Оятулло: 'Шиалар, сунний жангариларга қарши қуролланинг!'

  • 13 Июн 2014
Сунний жангарилари Ироқнинг янгидан-янги ҳудудларини эгаллашмоқда

Сунний Исломий жангарилар Ироқда қатор минтақаларни эгаллаб, пойтахт Бағдод тарафга юришаётгани ҳақида айтарканлар, мамлакатдаги мазҳабий танглик янги чўққисига чиққан.

Ироқ шиалари олий раҳбари Оятулло Али Систоний ушбу сунний жангариларга қарши шиалар қўлларига қурол олиб курашсинлар, деб чақириб чиқди.

Оятулло чақириғи эса шиалар учун катта таъсирга эга.

Олдинроқ аксар суннийлар, хусусан, курдлар ва туркманлар яшовчи Мосул ҳамда Тикрит каби йирик шаҳарлар ҳам жангарилар қўлига ўтганди.

БМТга кўра, жангарилар Мосулда оддий одамларни ҳам қатл этишмоқда. "Ироқ ва Шом Исломий Давлати" гуруҳи бошчилигидаги сунний жангарилари шиаларни мусулмон санашмайди.

Улар ўз мақсадлари аксар шиалар яшовчи жанубий Ироқ ҳудудларини ҳам назоратга олиш эканини айтмоқдалар.

Ҳозир Ироқ ҳукумат кучларининг аксар қисми тарқоқ ва заиф ҳолатда.

Мосулнинг жангарилар қўлига ўтиши эса жорий ҳукумат ҳамда дунёвий тузумга қарши кучли зарба бўлди. Чунки улар Мосулдан туриб Ироқ ҳамда Сурияда шаръий тузум ўрнатиш амалларини бошқаришлари мумкин.

Ғарблик таҳлилчиларга кўра, бу амаллар 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши қилинган ҳужумлардан кейинги энг йирик жиҳодий ҳаракат бўлиши мумкин.

Янги хавфлар

Ғарб ва Ироқ ҳукуматининг қўрқишича, сунний Исломий кучлар мавқеи ошиши мазҳабий ҳамда миллий жиҳатдан ранг-баранг бу мамлакатни парчалаб юбориши мумкин

Шу қаторда, аср бошида Британия ва Франция белгилаб берган Яқин Шарқдаги давлат чегаралари ҳам ўзгариб кетиши эҳтимоли йўқ эмас.

АҚШ янги ҳужумлар эҳтимоли ҳақида айтмоқда, аммо 2003 йилги Ироқ ишғоли минтақада жиҳодий ҳаракатларни кучайтариб юборганди

Сунний жангари гуруҳи назорати, айниқса, бутун мусулмон оламидаги сунний ва шиа мусулмонлари орасидаги таранг муносабат ва фарқларни янгича адоватга айлантириб юборади деган фикрлар айтилмоқда.

Ироқнинг Шиалар етакчилигидаги жорий ҳукумати билан яқин алоқаларга эга Эроннинг ҳам бу можарога аралашишини назардан соқит қилиб бўлмайди.

Ўз урнида, яриммухториятга эга бўлган шимолдаги курдлар билан ҳам муаммолар қайта жонланишини кўзда тутиш лозим. Курдлар эса нафақат Ироқда, балки Эрон, Туркия ҳамда Сурияда ҳам зич яшайдилар.

Шунингдек, Ироқ туркманлари вазияти ўзгариши ҳам шимолдаги бошқа қўшни - Туркияга таъсир этмасдан қолмайди.

Ҳозирча Ироқда таъсири ошиб бораётган мужоҳид гуруҳга қарши АҚШ янги ҳужумлар эҳтимолини назардан соқит қилмаслигини айтмоқда.

Вашингтоннинг Ироққа қарши сўнгги ҳужуми эса бу мамлакат суннийлари мавқеини пасайтирганди. Лекин уларнинг ғазабини оширгани ҳам аниқ.

Шуниси ҳам борки, 2003 йили АҚШ Ироққа бостириб кириб, мамлакатни ишғол қилиши ортидан, бутун Яқин Шарқ бўйлаб жиҳодий ҳаракатлар кучайган ва янгидан-янги мужоҳид гуруҳлари етишиб чиққанди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002