Австралияни мусулмонлар очган

  • 27 Март 2014
Аборигенларни илк бора мусулмон тужжорлар кашф қилишган

"Оллоҳ, Оллоҳ, орзуларим ушалишига ёрдам бер" - дуо қилади қорачадан келган ўрта яшар австралиялик.

Бу бир мусулмоннинг одатий илтижосидек эшитилади. Аммо дуо қилаётган одам - асли австралиялик Янйуа қабиласи аборигени. Асосийси, у мусулмон эмас.

Лекин шимолий-шарқий Австралияда истиқомат қиладиган Янйуа қабиласи ҳали беш-олти аср олдин мусулмонлар билан савдо ва ҳамкорлик муносабатларини бошлашган.

Индонезия жанубидаги Макассанлик мусулмонлар Австралия соҳилларига денгиз бодрингги тутиш учун келганлар. Бу уммон жонивори ҳам озиқ-овқат, ҳам Осиё тиббиётида дори-дармон сифатида ишлатилган.

Ҳали 400-500 йил олдин Янйуа элати вакиллари ғор деворларида чизган суратларда мусулмонлар ўтириб келган кемалар аксланган.

Хуллас, оқ танли британлар Австралияга келиб ўрнашишидан икки аср олдин бу заминга мусулмонлар келишган.

"Мусулмонлар - тенглик, оврўполиклар - ирқчилик..."

"Мусулмонлар билан савдо-сотиқ ҳамда инсоний мулоқот боис Янйуа аборигенлари Ислом маданиятидан таъсирланишган" - дейди Австралия аборигенлари тарихини ўрганган профессор Жон Брадлей.

Абориген ва оқ танлилардан туғилган болаларни оврўполиклар яқингача қабул қилишмаган

"Бу уларнинг рақслари ва қўшиқларида, анъана ва чизган расмларида яққол кўринади" - давом этади профессор - "Аборигенлар ўз дуо ва ибодатларида ҳам Оллоҳ калимасини ишлатишади".

Баъзи аборигенлар Оллоҳ калимасини бузиб "Валита" дея талаффуз қиладилар. Улар Оллоҳ ёки Валитани ўз худолари, деб билишмаса-да, аммо илк бора улар учрашган хорижийлар - мусулмонларнинг якка Худоси сифатида тан олишади, ҳурмат қилишади ва ўз дуоларида эслайдилар.

Хуллас, денгиз бодрингги савдоси туфайли мусулмон тожирлар Австралияга бориб қолишади ва у ердаги маҳаллий халқ билан мулоқот ўрнатишади.

"Австралия тарихида шу асно илк бора мусулмонлар халқаро савдо ва алоқаларни муваффақиятли тарзда йўлга қўйишган" - дейди Жон Брадлей.

"Мусулмонлар маҳаллий халқлар билан тенг ҳуқуқли муносабатларни ўрнатишган, уларга ҳақиқий инсон ва ҳамкор сифатида қараганлар. Шу боис айни паллалар Австралия тарихидаги олтин давр саналади".

Аммо Макассанлик мусулмонлардан кейин икки аср ўтиб, бу заминга британлар кела бошлашади. Мусулмонлар ташрифидан фарқли тарзда, оврўполиклар ташрифи маҳаллий халқлар учун фожеали кечади.

Оврўполиклар ўзларини янги хўжайин сифатида тутишади ва маҳаллий халқлар ҳамда элатларнинг ўзига хос турли хил маданиятию одатларини писанд қилишмайди. Шунингдек, оқ танлилар барчани битта номда "абориген" деб атай бошлашади.

Аслида эса, Австралияда юзлаб турли элат ва қавмлар яшашган. Туб жой халқлари 250 хил тилда гаплашганлар.

"Оврўполиклар маҳаллий халқларни одам ўрнида кўришмаган, уларни ўз ерларидан бадарға қилишган ва ҳатто мулоқот қилишни ҳам исташмаган".

Яқин-яқингача эса аралаш болалардан ҳам ҳазар қилиб келишган.

Шу асно, мусулмонлар ва Австралиянинг асил халқлари ўртасида бошланган учрашувнинг илк саҳифаси ёпилган. Лекин мулоқот шу ерда тўхтаб қолмаган.

Афғонлар туяларда келтирган Ислом

Австралияни эгаллаган британлар бу юртнинг улкан саҳроларидаги масканларни боғлаш учун транспорт воситасига эҳтиёж сезганлар.

Улар Ҳиндистон (ҳозирги Покистон-Афғонистон чегара сарҳадлари) ҳудудларидан афғонларни келтиришган. Чунки афғонлар туяларни қўлга ўргатиш ва бу жонивордан қандай фойдаланишни яхши билганлар.

