Абдул Фаттоҳ Ал-Сиси: Эски сиёсатнинг янги тимсоли

  • 22 Апрел 2014
Сисига ишонганлар

2011 йилнинг баҳоридан аввал Фелдмаршал Абдул Фаттоҳ Ал-Сисини ҳеч ким танимас эди.

Бу ҳеч ким танимаган шахс Мисрнинг келгуси президенти бўлиши мумкин.

Унинг бу қадар “кўкка сапчиши” ортида ҳарбий қудрат билан бирга фелдмашралнинг бу қудратдан ўзи ва ўз атрофидагилари манфаати учун қанчалар моҳирона фойдалана билиш қобилияти ётибди.

Ал-Сисининг сиёсий қобилияти марказида таъбир жоиз бўлса унинг сир сақлай билиш ва ўз мухолифлари назарида аслида ҳеч нарсага қизиқмайдиган, ўртамиёна бир зобит бўлиб кўриниш маҳорати туради.

Шу билан бирга у Миср жамиятига ўзини Муборакдан кейинги мамлакатда юзага келган инқирозли вазиятдан халос этувчи раҳбар ўлароқ тақдим қилишга муваффақ бўлди.

Бу анчайин сирли қолаётган ва бир кун Мисрни идора қилиш эҳтимоли бўлган зобит ким?

Тантавийнинг муриди

Энг аввал фелдмаршал Сиси собиқ Президент Муборак яратган харбий қудратнинг маҳсулидир.

Миср армиясининг сиёсий “уюшмаси” Мисрнинг собиқ президентли Гамал Абдул Носир ва Анвар Садатларни “яратган”.

Муборак жанобларини Садат вице-президентликка фақат бир сабаб учун танлаган.

Ҳусни Муборак ҳаво кучлари зобити бўлиб эҳтимолий давлат тўнтариши уюштириш учун ҳарбийларнинг дастагига эга эмас эди.

1981 йилда Анвар Садатнинг жонига қасд қилинди.

Муборак унинг ўрнига келар экан, Муҳаммад Ҳусайн Тантавийни зобитлар “уюшмасига” раҳбар қилиб тайинлади.

Муборакка лойиқ зобитларга марҳамат кўрсатиш ҳам унинг зиммасига юкланди.

Ёш Сиси фелдмаршал Тантавий ёқтиртирган зобитлардан эди.

Унга лозим бўлган ҳарбий билимларни хорижда ҳам олди.

Британия ва Америка ҳарбий ўқув юртларида ҳарбийнинг қолган сир-асрорларини ўрганди.

Ар-Риёдда ҳарбий атташе бўлиб ишлади.

Унинг қўмондонлик мавқеиси аввалига баталён, бригада ва кейинроқ дивизия ва алал-оқибат Шимолий Ҳарбий Зонанинг раҳбарлигида ишлаш билан мустаҳкамланиб борди.

Сиси ҳарбий лидерлик учун касбий асосларни зобитлар билан шахсий алоқаларни яхшилаш йўли билан қурди.

Шундан сўнг уни муҳим бир амал – Ҳарбий Жосуслик ташкилоти раҳбарига ўринбосар этиб тайинлашди.

Айнан шу ерда ишлар экан, уни фелд маршал Тантавий қуролли кучларнинг Олий кенгашига ишга олади.

Тантавий жаноблари ёшроқ Сисини ўзига лойиқлиги ва сиёсий иқтидорга эга бўлгани учун ишга олади.

Ишонч кўприкларини қуриш

Мурсий учун Сиси "ўзимизнинг одам эди"

Яна бир муҳим томони шуки, Тантавий Сисини Мусулмон Биродарлар ташкилоти билан алоқага масъул этиб тайинлайди.

Бу албатта сир тутилади.

У Мусулмон Биродарларининг ишончига киради.

Бу йўлда Сисининг намозхонлиги, ҳар кунги нутқларида Қуръон сураларини бот-бот такрорлаши, анъанадор оила соҳиби экани ва Ғарбга Исломни таништириш йўлида “жонкуярлиги” иш беради.

У муваффақият қозонади. 2012 йил август ойида Президент Муҳаммад Мурсий фелдмаршал Тантавийнинг ўрнига Мудофаа вазири ва Бош қўмондон қидирар экан, алал-оқибат Сисини танлайди.

У фақатгина фелдмаршал Тантавий, генерал Сами Энан ва ўзига яқин зобитларни “қурбон қилиш”дан тийилишса, рози бўлишини айтади.

Шундай қилиб Абдул Фаттоҳ Ал-Сиси ўзидан катта авлодни ағдариб эмас, балки уларга “ғамхўрлик” қилиб қудратга келади.

Оқланмаган ишонч

Президент Мурсий ва унинг Мусулмон Биродарларидаги шериклари фелдмаршал Сисини “ўзларининг одами” деб ишонишди.

У ҳам Биродарларнинг ишончига кирди ва ҳам ҳарбийларга “сизнинг манфаатларингизни ҳимоя қилмоқдаман” деган ишора бериб турди.

Аммо муҳим ҳарбий масалаларда у Мурсий жанобларидан аввал қарор берар ва ўз ҳамкасбларига аслида армиянинг қудрат жиловини Мусулмон Биродарлар қўлига топшириб қўймаяжагини аён қиларди.

Сиси жанобларининг бу каби мавқеи 2012 йил конституциясида яна ҳам мустаҳкамланди.

