Сўров: ‘Путиннинг обрўси ошгандан ошиб бормоқда’

  • 9 Август 2014

Янги сўров натижаларига таянилса, ҳозирга келиб, қарийб 90 фоиз россиялик президент Владимир Путинни қўллаб-қувватлайди.

Сўнгги сўров Россиядаги йирик “Левада” мустақил омма фикрини ўрганиш маркази томонидан олиб борилган.

Социологларга кўра, 2008 йилдан буён жаноб Путиннинг обрўси бунчалар юксакликларга кўтарилмаган.

Аён бўлишича, буларнинг барчасига, ойларки, ўз ечимини топмай келаётган Украина инқирози сабаб бўлмоқда.

Ғарб Украинадаги воқеаларга расмий Кремлнинг агрессив сиёсати сабабчи эканини даъво қиларкан, сўнгги ойларда Россияни ҳар томондан иҳоталаб қўйишга зўр берган.

Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ Россияга нисбатан устма-уст жазо чоралари жорий этишга киришган.

Аён бўлишича, президент Путиннинг Россиядаги обрўси худди шу манзарада ўзининг рекорд нуқтасига етган.

Бу борада Россия Бош вазири Дмитрий Медведев ҳам жаноб Путинга ета олмаган.

Россияликларнинг етмиш фоиздан сал ортиқроғи ўз Бош вазирларининг шу кунлардаги фаолиятини маъқуллашларини билдиришган.

Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, аҳолисининг учдан икки қисмидан ортиқроғи жорий пайтда Россия “тўғри йўлдан бораётгани”га ишонаркан.

“Левада” мустақил омма фикрини ўрганиш марказининг янги сўрови шу йилнинг 1-4 август кунлари Россиянинг 134 шаҳрида икки мингга яқин киши орасида олиб борилган.

Ва яна

Янги сўров айнан Украина инқирози манзарасида Россияда Ғарбга қарши кайфиятлар ҳам ўзининг қиёмига етганига далолат қилган.

Дейлик, шу йил бошида АҚШга хайрихоҳ бўлган россияликларнинг сони 43 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирга келиб бу рақам 18 фоизга ҳам етиб-етмаслиги маълум бўлган.

Ўтган саккиз ой ичида Америкага салбий муносабатда бўлган россияликларнинг миқдори ҳам кескин ортган.

Дейлик, январ ойида Россия аҳолисининг 44 фоизи Американинг сиёсати менга ёқмайди, деган бўлса, бугун 74 фоизи худди шундай қарашда экан.

Марказ мутахассислари таҳлилига кўра, бунга аввалига Украинада москвапараст президент Виктор Януковичнинг қудратдан ағдарилиши сабаб бўлган.

Яқинда Украина шарқида Малайзия йўловчи учоғининг уриб туширилиши ортидан, расмий Москва ва Ғарб орасидаги муносабатларнинг кескин совиб кетиши эса, Россияда АҚШ обрўсининг буткул тушиб кетишига олиб келган.

Марказ томонидан шу йил июл ойида ўтказилган бошқа бир сўров аксарият россияликларнинг Украина инқирозида Ғарбни айблашларига далолат қилганди.

Худди шу сўров натижаларидан аён бўлишича, Оврўпо Иттифоқига ёвқараш мавқеъда бўлган россияликларнинг сони ҳам шу йил бошидан буён қарийб икки баравар(30%-60%)га ортиб кетган.

Бошқа томондан, Россияда Украинага дўстона муносабатда бўлганларнинг фоизи ҳам тенг ярмига (66%-33%)га қисқарган.

Мамлакат аҳолисининг саксон фоизга яқини эса, Россия ва Украина орасидаги бугунги муносабатларни “душманона ва танг”, деб баҳолаган.

Худди шундай фикрда бўлганларнинг аксариятига кўра, буларнинг барчасига янги украин ҳукумати сабабчи.

Икки қўшни давлат орасидаги алоқаларнинг буткул издан чиқишида Россияни айблаётганлар сони эса, сўров иштирокчилари орасида бор-йўғи 1 фоизни ташкил этиши маълум бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02