Раймонд Сатторнинг туякаш ота-боболари афғон бўлишган, у эса энди абориген

Шу асно, 18-асрда Австралияга мусулмонлар иккинчи бора афғон туячилари сифатида қадам босганлар.

"Менинг исмим Раймонд Саттор" - дейди олтмишдан ошиб қолган туякаш эркак.

Раймонд саҳро ўртасидаги Алис Спринг минтақасида яшайди. Бу ерлар 50 минг йилдан бери абориген халқлари ватани саналади. Аммо Раймонднинг катта бобоси икки юз йил олдин бу ерга туя еталаб келган. Келгану, ортга қайтиб кета олмаган.

Афғонистонга 4 минг нафардан кўпроқ афғон туячи эркаклари олиб келинган. Улар эса айнан маҳаллий абориген аёлларга уйланиб, болалари ҳам бугун абориген бўлиб кетишган.

Алис Спрингдаги саҳро йўллари бўйлаб баъзан тунукадан ишланган, баъзан ғиштин масжидларни кўриш мумкин. Уларни маҳаллий халқ "Афғон масжиди" дейиишади. Дарвоқе, баъзан туяни ҳам бу ерларда "афғон" деб аташади.

Ярим абориген Раймонд Саттор тақводор эмас, лекин ўзининг Исломий илдизларидан фахрланади. У ота-боболари ва асил юртини ҳам унутмаган.

"Катта афғон бобомнинг исми Сайид Саттор, ундан кейингисининг оти эса Сайид Мулла Дод бўлган. Улар Пешин деган шаҳардан келишган" - дейди Раймонд.

Айрим ярим абориген, ярим афғон одамлар эса Покистондаги қариндошларини ҳам биладилар.

"Отам ҳар вақт Қуръон тиловат қиларди" - эслайди Азим Хон исмли абориген - "Мен ҳалиям Покистондаги афғон қариндошларимиз билан хатлашиб тураман. Отам бу ёқларда, аммам бечора Покистонда қолиб кетишган".

Австралияга келган афғон туячилари саҳро ҳудудларида транспорт тизимини яхшилаш йўлида кўп хизмат қилишган.

Афғонлар ва туялар Австралия тарихида мусулмонлар очган иккинчи саҳифа саналади.

Ислом ва аборигенлар: Бугунги мулоқот

Мамлакатнинг энг йирик шаҳри бўлмиш Сидней аборигенлар замини устида тикланган. Ҳозир кўп миллатли ушбу шаҳарда дунёдаги энг машҳур мусулмон абориген яшайди. Унинг исми - Энтони Мандин.

Бокс бўйича жаҳон чемпиони Энтони Мандин - дунёдаги энг машҳур мусулмон абориген

Бокс бўйича уч карра жаҳон чемпиони ўзининг ҳам абориген ва ҳам мусулмонлигидан фахрланади. У ҳатто халқаро беллашувларда ҳам очиқдан-очиқ Оллоҳга ҳамду сано ўқийди.

"Мени насроний сифатида ўстиришган" - дейди Энтони Мандин ўз қарорини изоҳлаб - "Аммо асил абориген инончларимиз Исломга яқинроқ. Шунингдек, мусулмончиликда ирқчилик ва айирмачилик ҳам йўқ".

Австралияда мусулмон аборигенлар сони кўп эмас. Аммо улар шиддат билан кўпаймоқда.

Исломни қабул қилаётган аборигенларга кўра, улар илк мусулмонлар ўз ота-боболарини тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида қараб, улар билан инсондек муносабат қилишганини ўргангач, бу динга меҳрлари орта бошлаган.

Чунки оврўполиклар қўлида улар юз тутган таҳқир ва хўрликлар аборигенлар юрагида тузалмас яра қолдирган.

"Оврўполик истилочилар бизни ёввойи, деб чақиришган ва сизларни Худо ёмон кўради, деган фикрни онгимизга қуйишган" - дейди бугун мусулмон бўлган абориген Жастин Эгайл - "Улар фақат Оврўпоча урф-одат ва динни бизга тиқиштиришган".

"Оқ танли, қора танли деган гаплар эса Исломда йўқ. Аслида бунақа иборалар Оврўподаги калондимоғ ва бошқаларни ерга урадиган тор тушунчалардан келиб чиққан".

Хуллас, ўзларини пастга урган истилочиларни эслаган аборигенлар, улардан олдинроқ келган бошқа ажнабийларни - ўзлари билан тенглик, инсонийлик ҳамда ҳурматга асосланган муносабатларни йўлга қўйган мусулмонларни ҳам ёдга оладилар.

Бу эса уларнинг юрагида Ислом ва мусулмонларга нисбатан дўстона муносабатларни уйғотиши табиий.