Турк сериали сабаб, Алини осиб ўлдиришди

  • 25 Март 2014
  • изоҳлар

"Бўрилар водийси"га тақлид қилиб, ошналари рўмол билан дарахтнинг шохига осган 10 ёшли болакайга ҳеч ким ёрдам беролмади.

Бу турк сериали эса, ҳозир Афғонистонда катталар қолиб, болалар орасида ҳам энг оммабопи саналади.

Афғонистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларидан бирида Али билан юз берган машъум ҳодиса энди одамларни бироз ҳушёр торттирган кўринади.

Улар бугунга келибгина болаларни бу каби зўравон саҳналардан асрашнинг муҳимлиги ҳақида сўз юритишмоқда.

Тасаввур қилинг: Жосус қўлидаги ваҳшатли қуролидан ўт очиб, душманларини тутдек тўкиб ташлайди.

Орадан лаҳза ўтмай, келиб тушган болта унинг қўлини узиб ташлайди. Ён-атрофга тирқираб қон отилади...

Худди шунга ўхшаган саҳналар ўрин олган "Бўрилар водийси" сериалини эса, афғон болалари ётволиб томоша қилишади.

Сериал паштунчага "Вадий Қўрға", деб таржима қилинган.

Унда турли мафиялар ва жосуслик идоралари ўртасида Туркияда қудрат учун бораётган кураш акс этади.

Худди шу манзарада гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғлар ноқонуний савдосининг қоронғу дунёси бор икир-чикирлари билан очиб берилади.

Машъум ҳодиса

Ҳаммаси октябр ойининг қуёшли кунларининг бирида шарқий Ғазний вилоятининг чекка Жағори туманида юз беради.

Ўйнаб юришаркан, 10 яшар Али ва ўртоқларининг бошларига "Бўрилар водийси"даги саҳналардан бирига тақлид қилиш хаёли келиб қолади.

Ошналари бир рўмолни олиб, Алини сериал қаҳрамонидек дарахтнинг шохига осишади.

Али ўзини сиртмоқдан қутқаришга роса уринди, биз уни ёлғондакам қилаяпти, роль ўйнаяпти, деб ўйладик, дея болалар кейинчалик нималар юз берганини Алининг амакисига шу тариқа тушунтириб беришади.

"Али билан юз берган бу каби фожеага ишониш қийин эди. Тўғри, афғонлар худкушлик ҳужумлари, йўлларида ўрнатилган миналар ва ҳаво ҳужумлари қаршисида иложсизлар. Аммо Али ўлмаслиги мумкин эди-ку", - дейди амакиси.

Фақат Алининг фожеий ўлими ортидангина, Tolo TV "Бўрилар водийси"нинг ҳар бир эпизодини "14 ёшгача бўлган болаларнинг кўриши ножоиз", эканига оид огоҳлик билан бера бошлади.

Аммо Tolo TV турк сериалини Афғонистонда кўрсатаётган бир қанча телевизион каналлардан биттасигина, холос.

'Оила даврасида'

Эътироф этиш жоиз, "Бўрилар водийси" сериалини томоша қилишга келганда, Алининг ўлими ҳам, айрим телевизион экранлар орқали янграётган огоҳликлар ҳам пойтахт Кобулдаги Шер Алилар хонадонига писанд эмас.

"Мен бу сериални икки йилдан бери кўраман", - деркан, 8 ёшли Сабрина кўзларини телевизор экранларидан бир сонияга бўлсин, узмайди. "Мен "Бўрилар водийси"ни яхши кўраман".

Турк сериали кўрсатилаётган пайтда фақат Сабрина эмас, унинг оиласидаги 14 жоннинг ҳаммаси телевизор қаршисида михланиб қолишади. Уларнинг орасида яна бир қанча болаларнинг борликларини айтинг.

Экранда эса, сериал Бош қаҳрамонларидан бири Фулад Аламдор ватанини қандайдир таҳдиддан ҳимоя этишга уринаяпти. Фулад ўзининг жозибаси билан Афғонистондаги каттаю кичикнинг бирдек севимли қаҳрамонига айланган. Ҳаттоки, Сабриналар оиласида туғилган гўдакларнинг бирини унинг исми билан ҳам аташган.

"Тўхта, бўлмаса ўлдираман", -дея қичқиради худди шу маҳал Фулад телевизор экранларидан. Орадан бир неча сония ўтмай эса, душманини отиб ташлайди.

"Сериал Афғонистонда кечаётган урушларни бироз бўлса-да унутиб, дам олишимизга имкон беради", - дейди Сабринанинг давлат хизматчиси бўлган амакиси экрандаги қон тўкишларга қарамай.

