БМТ Ғазода зудлик билан оташкесим ўрнатилишига чақирди

  • 28 Июл 2014
На Исроил, на Ғазо БМТ чақириғини ҳуш қарши олди

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазода "зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз оташкесим" эълон қилинишига чақирган.

Фавқулодда ўтказилган мажлисда чиқарилган баёнотда мусулмонларнинг Ийд ал-Фитр байрами чоғида ва ундан кейин ҳам ярашув давом этишига чақирилади.

БМТдаги ҳам Фаластин ва ҳам Исроил элчилари турли сабаблар билан мазкур баёнотни танқид қилдилар.

БМТ баёнотида "фуқаролар ва инсонпарварлик иншоотлари, хусусан БМТ иншоотлари, ҳурмат қилиниши ва ҳимоя қилиниши" лозимлиги айтилади.

У, шунингдек, Ғазо бўлгасидаги оддий фаластинлиларга зудлик билан озиқ-овқат ва тиббий ёрдамлари берилиши заруратини кўзда тутади.

Ҳужумларда мингдан ошиқ ғазолик нобуд бўлган

Фаластиннинг БМТдаги элчиси Рияд Мансур баёнот етарлича қатъий бўлмаганини айтди ва Исроил Ғазодан қўшинларини олиб чиқишини талаб қилувчи алоҳида резолюция лозимлигини урғулади.

"Бу каби резолюция аллақачон қабул қилиниши керак эди, тажовуз қораланиши ва бу тажовуз зудлик билан тўхтатилишига чақириқлар чиқарилиши керак эди", - деб айтди жаноб Мансур.

Исроил номидан гапирган элчи Рон Просор эса Хавфсизлик Кенгашини бир томоннинг ёнини олишда айблади.

"Мўъжизага қаранг, баёнотда Ҳамас умуман тилга олинмаган. Ракеталар отилиши ҳам тилга олинмаган", - деди Исроилнинг БМТдаги элчиси.

Исроил ва Ҳамас ўртасидаги қисқа оташкесим туфайли Ғазо ўтган тунда нисбатан тинч бўлган.

Душанба тонгида Исроил армияси Исроил жанубидаги ҳудудга бир ракета келиб тушганини хабар қилди. Исроил тарафи бунга жавобан ўт очган.

Бир неча ҳафта давом этган қонли зиддиятда аксари оддий одамлар бўлган 1030 фаластинлик, 43 исроиллик аскар, икки исроиллий оддий фуқаро ва бир Тайланд фуқароси ҳалок бўлган.