BBC navigation

Ироқ инқирози: жангарилар Бағдод бўсағасида

Сўнгги янгиланиш 17 июн 2014 - 13:02 GMT

Ироқ ҳимоясига отланганлар

Ироқдан келаётган хабарларга кўра, армия ва сунний жангарилар ўртасида қақшатқич жанглар кетмоқда.

Хабарларда айтилишича, Бағдоддан атиги 60 чақирим масофада жойлашган Бақуба шаҳрининг бир қисми исёнчилар қўлига ўтган.

Би-би-сининг Бағдоддаги мухбири Ричард Галпинга кўра, Дияла вилоятининг пойтахти Бақубанинг қўлга олиниши жангарилар учун Бағдодга борадиган асосий йўналишни қўлга киритган ҳисобланади.

Исёнчилар Бақубада бир қанча мавзеъларни ва полиция бўлимини ишғол қилганлар ва қурол-яроқларни олганлар.

Исёнчилар ҳозир шаҳарнинг қайси қисмида эканлиги номаълум бўлсада, уларнинг мақсади Бағдодга томон юриш экани сир эмас, дейди у.

Ироқнинг йирик Мосул ва Тикрит шаҳарларини эгаллаган жангарилар душанба куни Тал Афарни қўлга олганлар.

Мухбирмиз Ироқ кучлари стратегик аҳамиятга молик Тал Афарни қайтаришга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабарлар борлигини айтади.

Аҳолиси 200 минг киши бўлган шаҳар Мосул ва Сурия чегарасида жойлашган.

Шунингдек, Анбар вилоятида жангарилар Ал-Фалужа шаҳрида армиянинг тикучарини уриб туширганлар ва бир нечта танкларни яксон этганлар. Армия кучлари Рамади яқинидаги ҳарбий базани ташлаб қочганлари айтилмоқда.

Ироқдаги Курдлар мухтор минтақаси бош вазирининг Би-би-сига айтишича, ҳозирги вазиятда Ироқ бирлигини сақлаб қолиш жуда мураккаб масалага айланган.

Ироқдаги хорижий консуллик биноларида хавфсизлик чоралари кучайтирилганини кузатиш мумкин.

АҚШ Президенти Барак Обама Конгрессга Ироқдаги Америка фуқаролари ва Бағдоддаги элчихонани қўриқлаш учун 275 ҳарбий жўнатилишини маълум қилган.

Эски душманми ва ё ...янги дўст?

Британия ва Эрон Ташқи ишлар вазирлари

Айни пайтда 1979 йилдаги Эрон инқилобидан кейин тўғридан-тўғри алоқалари буткул узилиб қолган АҚШ ҳам Ироқдаги сунний жангариларга қарши курашда Эрон билан мулоқот қилиш истагида эканини маълум қилган.

Америка расмийлари гап ҳарбий ҳамкорлик ҳақида бормаётганини дарҳол билдириб қўйганлар.

Бир қанча маълумотларга қараганда, музокаралар шу ҳафтадаёқ бошланиши мумкин.

Агар шундай музокаралар бошланадиган бўлса, бу эски икки рақиб муносабатларида улкан қадам бўлади.

Шунингдек, Британия Ташқи ишлар вазирлиги 2011 йилда ёпилган Теҳрондаги Британия элчихонасини қайта очишни режалаётгани маълум бўлган.

17 июн куни Британия парламенти аъзолари қаршисида Ташқи ишлар вазири Уилям Ҳейг Эрон билан алоқаларни қайта тиклашга бағишланган режани эълон қилиши хабар қилинган.

2011 йил Британиянинг Теҳрондаги элчилигига бўлган ҳужумлардан кейин икки мамлакат ўртасидаги дипломатик алоқалар буткул тўхтатилган эди.

Бироқ ўтган йили Ҳасан Руҳонийнинг Эрон президенти этиб сайлангани ҳамда Эрон ўзининг ядровий дастурини жиловлашга рози бўлиб, бу борада Ғарб билан икки тарафни ҳам қониқтирадиган келишувларга эришилгани расмий Теҳрон билан муносабатлар илиқлашига етаклаган.

Ироқдаги "Ироқ ва Шом Исломий давлати" жангариларига қарши туриш масаласида Ғарб билан Эрон мавқеълари бир-биридан фарқ қилмайди, шу боис Ғарб давлатларининг расмий Теҳрон билан мулоқотлари жонланган.

Би-би-сининг сиёсий масалалар бўйича муҳаррири Ник Робинсон хабар қилишича, июн ўртасидаги дам олиш кунлари Британия ва Эрон ташқи ишлар вазирлари сўзлашганлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.