BBC navigation

Украина: Қрим татарларининг қўрқув ва умидлари

Сўнгги янгиланиш 22 май 2014 - 11:35 GMT

Қримнинг Симферопол шаҳрида Россия расмийлари тақиқига қармай 18 май куни қрим татарлари йиғилиб Сталин қатағони қурбонларини хотирлашди.

Март ойида Қримнинг Россия ҳудудига қўшиб олиниши ортидан минглаб татарлар ярим орол ҳудудини тарк этиб Украинанинг бошқа минтақаларига кўчиб ўтишган.

Би-би-си мухбири Ярослав Луков келаётган якшанба кунига режалаган Президентлик сайловларидан олдин Львов шаҳрида янги ҳаёт бошлаш арафасида бўлган қрим татарлари билан суҳбатлашди.

"Мен бу ерга вақтинча, таътилни ўтказиш учун келдим" дейди Шевкет шаҳар маъмурияти биноси ўнгида очилган янги кафесида хўрандаларга хизмат кўрсатар экан…

"Камбағалнинг ҳар хил суҳбатлар учун вақти йўқ," дейди у ва батафсил суҳбатдан қочади.

"Майли таомингизни тайёрлаётганда баъзи саволларингизга жавоб бера қолай", дейди у ниҳоят мендан буюртмани олгач.

"Энг зўр таом қримча кабоб"

44 ёшли Шевкет ҳали ном берилмаган таомхонасини хўрандалар гавжум бўладиган манзилга айлантириш илинжида.

Унинг Қримда қолган яқинларини Россия расмийлари тазйиққа олмасликлари учун ўзи ҳақида маълумотларни ошкор қилишдан ҳайиқади.

"Россия янги йўл қураётган булдозерга ўхшайди. Ўнгида ҳамма нарсани четга суриб чиқариб, кетаверади" , дейди Шевкет.

Львовдаги маҳаллий қрим татарлар фаоли Олим Алиевнинг айтишича, март ойида Қрим Россия назоратига ўтганидан сўнг қочқинлар сони 20 дан мингга қадар кўпайди.

"Қрим SOS" ёрдам ташабусси асосчиларидан бири бўлган жаноб Алиевга кўра, кўплаб татарлар тазйиқлар туфайли кетишга мажбур бўлганлар.

"Москва қисқа вақт ичида Қримни полиция ярим оролига айлантиришга муваффақ бўлди. У ерга келтирилган полиция махсус кучлари сонидан ҳайратга тушасиз. Россия шунингдек, қрим татарларининг норасмий парламенти Мажлисни фалажлаб қўймоқчи", дейди у.

Унга кўра, ҳатто 18 май Қрим татарларининг Сталин томонидан бадарға қилинган куни хотира маросимлари вақтида ҳам Россия тикучарлари осмон узра назорат парвозларини тўхтатишмади.

Олим Алиев ва унинг миллатдошлари Львовда ўзларининг хотира маросимларни ўтказишди.

Қатағонлар даврида ҳалок бўлганлар хотирасига минглаб шамлар ёқилди.

Бу маросимлар вақтида Қримдан эндигина етиб келган Наил Канеев билан учрашдик.

Симферополлик 61 ёшли Наил Россия хавфсизлик хизмати унинг феврал ойида Украина яхлитлигини ёқловчи митингда қатнашиб, олган оёғидаги жароҳати ҳақида суриштира бошлагач, кетишга мажбур бўлган.

Ўзбекистонда туғилиб-ўсган Наил Канеев 1980 йилларда Қримга кўчиб келган ва отаси яшаган кўчада қўним топишга умид қилганди. Эндиликда бу умид пучга чиққан кўринади.

Қрим татарлари:

Иосиф Сталин буйруғига кўра, 1944 йили 18 майда 200 мингдан ортиқ татарлар Қримдан бадарға қилинган

Ҳижратдаги ҳаётларининг дастлабки 2 йилида улардан 40 фоизи қурбон бўлган

1980 йиллардан бошлаб бери Қримга 260 мингга яқин татар қайтган

2014 йили март ойида Қримнинг Россия томонсидан аннексиясидан олдин ярим орол аҳолисининг 10 фоизини ташкил қилганлар

Март ойидан бери минглаб татарлар Қримни ташлаб чиқишди

8 мингга яқин киши Украинанинг бошқа ҳудудларига, хусусан Львовга 1000 га яқин киши келиб ўрнашган.

Наил Канеев Қримдаги янги бошқарувчиларни "йўлтўсарлар", дея таърифлайди.

Лекин Львовда қримлик қочқинлар янги муаммоларга дуч келмоқдалар.

Баъзилари тиқилинч шароитларда бошқалар билан бирга яшашга мажбурлар, иш топиш қийин.

Дастлаб уларни олқишлаб, кутиб олган бўлсалар ҳам ҳозирда кўплари Украина ҳукуматидан ҳеч қандай моддий ёрдам олмаяптилар.

Жаноб Алиевнинг айтишича, маҳаллий расмийлар ҳатто "Львовнинг исломлашишидан" ҳам хавотирдалар.

Лекин бу муаммоларга қарамай аксар татарлар бу иккинчи "сургун"дан ҳам омон қолиб, уйга қайтишга умид қилмоқдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.