Исроилнинг Ғазога ҳаво ҳужумлари қайта бошланди

  • 8 Август 2014

Исроилнинг маълум қилишича, жума куни эрталаб уч кунлик оташкесим тугаши ортидан фаластинлик жангарилар ракета отишни бошлашларига жавобан Ғазога қарши ҳаво ҳужумлар ҳам жонланган.

Исроил Мудофаа вазирлиги ракета ҳужумлари қайта бошланишини "қабул қилиб бўлмас, чидаб бўлмас ва узоқни кўра билмаслик амали" дея таърифлаган.

Ғазо бўлгасини назорат қилувчи Ҳамас гуруҳи Исроил уларнинг талабаларини бажармаганлиги туфайли оташкесим муддатини узайтиришдан бош тортишини маълум қилганди.

Ғазога қарши тўрт ҳафта давомида амалга оширилган ҳужумлар аксари тинч аҳоли вакиллари бўлган 1890 фаластинликнинг умрига зомин бўлди.

Исроил расмийлари эса, ўзлари тарафда 64 аскар, икки фуқаро ва бир тайландлик ишчи нобуд бўлган.

Исроил ҳужумларни июл ойи бошларида Ҳамаснинг ракета ҳужумларига жавобан ва ўз ҳудудига жангарилар кириб келишини таъминловчи ер ости йўллари тизимини вайрон қилиш мақсадида, дея бошлаганди.

Фаластин расмийларининг айтишларича, жума куни қайта бошланган Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазо шаҳридаги масжид яқинида 10 ёшли бола ҳалок бўлган.

Уч кун аввал оташкесим эълон қилинаркан, Исроил ўз ҳарбий амалиётларидан кўзланган мақсадга эришганини айтиб, Ғазодан қўшинларини олиб чиққанди.

Фаластинлик жангарилар оташкесим муддати тугаши билан, жума куни маҳаллий вақт билан соат 8 ларда ракета отишни қайта бошлаганлар.

Исроилнинг маълум қилишича, Ҳамас томонидан камида 35 ракета отилган.

Мудофаа вазирлигигига кўра, "Темир гумбаз" мудофаа тизими ракеталардан учтасини даф қилган, қолганлари очиқ майдонга келиб тушган.

Кўплаб фаластинликлар яна уйларини ташлаб чиқа бошлаганлар.

Оташкесим муддатини узайтириш бўйича музокаралар пайшанба куни тунгача давом этган, лекин боши берк кўча ҳолатига келиб тўхтаган.

Ҳамаснинг айтишича, Исроил томони Ғазо қамалини бекор қилиш, фаластинлик маҳбусларни озод қилиш ва ҳужумларни тўхтатиш каби талабларни бажаришдан бош тортган.

Ўз навбатида, Ҳамас Исроилнинг Ғазо бўлгасидан қурол-яроғларни бутунлай олиб чиқиш талабини рад этган. Ҳамас воизига кўра, гуруҳ узоқ муддатли урушга тайёрдир.

Исроил расмийлари оташкесимни узайтириш хоҳишини изҳор этганларини билдириб, зўравонликларнинг янги давраси бошланиб кетишида Ҳамас гуруҳини айблаганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02