Рус миллатчи файласуфи Дугин Украина билан урушни башорат қилмоқда

  • 10 Июл 2014
Дугин Украинадаги бўлгинчилик "рус руҳи"ни қайта уйғотганига ишонади

Ашаддий миллатчилик қарашлари билан танилган рус файласуфи Би-би-си билан суҳбатда Россия ва Украина ўртасида "уруш муқаррар"лигини айтган ва Президент Владимир Путинни Россиянинг "маънавий эътиборини қутқариш учун" Украина шарқига ҳарбий мудоҳала қилишга чақирган.

Александр Дугин-Россия Овросиё ҳаракатининг асосчиси. Унинг қарашлари Россиянинг урушга мойил элитаси ўртасида оммалашган, деб ишонилади. Яқин-яқингача у Москва Давлат Университети профессори ҳам эди. Аммо ўзининг айтишича, ҳозирда университетдаги мақоми мавҳум.

Дугиннинг айтишича, унинг қарашлари ўзгаргани йўқ, аммо қудратдагиларнинг унинг қарашларига муносабати ўзгараётган бўлиши мумкин.

Унинг геосиёсий назарияси марказида Россиянинг вазифаси АҚШнинг дунёдаги устунлигига қарши туришдир, деган ғоя ётади.

Дугиннинг фикрича, бунинг учун Москва Эронга ёрдам бериши, Оврўпода юксалиб келаётган овроскептиклар ёки интеграцияга ишонмайдиган кучларни дастаклаши керак.

Кўпчилик Президент Путинга катта обрў олиб келган Қримнинг Россияга қўшиб олиниши ортида айнан Дугин турган, деб ишонади.

Унинг айтишича, кейинги қадам Украина шарқига ҳарбий аралашув бўлиши керак.

Украинага нисбатан Дугининг Новороссия, яъни "янги Россия" иборасини Президент Путин ҳам ишлатган.

Дугин "рус руҳи" Украина шарқидаги бўлгинчилик кураши ёрдамида қайта уйғонганини айтади ва бу кўринишни "Россия баҳори" деб атайди.

Ушбу руҳнинг тимсоли исёнчи қўмондон Игор Стрелковдир. Дугин у ва Донецкдаги бошқа жангчилар билан доимий алоқада.

Москвадан телефон орқали тоза инглизчада гапирган Дугин "Россия баҳори" сўнаётганидан ҳавотир билдиради.

Унинг овозида безовталик бор: "Ҳамма ёқ ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Либераллар Путинга қарши, ватанпарварлар уни қўллаяпти-фақат агар у ватанпарварлик сиёсатини давом эттирса...

Дугиннинг айтишича, Путин тадориклангани сайин ҳар икки томоннинг ҳам қўллаб-қувватловини йўқотмоқда.

"Бу жуда хавфли ўйин. Аммо балки унинг ақлида бирон ечим бордир?".

Александр Дугин ҳали 2008 йилдаёқ, Россия-Гуржистон уруши пайти Қримни қўшиб олишга чақирган.

У баҳсли Жанубий Осетияга сафар қилган ва ракета отиш мосламаси билан суратга тушган.

Ўша воқеалар ҳақида гапираркан, Дугин Россия қўшинлари Гуржистон пойтахти Тбилисига қараб юриши керак эди, деб ҳисоблайди.

Унга кўра, шундан сўнг рус қўшинлари Президент Михаил Сакашвилини ағдариб, кейин "шундоқ ҳам Россиянинг бир қисми бўлган" Қримни забт этиши керак эди.

Бу каби қарашлар Украина ва бошқа собиқ совет давлатларидаги кўпчиликни ранжитиши табиий.

Авваллари россияликларнинг кўпчилиги учун ҳам бу қарашлар "ҳаддан ташқари" эди.

Аммо ортиқ ундай эмас.

'Либерал соя'

"Бу жуда хавфли ўйин. Аммо Путиннинг ақлида бирон ечим бордир?".

Қрим Россияга қўшиб олингач, Президент Путиннинг рейтинги 86 фоизга кўтарилиб кетди.

Москвадаги "Левада-центр" мустақил омма сўрови марказига кўра, россияликларнинг учдан икки қисми Украина шарқидаги бўлгинчиларни қўллаб-қувватлайди ва Москва уларни дастаклаши керак, деб ҳисоблайди.

Ҳозирда Украина ҳукумат кучлари Донецк ва Луганскдаги бўлгинчиларга қарши ҳужумларни кучайтирар экан, Дугин Президент Путиннинг қўшин киритишни истамаётганида "либераллар"ни айблайди.

Унинг наздида "либераллар" асосан, 1990-йилларда бойлик орттирган ишбилармонлардир. Агар Россияга қарши жазо чоралари кучайтирилса, энг кўп ўшалар йўқотишади, чунки "жаҳон иқтисоди билан уйғунлашиб бўлишган".

Президент Путиннинг тараддудланиши, Дугиннинг фикрича, Россия ҳукумати ва Путиннинг ўз зеҳнидаги ички кураш билан боғлиқ.

"Бу бир тарафдан ватанпарвар, православ ва анъанадор кучлар, иккинчи тарафдан эса, либерал ўртасидаги курашдир".

Унинг назарида либераллар ҳам катта кучга эга.

Пировардида, Дугиннинг ўйлашича, Владимир Путиннинг бир-бирига қарама-қарши иккита томони бор.

"Путиннинг ватанпарвар қисмини кўпчилик россияликлар қўллаб-қувватлашса, унинг "либерал сояси"ни сиёсий элитанинг катта қисми, олигархлар ва Бош вазир жаноб Медведев дастаклайди".

Россияликларнинг аксарияти 1990-йиллардаги бошбошдоқлик учун "либерал элита"ни айблайди ва унга ишонмайди.

Кўпчилик руслар Александр Дугиннинг жанговар ватанпарварлик ҳақидаги янги "бренди"ни фақат сўздагина қўллаб-қувватлашмайди.

Улардан баъзилари ўзлари қурол сотиб олиб, шарқий Украинадаги исёнчиларга ҳам қўшилмоқдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02