ўзларини "Халқ Республикалари" дея май ойида эълон қилишларидан бери илк марта Луганскдаги полиция идораларидан бирида якшанба куни украин байроғи қайта кўтарилган.