"Ҳаммаси жойида. Мен бунга чек қўйолмайман. Агар, бугун сериални кўришларига изн бермасам, эртага эрталаб, уйда катталар бўлмаган пайтда, барибир, такрорийсини томоша қилишади", - дейди унинг бошқа бир амакиси Обид.

"Сериал ҳаммамизни бир даврага йиғади. Агар, "Бўрилар водийси" бўлмаганида, бизни бу хонада бирга кўрмас эдингиз", - дейди яна бир амакиси Холид.

Сабрина отасининг гапи эса, ҳаммасидан ҳам ошиб тушади: Жанглар, портлашлар ва суиқасдлар бизга ёд бўлиб кетган, - дейди у киши.

Умид муждаси

Аммо мавжуд ҳолат, барибир, айрим маҳаллий мутахассислар орасида баҳсу мунозараларга сабаб бўлмай қолмаган.

Уларнинг таъкидлашларича, берилаётган огоҳликлар болаларни сериални томоша қилишдан ортга қайтара олмайди.

"Оммавий-ахборот воситаларининг афғон аудиториясини турфа давлат ва маданият маҳсулотларига очишаётгани яхши иш", - дейди шундай экспертлардан бири Шерозуддин Сиддиқий.

"Аммо, ўз навбатида, болалар каби жамиятнинг анчайин ожиз гуруҳларига таъсирини жиддий инобатга олмай туриб, уларни кўрсатиш мақбул ёндашув эмас. Чунки болаларнинг бу каби сериалларга тақлид қилишга ўтишаётгани аллақачон хавотирларни пайдо қилиб улгурган. Бу масалада эҳтиёт бўлиш лозим ва зўравон сериаллар болалар телевизор кўрмайдиган вақтни кўзлаб намойиш этилиши керак".

Tolo TV канали ижодий раҳбарларидан Масъуд Санжарнинг айтишича эса, Фулад Аламдорга ўхшаган қаҳрамонлар афғонларда умид нишонасини уйғотади.

"Ўттиз йиллик урушлар гирдобида бўлган Афғонистонга ўхшаш давлатда одамларни барча муаммолардан фориғ этишга ваъда берувчи қаҳрамонлар, албатта, ҳаммага хуш ёқади. Ватанига ёрдам бериб, унга ўзгартиришлар келтира оладиган қаҳрамон бирданига оммабоп бўлиб кетади", - дейди у.

Унинг айтишича, болаларнинг сериалларни кўриш-кўрмасликлари билан боғлиқ муаммо ота-оналарининг иши.

"Соат кечки 8:00 энг кўп телевизор кўрилаётган вақт, аммо болаларнинг ҳалиям уйғоқ бўлишлари учун соат 21:00 жуда кеч", - дейди у.

Оммабоп Туркия

Афғонистонда шу пайтгача ҳинд фильмлари жуда оммабоп эди. Уларни каттаю кичик ётиб олиб томоша қиларди.

Энди эса, 200 га яқин турк сериали бутун Афғонистон бўйлаб олиб кўрсатилади.

Бунинг асосий сабабларидан бири – Туркия ва Афғонистон ўртасидаги маданий яқинлик бўлса керак.

Ҳамма бирдек севиб томоша қилмайдими, “Бўрилар водийси” ҳозир айрим афғонлар учун тирикчилик манбаига ҳам айланган.

Пойтахт Кобул бозорлари турк сериали саҳналари ва қаҳрамонлари акси туширилган футболка, жемпер, қалпоқ ва плакатларга тўлиб кетган.

“Мен ҳар куни ана шундай футболкалардан 400-500 тагача сотаман. Ўтган ярим йилнинг ўзида 60.000 дона футболкам қўлма-қўл бўлиб кетди”, - дейди сотувчилардан бири Ямма Кўҳистоний.

“Бўрилар водийси” қаҳрамонлари бор ҳайбатини намойиш этиб турган плакатлар ҳозир Афғонистондаги сартарошхоналар, машинаю автобусларни ҳам безаб турибди.

Уларнинг аксларини яна Афғонистонда сотилаётган сақич ва совуннинг қоғозларида ва ҳатто, машиналарда ҳам кўрасиз.

Афғонистон телевизион каналлари орқали намойиш этилаётган сериалларининг машҳурлигидан мамлакатда турк таомлари, мебеллари ва бошқа маҳсулотлари ҳам оммалашиб кетибди.

Бир сўз билан айтганда, турк драмалари оддий афғонларга чегараларни бузиб, четга ҳам боқиш ва ўзлари қарийб 40 йил кўрмаган ҳаётга етишиш орзусини пайдо қилибди.