Россия янги жазо чораларидан огоҳлантирилди

  • 10 Май 2014

Олмония канцлери Ангела Меркел Украинадаги президентлик сайлови барбод бўлса, Россияга Оврўпо Иттифоқи томонидан янги санкциялар қўллашга чақирган.

Украинада президентлик сайлови 25 май кунига мўлжалланган.

Меркел хоним ва Олмонияга борган Франция Президенти Франсуа Олланд 11 майга мўлжалланган шарқий Украинадаги референдумларни ноқонуний, дейишган.

Олмония ва Франция раҳбарлари тарқатган қўшма баёнотда Украинадаги сайлов бекор қилиниши мамлакатдаги вазиятни янада беқарорлаштириши таъкидланган.

Ангела Меркел ва Франсуа Олланд Украина сарҳадларидаги Россия қўшинларини салмоқли даражада камайтиришга чақирганлар.

Украинанинг муваққат президенти Олександр Турчинов ҳам шарқий украиналикларга мурожаат билан чиққан.

Жаноб Турчинов ватандошларини Киевдан мустақил бўлиш мақсадидаги референдумда овоз бериш оқибатларидан огоҳлантирган.

Донецк ва Луханскдаги қуролли гуруҳлар ташкил қилаётган референдумлар қўпорувчилик эканини айтган Олександр Тучинов.

"Бу ҳудудларнинг ажралиши жарликка, иқтисодларнинг вайронагарчилигига, ижтимоий дастурларнинг барбод бўлиши, умуман ҳаётнинг ёмонлашишига олиб келади", деб айтган Украина муваққат президенти.

Донецкдаги россияпарастлар вилоят ҳудудида Украина президентлигига сайлов ўтказилишига йўл қўймасликлари ҳақида эълон қилганлар.

Бўлгинчиларга кўра, Донецкдаги 22 та сайлов округини тўла назорат қилиб туришипти ва 25 май куни бу ҳудудларда овоз бериш ташкил этилишига йўл қўймайдилар.

Киев расмийлари Украинани парчалаш ортида Россия турганини ва россияпараст бўлгинчилар Кремлдан кўрсатма олиб иш тутаётганини айтадилар.

Бир неча кун олдин Россия Президенти Владимир Путин 11 майга мўлжалланган референдумларни бекор қилишга чақирган.

Бироқ шарқий Украинадаги россияпарастлар якшанба кунги референдумни қолдирмасликка қарор қилганларини айтганлар.