Таҳлил:Ироқ парчаланиб кетадими?

  • 17 Июн 2014
Ал-Қоидага дарс берадиган гуруҳ -"Ироқ ва Шом Исломий давлати"?..

Ироқнинг мухтор ҳудуди Курдистон Бош вазири фикрича, Ироқнинг яхлит давлат бўлиб қолиши даргумон.

"Сунний экстремист жангарилар тобора кўп ҳудудларни босиб олаверар экан, Ироқнинг бир бутун мамлакат бўлиб қолишига кўзим етмайди", деб айтган Нечирван Барзоний.

Би-би-си мухбири Жим Муир билан суҳбатда жаноб Барзоний айтишича, Ироқни Мосул шаҳри босиб олингунича бўлган ҳолатга қайтариш "деярли имконсиз"дир.

Барзоний: Бу Мосулдан бошланганди. Биз ҳозир Мосул ишғол этилишидан аввалги ва кейинги Ироқни кўраяпмиз. Менимча, Ироқдаги вазиятни аввалги ҳолига қайтариш жуда ҳам қийин бўлади.

Би-би-си: Вазиятни аввалги ҳолига қайтариш учун нима талаб қилинади?

Барзоний: Бу муаммога ҳарбий йўллар билан ечим топиб бўлмайди. Ироқ ҳукумати бунга сиёсий ечим топиши керак. Улар сиёсий жараённи бошлашлари зарур. Бунинг энг яхши йўли сунний қабилалари ва жамоаларини сиёсий жараёнга қўшишдир. Бугунга келиб суннийлар ўзларини унутилгандек, бу жараёндан чиқариб ташлангандай ҳис қилишади.

Би-би-си: Яъни сизнингча, бу биргина "Ироқ ва Шом" гуруҳи қуролли хуружи эмас, балки суннийлар исёнидир, шундайми?

Барзоний: Албатта, биз бу вазиятга "Ироқ ва Шом" гуруҳининг иштирокини инкор эта олмаймиз. Аммо, бу ерда гап биргина "Ироқ ва Шом" гуруҳи ҳақида бормаяпти, деб ўйлайман. Менинг ишонишимча, бундай вазият Бағдод ҳукуматининг сунний ҳудудларга бўлган муносабати натижасидир. Барча сунний жамоалари ўзларини ташландиқдай ҳис қилишади. Мен Бағдод сунний жамоаларини сиёсий жараёнга қўшилишга кўндириши керак, деб ўйлайман.

Би-би-си: Жаноб Маликий қудратда экан сиёсий ечим бўлиши мумкинми?

Барзоний: Самимий бўлишимиз керак: ҳозирда ўзаро ишонч йўқ. Бугунда Маликий ва суннийлар, Маликий ва курдлар, ҳаттоки Маликий ва шиалар ўртасида ўзаро ишонч йўқ. Мени ўйлашимча, бу қийин масала.

Би-би-си: Америкаликлар Ироқ ҳукуматига ёрдам беришга тайёр эканликларини айтишди. Америка амалда нима қила олади?

Барзоний: Улар амалда истиҳборот маълумотлари билан ёрдам беришлари мумкин. Ироққа илло қўшин жўнатишлари шарт эмас. Ёрдам йўллари кўп. Аммо, энг аввало, улар Ироққа жиддий ёрдам бериш ҳақида қарор олишлари зарур.

Би-би-си: Америка "биз ёрдам берамиз, лекин Маликий кетиши керак," дейиши керакми сизнингча?

Барзоний: Маликийсиз вазият яна барқарорлашадиган бўлса, менимча, Америка бу ишни қилиши керак.

“Ироқ ва Шом Исломий давлати” ким?

Ироқдаги энг шафқатсиз жангари гуруҳ

Айни гуруҳ Ироқ ва Сурия ҳудудларида фаолдир.

“Ироқ ва Шом Исломий давлати” ( бундан кейин ИШИД) 2013 апрел ойида “Ироқдаги ал-Қоида” ташкилотидан ажралиб чиқиб мустақил гуруҳга айланди.

Вақт ўтиши билан “Ал-Қоида” мазкур гуруҳнинг амалиётларидан ўзини узоқлаштирганидан кейин ИШИД Сурия ҳукумати кучларига қарши жанг олиб бораётган ашаддий жиҳодий гуруҳлардан бири бўлиб қолди. Айни пайтда гуруҳ жангарилари Ироқда ҳам ҳарбий ютуқларга эришмоқда.

ИШИД қисқартмасидаги охирги "S" араб тилидаги “ал-Шом” сўзи инглиз ҳарфларда ёзилишидан келиб чиққан.

Гуруҳ катталиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ, бироқ минглаб жангариларни, жумладан, ҳорижий жиҳодчиларни ўз ичига олган деган тасаввур кенг тарқалган.

Муҳбирларнинг айтишларича, афтидан ИШИД ҳозирги вақтда “Ал-Қоида”дан ҳам ошиб ўтаётган дунёда энг хавфли жиҳодий гуруҳ деб кўрилади.

Ташкилотни Абу Бакр ал-Бағдодий бошқаради.

Бу одам ҳақда маълумот жуда кам. 1971 йили пойтахт Бағдоддан шимолдаги Самарра шаҳрида туғилган ва 2003 АҚШ етакчилигидаги ишғолдан сўнг исёнчиликка қўшилган деб ишонилади.

2010 йили у “Ироқдаги ал-Қоида” янги гуруҳининг раҳбари сифатида пайдо бўлди.

