Эдуард Шеварднадзенинг сиёсий ҳаёт йўлига назар

  • 7 Июл 2014
Ошкоралик тарғиботчиси...

Эдуард Шеварднадзе 86 ёшида вафот этди. Шеварднадзе 1985 йил Михаил Горбачев томонидан СССР ташқи ишлар вазири этиб тайинланмагунга қадар ташқи дунёга мутлақо нотаниш сиёсатчи эди.

Ташқи ишлар вазири сифатида тажрибасизлигига қарамай, у ислоҳотларни амалга ошириш истагида собит арбоб ўлароқ ном қозонди.

У ядровий уруш хавфини сезиларли даражада камайтирган қуролсизланиш бўйича келишувларда етакчилик қилади.

Кейин ўз ватани Гуржистон раҳбари этиб тайинланаркан, коррупцияга боғлиқ айбловлар билан қудратдан ағдарилганди.

Эдуард Шеварднадзе 1928 йил 25 январда Трансқофқоз Совет Федератив Социалистик Республикасининг Ланчхути шаҳрида таваллуд топганди.

Коррупцияга қарши курашчи

Собиқ Совет Иттифоқининг мазкур ҳудуди Арманистон, Озарбайжон ва Гуржистонни ўз ичига олганди.

Эдуард Шеварднадзенинг отаси ўқитувчи, шу билан бирга садоқатли коммунист эди.

Аммо, онаси бу ғояни дастакламаган. У ўз эри, кейинроқ ўғлини сиёсий фаолиятдан воз кечишга ундаган.

Эдуард Шеварднадзе 1946 йил Коммунистик Партиянинг ёшлар ҳаракатига қўшилади. У хизмат пиллапояларидан тез кўтарилади ва 1972 йил Гуржистон партияси раҳбарига айланади.

1970 йиллар у бюрократияга қарши кураш олиб боради ва нисбатан эркин бозор ислоҳотларини жорий этади.

Шеварднадзе, айниқса, Коммунистик Партия ичидаги коррупцияга қарши туради. У юзлаб расмийларнинг қимматбаҳо машиналари, вилларини тортиб олади ва яна кўпларини ишдан қувади.

Совуқ Урушга барҳам бериш йўлида Михаил Горбачев билан елкама елка...

Эдуард Шеварднадзенинг ислоҳотлари ҳақиқатдан ҳам мисли кўрилмаган эди. Баъзиларга кўра, "гласность" - ошкоралик 1980 йиллар Горбачев тарафидан эмас, балки 1970 йиллар Шеварднадзе томонидан жорий этилганди.

Совуқ уруш ниҳоясида 1985-1990 йилларда жаноб Шеварднадзе Совет Иттифоқи ташқи ишлар вазирлигини бошқарган ва СССР ташқи сиёсатидаги туб ўзгаришларга ичкаридан туртки бўлганди.

Истеъфо

Ташқи ишлар масалаларда тажрибасиз Шеварднадзе Советларнинг янги "гласность и перестройка" - ошкоралик ва қайта қуриш сиёсати элчисига айланади.

У қурол-яроғ назорати бўйича ўта аҳамиятли келишувлар бўйича музокаралар олиб боради. Улардан бири ядровий қуролсизланиш бўйича шартнома эди.

У Шўро қўшинларини Афғонистондаги қонли урушдан олиб чиққанди. Совет ҳарбий ҳозирлигини якунига етказиш билан "Темир Парда" ортидаги мамлакатлар - Шарқий ва Марказий Оврўпо давларининг мустақиллигига йўл очганди.

2010 йилги интервюсида: "Биласизми, ... ўшанда биз дунёни том маънода ўзгартиргандик... ва бунда асосий олқишлар Горбачевда кетди", деган эди.

Москванинг Ғарб билан янги илиқ муносабатлари тарафдори ва АҚШ Давлат котиби Жеймс Бекернинг дўсти Эдуард Шеварднадзе ўз либерал қарашлари билан мамлакат ичкарисидаги қаттиққўл сиёсатчилар орасидан душманлар орттирганди.