Бу бош қонун гарчанд исломчилар кўпчиликни эгаллаган ассамблея томонидан битилган бўлса ҳам, ҳарбийларга аввалги конституцияларда мисли кўрилмаган кўп қудрат ва имтиёзлар берди.

Жаноб Мурсий сўнгги дақиқаларгача Сиси унинг ёнида туриб беришига ишонди.

Миллий ғурур

Носирнинг "қайтиши"?

Хўп, фелдмаршал Сиси қанақа президент бўлиши мумкин?

Ташвиқот машинасининг маҳсули ўлароқ – Сиси янги, аммо “эътиқодли” Носирми?

Аммо у янги Носир бўлолмайди.

Эҳтимол, ҳарбий авторитар режим раҳбари ўлароқ ўхшаши мумкиндир...

У янги Носир бўлолмаслигига сабаб омиллари ҳам ташқи ва ҳам ичкидир.

Совуқ Уруш якун топган ва унинг минтақадаги ўрни сусайиб бўлган.

Аммо Сиси миллий ғурур ва ғояни яна бир “қитиқлаб” кўрмоқчи, бунга бир сабаб ички муаммолардан аҳоли чалғитишдир...

Унинг феврал ойида Россияга сафари ва қурол-яроққа доир битимни имзолаб келиши ҳам бир маънода президентлик орзуси билан боғлиқ.

Сиси Москвага Носирнинг Ғарбни қўйиб Шўроларга таянган “омон-омон” даврларини эслатиб қўймоқчи эди.

Аммо Москва билан ҳар қандай қурол-яроқ шартномаси, аслида Америка ёрдамига муҳтож Миср режими учун сиёсий қалқондир, асло ҳақиқий мустақиллик амали эмас.

Буюк лойиҳа

Сисипарастлик кўринишларими?

Сиси Носир каби буюк лойиҳа ғоясини ўртага ташлади.

Носир даврида Асван тўғони бўлса, Сиси Сувайш канали минтақасини ривожлантириш ғоясини байроқ қилди.

Бу ғоя Мисрнинг порлоқ келажаги ва тобора ўсиб бораётган иқтисодий қудрати нишонаси ўлароқ талқин этилди.

Айни тараққиёт режаси қанчалар мантиқли кўринмасин, Хитой ва Россия ўз хавфсизликларини кўзлаб бу ишга бош қўшишмасин Мисрнинг ҳукумат бошқарув тизимидаги қусурлар айни иш йўлига тўсиқ қўйиши эҳтимоли катта.

Бунинг устига айни канал қурилиши режаланган минтақа ҳарбийлар қудрати маркази саналади.

Бу ерда яна уларнинг ерга эгалик масаласи ҳам бор.

Сиси назарида ҳарбийлар энди бу каби катта лойиҳани уддалай олишларини намоён этмоқлари керак ва албатта, бюджетдан ташқари фойда топишлари ҳам лозим...

Сиси қудратга келганидан бери ҳарбийлар назорати остида бўлган ширкатлар билан шартномалар имзоланиши кўпайди.

Давлат ичидаги давлат

Сисининг "юриши"

Сиси ҳарбийлар, ички ишлар вазирлиги, ва хавфсизлик хизматини ўз назорати остига олди.

Буни Сисидан аввал бирор бир Миср раҳбари тўла уддалай олмаганди.

Носир, Саодат ва Муборак Ички ишлар вазирлиги остида хавфсизлик хизматини яратишган ва шу йўл билан ҳарбийлар ила мувозанатга эришгандилар.

Сиси учун бунга эҳтиёж йўқ.

Ҳозирда исёнкорларга қарши кампания бошланган ва бунга ҳам ҳарбийлар ва ҳам хавфсизлик кучлари жалб қилинган.

Унинг Носир давридаги каби ягона партия тизимига эҳтиёжи йўқ.

Ҳозирда у ҳарбийларга ва Муборак давридаги технократларнинг гуруҳларига ишонмоқда.

Айримлар уни Иордания Қироли Абдуллоҳ Иккинчи билан солиштирмоқда.

У ҳам Сиси каби турфа сиёсий партиялар ва кучларни “давлат ичидаги давлат” тизимига таяниб назорат этади.

Шу йўл билан у номига мустақил бўлган сиёсий кучлардан “балогардон” фактори ўлароқ фойдаланади.

Ўзига ҳақиқий мухолиф куч ўлароқ шаклланишларига йўл қўймайди.

Ҳозирда эса аксар сиёсий кучлар Сисининг ҳукмронлиги билан муроса қилаётган кўринади.

Агар ва мабодо улар Сисига бўйинсунмай қўйишса, унинг ўзи ҳайриҳоҳлари таркибидан янги бир партия тузиши мумкин.

Аммо бу қадам унинг анчайин ожизланиб қолганидан дарак берган бўлурди.

Фелдмаршал Сиси иқтидорли, айёр ва жуда сиёсийлашган зобитдир.

У ҳарбийларни Мусулмон биродарлари ва бошқа инқилобчи гуруҳларнинг эҳтимолий зарбаларидан қутқаришга муваффақ бўлди.

“Давлат ичра давлат” тизимини сақлаб қолди.

Аммо бу дегани унинг қудратига соя соладиган хавф бутунлай ариди дегани эмас.

Сисининг орзу ва мақсадлари, яхши тайёргарликдан ўтмаган, калондимоғ ва порахўрлик домига тушган ҳарбийлар билан уйғунлашса унда иқтисод, ички ва ташқи сиёсат соҳасида ҳам Носир давридаги каби ўз имкониятлари чегарасидан чиқиб кетиши мумкин...