Бағдодий тажрибали дала қўмондони ва маҳоратли харбий тактик деб кўрилади. Бу омил, таҳлилчиларнинг фикрича, кўпроқ ёш шуҳратпараст жиҳодчиларни гуруҳга жалб этади.

Мисол учун, “Ал-Қоида”ни бошқараётган Айман ал –Заваҳирий диний уламо бўлгани сабаб, ёшлар ташкилот аъзоси бўлишга унчалик интилмайдилар.

Лондонда жойлашган King's College профессори Питер Нюманнинг ҳисоботига кўра, Сурияда жанг олиб бораётган Ғарб мамлакатларидан келган жангариларнинг саксон фоизи ушбу гуруҳга қўшилган.

ИШИДнинг даъво қилишича, гуруҳ сафида Британия, Франса, Олмония ва бошқа Оврўпо мамлакатлари ҳамда АҚШ, Араб дунёси ва Кафқоздан келган жангарилар бор.

Суриянинг бошқа исёнчи гуруҳларидан фарқли ўлароқ, “Ироқ ва Шом исломий давлати” Сурия ва Ироқ бўйлаб ҳудудларни қамраб оладиган исломий амирликни барпо этишни мақсад қилиб қўйган.

Гуруҳ сезиларли ҳарбий ютуқларга эришган. 2013 йилнинг март ойида Суриянинг Раққа шаҳрини забт этишга мувафақ бўлган.

Бу эса илк вилоят маркази исёнчиларнинг назоратига ўтганини англатади.

2014 йилнинг январида Ироқнинг суннийлар озчилиги билан шиалар бошқарган ҳукумат ўртасидаги ўсиб борган тангликлардан фойдаланиб, аҳоли аксари суннийлардан иборат бўлган ва Ироқнинг Анбар номли ғарбий вилоятидаги Фалужа шаҳрини ўз қўлига киритган.

Гуруҳнинг ҳарбий ҳаракатлари шу билан тўхтагани йўқ ва вилоят маркази ҳисоболанган Рамади шаҳрининг йирик қисмларини қўлга киритиб, Туркия ва Сурия билан чегарадош ҳудудларда ўз ҳозирлигини ўрнатишга қодир бўлган.

Мазкур гуруҳ ўз назоратига олган ҳудудларда шафқатсиз усулларни қўллаётган гуруҳ сифатида ҳам ном чиқарган.

Бироқ, бу гуруҳнинг июн ойида Мосул шаҳрини забт этгани дунёни ларзага солди.

АҚШнинг айтишича, Ироқнинг иккинчи йирик шаҳрининг ИШИД қўлига ўтиши бутун минтақа учун ҳавф туғдиради.

Ушбу ҳарбий ютуқ гуруҳни жаҳонда энг бадавлат гуруҳга айлантирди.

Бошида, ИШИД президент Башар ал –Ассадга қарши гуруҳ курашини қўллаб турган Форс кўрфази давлатлари, ҳусусан Қувайт ва Саудия Арабистонидаги бой шахсларнинг хайрия пулларига таяниб турган.

Бугунги кунда айтилишича, “Ироқ ва Шом Исломий давлати” унинг назорати остидаги шарқий Сурияда жойлашган нефт конларидан катта даромад кўрмоқда. Баъзи хабарларга кўра, гуруҳ ишлаб чиқарилган нефт таъминловини Сурия ҳукуматига қайта сотмоқда. Бундан ташқари, ишонилишича, тарихий масканлардан талон-тарож қилинган антиқа буюмларни ҳам сотиб кун кўрмоқда.

Профессор Нюманнинг фикрича, шу йилннинг июн ойида Мосулни забт этишидан олдин, “Ироқ ва Шом исломий давлати” нақд пули ва мол-мулки 900 миллион АҚШ долларини ташкил қилган, назоратни ўрнатгач гуруҳ бойлиги 2 миллиард долларга ошган.

Гуруҳ аъзолари Ироқ Марказий банкининг Мосулдаги бўлимларидан юз миллионлаб долларни ўғирлашгани борасида хабар қилинган.

Агар шимолий Ироқнинг нефт конлари устидан назоратни ушлаб турса, гуруҳнинг молиявий бойлиги ўсиб бораверади.

Исёнчилар орасидаги зиддият

ИШИД гуруҳи Сурияда фаол бўлган ал-Қоиданинг расмий иттифоқдоши бўлмиш ал-Нусра Жабҳасидан мустақил тарзда ҳаракат қилади ва бошка исёнкор гуруҳлар билан алоқалари тарангдир.

Бағдодий ал-Нусра билан иттифоқ тузмоқчи бўлганида, ал-Нусра таклифини рад этганидан бери иккала гуруҳ алоҳида фаолият юритмоқдалар.

Заваҳирий ИШИДга эътиборни кўпроқ Ироққа қаратиш ва Сурияни ал-Нусрага қолдириш борасида чақириқ билан чиққан, бироқ Бағдодий ва унинг аскарлари очиқдан очиқ “ал-Қоида раҳбарига буйсунишдан бош тортганлар.

Суриянинг ўзида эса сафдош исёнкорларга ҳужумларни уюштиргани ва Сурия муҳолифатининг фуқаровий дастакловчиларига таҳдид қилгани боис ИШИДга нисбатан адоват кучайиб бормоқда

2014 йилнинг январида Ғарб дастаклаётган исёнкорлар ва бошқа исломий гуруҳлар биргаликда Сурияни аксари хорижий жиҳодчилардан халос этиш мақсадида ИШИДга қарши қатор ҳужумларни бошлашган.

Ўзаро ички низоларда минглаб одамлар ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002