BBC navigation

Қрим Татарлари сургунининг 70 йиллиги қандай хотирланади?

Сўнгги янгиланиш 17 май 2014 - 16:01 GMT

Қримнинг россияпараст раҳбарияти 18 май куни Қрим Татарлари ватанларидан бадарға этилганларининг 70 йиллиги санасини фақат қабристонда хотирлашга рухсат берган.

Бундан олдин Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ҳукумати раҳбари Сергей Аксеёов 16 май куни Украина жануби-шарқида вазият беқарорлигини айтиб, ярим оролда 6 июнгача ҳар қандай оммавий тадбирларни ўтказишни тақиқлаган эди.

Бироқ Қрим Татарлари бу тақиққа қарамасдан, 18 май куни митингларга чиқишга қарор қилганлар.

Шундан кейин Қрим ҳукумати раҳбари Қрим Татарлари учун хотира маросимига рухсат берган.

"Симферопол марказида оммавий хотира тадбирларини ўтказиш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилсин, Симферополда истиқомат қиладиган фуқароларнинг "Абдол" мусулмон қабристони ёнида хотира тадбирларини ўтказиш таклифи қўллаб-қуватлансин", дейилади Сергей Аксёнов эълон қилган фармонда.

Фармонда, шунингдек, 18 май куни Қримдаги барча идора-ташкилотларда байроқларни тушириш буюрилган, Қрим халқлари депортацияси қурбонларини хотирлаш маросимларини соат 11 дан соат 13 гача ўтказиш ҳақида айтилган.

Бундан олдинги йилларда Қрим Татарлари сургуни кунида бутун ярим оролдан 15-20 минг киши пойтахт Симферополда оммавий митингга йиғилганлар.

Сўнгги йилларда Қрим Татарлари ёшлари 17 май тунида "Юрагингда олов ёқ" деб номланган тадбир ўтказганлар.

Бу тадбирда халқ бадарға қилинганидан кейин ўтган йилларнинг сонидан ташкил қилинган шамлардан Қрим рамзи чизилган.

Қрим Татарлари Мажлиси Сергей Аксёновнинг қабристонда хотира маросимини ташкил қилиш қарорига кўнмаганлар.

Бунинг ўрнига Дуои-Фотиҳани масжидда ўтказишни маъқул топганлар.

"Биз Дуои-Фотиҳа маросимини Симферопол шаҳрининг Оқ Масжид микрорайонида ўтказишга қарор қилдик. Ҳозир Мажлис вакиллари ушбу масалани ҳокимият билан келишишга ҳаракат қилаяптилар", деб айтган Қрим Татарлари Мажлиси раисининг ўринбосари Наримон Жалол Би-би-си Украин хизматига.

1944 йил 18 майдан 20 майгача ярим Қрим Татарлари мажбуран ўзларининг яшаб турган ватанидан кўчирилганлар.

Сталин буйруғига, гўё Қрим Татарларининг немис-фашистлари билан ҳамкорлик қилгани, сабаб бўлган.

Одамларга қўлига илинган нарсани олишга бир неча дақиқадан бир неча соатгача фурсат берилган.

Вагонларга чиқарилиб, Ўзбекистон, Қозоғистон жануби ва Тожикистонга олиб кетилганлар.

Ноинсоний шароит туфайли ўн минглаб инсонлар йўлда нобуд бўлганлар.

Сталинга 183 мингдан ортиқ Қрим Татарлари сургун этилганлари ҳақида ахборот беришган.

Кейинги йиллардаги қийинчиликлар туфайли ҳам ўн минглаб Қрим Татарлари ҳалок бўлганлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.