1990 йил декабрида у кутилмаганда истеъфо берган, бу ҳатто, Президент Горбачевни ҳам ҳайратда қолдирганди.

Шўро раҳбари анъанадор унсурларга ўрин бераётганидан ҳушёр тортган Шеварднадзе СССРга диктаторлик соя солаётгани борасида огоҳлантирганди.

Саккиз ой ўтиб, 1991 йил августида танклар Москва кўчаларига ўрмалаб кираркан, жаноб Шеварднадзенинг башорати тўғри чиққанга ўхшарди.

Қусурлар...

У фитначиларга қаршилик кўрсатиш учун Борис Елциннинг баррикадалар қуриш таклифини қўллаб-қувватлайди.

Хунта бир неча кун ичида мағлубият билан якун топади. Шеварднадзе яна бир ой, энди тарқалиб кетаётган Совет Иттифоқига ташқи ишлар вазири бўлади.

Унинг она ватани Гуржистон ҳам Шўро давлати таркибидан ажралиб чиқаётган ва гуруҳлар орасида зўравонликлар бошланаётганди. Шиддатли тус олган ички уруш мамлакатда озиқ-овқат ва ёқилғи тақчиллигини келтириб чиқарганди.

Шеварднадзе 1992 мартида, Гуржистон президенти қочиб қолгач, пойтахт Тбилисига қайтади.

Раҳбарлик учун сайловларда қаршиликка учрамайди, аммо кейин у ҳатто ўз парламентида тартиб ўрнатишга қийналади.

Шеварднадзе қонли фуқаролар урушини бостиришга муваффақ бўлади, бироқ мамлакат беқарорлигича қолади.

Эдуард Шеварднадзе 1995 йил суиқасд уринишидан омон қолганди

1995 йил, суиқасд уринишидан омон қолганидан кўп ўтмай, у Гуржистон президенти этиб сайланади.

Мамлакат ичкарисидаги бўлгинчилик муаммосидан ташқари жаноб Шеварднадзе Баку нефт майдони яқинида ўтган ўта муҳим қувур туфайли қўшни давлатлар билан ҳам сиёсий низоларга дуч келади.

Бироқ, коррупция илдиз отган бир пайтда Шеварднадзе ўзини кўпроқ сиёсий ислоҳотлар борасидаги чақириқлар қаршисида ожиз кўради.

Ниҳоят, 2003 йил Гуржистоннинг баҳсли президентлик сайловларида ғалаба қозониши ортидан вазият ўзгариб кетади - у оммавий инқилоб билан қудратдан ағдарилади.

Гуржистон парламентига бостириб кирган танқидчилари Шеварднадзени ўзи ишдан олганлар каби коррупцияга ботган ва аксилдемократликда айблашади. Унинг истеъфодан бошқа чораси қолмаганди.

"Менинг ўйлашимча", - дейди у, - "менинг истеъфом қон тўкилишини олдини олиш учун ягона йўл эди".

Эдуард Шеварднадзе 2013 йилги сайловда овоз бермоқда

Эдуард Шеварднадзе ўзининг бағрикенглиги билан ўзидан олдинги СССР ташқи ишлар вазири Андрей Громикодан фарқ қилган.

Шеварднадзе ўзининг халқаро обрўси билан Гуржистонга лойиқ раҳбар эди. Айни пайтда у янги сиёсий ҳақиқатлар билан ҳам юзма-юз келишига ҳам тўғри келди.

Эдуард Шеварднадзе Совуқ Уруш ниҳоя топтириш, Марказий Оврўпони озод қилиш, Олмонияни бирлаштириш ва СССРни демократиялаштиришда кўмак берганини даъво қила олади.

Бироқ, уни демократияга тўсиқ сифатида ағдарганлар учун бу қараш ўзиникидан тубдан фарқ қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02