BBC navigation

Шинжон Уйғуристонида тўққиз Уйғур ўлим жазосига ҳукм этилган

Сўнгги янгиланиш 6 июн 2014 - 08:48 GMT

Хитой матбуоти хабар қилишича, Шинжон Уйғуристонида терроризм билан боғлиқ айбловлар билан тўққиз киши ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Улар турли маҳкамалар айбдор деб топган 81 киши орасида бўлган.

Хитой давлат телевидениеси хабар тарқатишича, ҳукмлар олтита маҳкамада эълон қилинган.

Маҳкамага тортилганларга қўйилган айбловлар орасида қотиллик ва ўт қўйиш бандлари ҳам бўлган.

Бундан олдин 29 "террор гумондори" Урумчи шаҳрида бўлгинчилик ва миллий низони гижгижлаш айбловлари билан ҳибсга олинган.

Хитой расмийлари мамлакат бўйлаб тинч фуқароларга нисбатан ҳужумлар кўпайишида Уйғур жангари гуруҳларини айблаб келадилар.

Ҳужумлардан бири ўтган йили пойтахт Пекин марказидаги Тянанмен майдонида оломон устига ҳайдалган ва ўт олиб кетган автомобил ҳужумидир.

Ушбу ҳодисада беш инсон ҳалок бўлган.

Кунмин темир йўл вокзалида пичоқлар билан одамларга ҳужум қилинган, Урумчи вокзалида эса худкуш ҳужумчилар ўзларини портлатганлари хабар қилинган.

Хитой давлат телевидениесига кўра, сўнгги маҳкамада айбланувчиларга қўйилган асосий айблов террорчилик ташкилотини тузиш, бу ташкилотга аъзо бўлиш ёки раҳбарлик қилиш банди бўлган.

Шинжондаги олтита маҳкама жами 23 та жиноят ишини кўриб чиққани, тўққиз кишига ўлим жазоси, қолганларга узоқ йиллик қамоқ жазолари тайинлаганини хабар қилган Хитой ТВси.

"Бир йиллик кампания"

Сўнгги ҳукмлар минтақада кенг миқёсли хавфсизлик чоралари кўрилаётган пайтда эълон қилинмоқда, дейди Би-би-сининг Шанхайдаги мухбири Жон Садворс.

Ўтган ой беш худкуш бомбачи Шинжон пойтахти Урумчидаги кўча бозорига ҳужум қилгани ва оқибатда 39 киши ўлгани ортидан Хитой, ўзининг таъбирича, "терроризмга қарши бир йиллик кампания" бошлаганини эълон қилди.

Ўтган ҳафта Шинжондаги стадионда сазойи маҳкама ташкил қилинди, унда 55 киши устидан терроризм, сепаратизм ва қотиллик айбловлари билан ҳукмлар ўқилди.

Пекин тинч фуқароларни нишонга олган ҳужумлар сони кўпайиб бораётганида Уйғур бўлгинчиларини айблайди.

Пекинга кўра, Уйғур бўлгинчилари хориждаги диний экстремистик мафкурадан илҳомланаяптилар.

Хитойнинг Шинжондаги сиёсати танқидчиларига кўра, Уйғурларда радикаллик ва ғазаб ошиб бораётганининг сабаби минтақадаги иқтисодий тенгсизлик, Уйғурларга нисбатан Хитой ҳукумати маданий ва диний қатағонни кучайтираётганидадир.

Хитой Шинжон минтақасини ривожлантириш мақсадида катта-катта маблағларни сарфлаётганини айтади.

Бироқ Уйғурлар эса ўзларининг эркинлиги ва маданияти, урф-одатларига ҳужум кучайиб бораётганини айтадилар.


Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.