Исландия: Ўзини мусулмон ёздираётганлар ким?

  • 13 Июн 2014
Исландия пойтахтида масжид қуриш қарори ўнг қанот сиёсатчиларни ғазаблантирган

Исландиядаги қатор насронийларнинг мусулмон сифатида рўйхатдан ўтишлари аслида ўнг қанот сиёсатчиларига қарши норозилик амалидир.

Пойтахт Рейкявикда масжид қуриш режасига ўнг қанот мухолифат қарши чиққанди. Шундан сўнг мусулмонлар ҳақ-ҳуқуқлари таъминланишини истовчи одамлар мамлакат Мусулмонлари Уюшмасига аъзо бўлиб киришни бошлашган.

Бу уюшмага эса фақат мусулмонлар кириши мумкин.

"Менга одамлар электрон мактуб йўллаб, қандай қилиб рўйхатдан ўтсак бўлади, деб сўрашмоқда" - дейди уюшма раиси Салмон Тамими журналистлар билан суҳбатда.

"Анча ҳайратга тушдим, лекин жуда хурсандман" - қўшиб қўяди у.

Масжид қуриш учун ер ажратилгач, мухолифат бунга қарши норозилик ҳаракати бошлаб юборганди. Ўнг қанот вакиллари масжид қуриш ерни исроф қилишга тенг, деб аташмоқда ва фақат черковни тан олиш зарурлигини айтишаётир.

Аммо танқидчилар бир дин вакилларига ҳуқуқ бериб, иккинчисини камситишни сиёсий иккиюзламачилик, дейишади.

Исландияда 770 нафар мусулмон яшайди ва улар кўп қаватли бир бинодаги хонада намоз ўқийдилар.

Ўтган 14 йил давомидаги мурожаатлар ортидан ўтган йили масжид қуришга рухсат олишганди.

Исландиядаги таниқли журналист Гуннар Смари Эгилсон ҳам мусулмон сифатида рўйхатдан ўтмоқда. Чунки Исландия қонунларига биноан, ўшанда у ўз маошидан Мусулмонлар Уюшмасига махсус солиқ тўлай олади.

"Бу эса Мусулмонлар Уюшмаси вакилларини ҳужумлар ҳамда Тараққиёт Партиясининг ёлғонларидан ҳимоя қилади" - деб изоҳлаган журналист ўз қарорини.

Эгилсон ушбу ўнг қанот мухолифат партиясини ирқчиликка мойилликда айблайди. Бироқ ушбу партия раҳбарлари айни даъволарни рад этадилар.

Исландия қонунларига мувофиқ, фуқаро фақат битта диний уюшмага аъзо бўлиши мумкин. Шу боис Мусулмонлар Уюшмаси хайрихоҳ одамлар масжидни қўллаш ниятида ўз черковлари, яъни динларидан юз ўгирмасликлари керак, демоқда.

"Насроний динидан воз кечмасдан туриб ҳам инсон ҳуқуқлари учун курашиш имкони бор" - деб айтган Салмон Тамими.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002