"Россия узоқ муддатли изоляция ичида қолиши мумкин"

  • 23 Март 2014

Британия Ташқи Ишлар вазири Уильям Хейг Россияга Украинадаги ҳаракатлари боис, узоқ муддатли тўсиқ ичида қолиш таҳдид қилаётганидан огоҳлантирган.

Sunday Telegraph чоп этган мақолада жаноб Хейг Ғарб Россия билан "янги кўринишдаги муносабатлар" ҳақида ўйлаши кераклигини қайд этган.

Унга кўра, бу алоқалар охирги 20 йил ичида қабул қилинган қарорлардан фарқ қилиши лозим.

Шундай муносабатлар доирасида Россия бир қанча халқаро ташкилотларга киритилмайди ва Оврўпога камроқ таъсир ўтказиш имконига эга бўлади, дейди Британия ташқи ишлар вазири.

Жаноб Хейг Россияни бузғунчиликда айблаган.

Белбек ишғоли

Шанба куни Россия ҳарбийлари зирҳли техникалар ёрдамида Қримдаги Белбек ҳарбий базасига бостириб кирган. Бу Украина ҳарбийлари базани тарк этишни инкор қилганларидан сўнг юз берган.

Ишғол пайти отишма ва портлаш овозлари эшитилган.

Украина Мудофаа вазирлигига кўра, Севастопол яқинидаги Белбек базасига ҳужумда икки киши - журналист ва Украина ҳарбийси жароҳатланган.

Бундан аввал россияпараст фаоллар Қрим ғарбидаги Новофедоровка базасини ишғол қилган эдилар. Гувоҳларнинг айтишича, Украинанинг "Славутич" ҳарбий кемаси устига Россия байроғи ўрнатилган.

Би-би-си мухбири қуролларини топширган ҳарбийлар базани Украина мадҳиясини айтиб тарк этганларини хабар қилади.

Россия кучлари Виктор Януковичнинг ағдарилиши ортидан Қримда ўз назоратини ўрнатди.

Кремл бу чораларни ўз ватандошларини украина фашистларидан ҳимоя қилиш мақсадида қўллаганини таъкидлайди.

Киев эса Россия мурожаатини очиқдан очиқ ёлғон деб, ўз майдонини босиб олишни оқлаш эканини айтади.

Айни пайтда президент Путин Россия Федерациясининг Крим ва Севастополдаги бошқарув идораларини 29 мартгача тузишга кўрсатма берган.

Кузатувчилар киритилмайди

21 март куни Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига аъзо 57 мамлакат вакиллари хавфсизлик вазиятини кузатиш учун Украинага халқаро кузатувчиларни юборишга қарор қилган.

100 кишидан иборат мониторинг гуруҳини Украинанинг зўравонликлар кузатилган жануби-шарқий минтақалари, хусусан, Одесса, Донецк, Днепропетровск ва Луганск шаҳарларига олти ой муддатга юбориладиган бўлган.

ОХҲТ йиғинидан кейин ноҳарбий кузатувчилар 24 соат мобайнида Украина минтақаларида жойлаштирилиши хабар қилинган.

Кузатувчилар эътибори россияпарастлар ва Украина тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар рўй берган жойларга қаратилади.

Агар зарур бўлиб қолса, Украинага яна 400 кузатувчи юборилади.

ОХҲТ миссияси борасида АҚШ баёнот эълон қилган.

Бу баёнотда кузатувчилар Украинанинг барча ҳудудларида фаолият юритиш мандатига эга эканликлари таъкидланган.

Бироқ Россия элчиси Андрей Келинга кўра, Қрим энди Россиянинг таркибий қисми бўлган ҳудуд ва ОХҲТ кузатувчиларининг Қримга киришлари мумкин эмас.

Бундан олдин Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти вакиллари Қримга киришга ҳаракат қилганларида гуруҳга қарата ўқ узилган ва улар ортга қайтишга мажбур бўлган эдилар.

Ўтган ҳафтада АҚШ ва Оврўпо Иттифоқининг Россияга қарши жазо чоралари аллақачон ўз таъсирини кўрсата бошлаган.

Россиянинг бир неча банкларида халқаро тўлов тизимлари тўсиб қўйилган. Турли ҳисоб-китобларга кўра, халқаро санкцияларнинг Россия иқтисодига етказадиган зарари ҳар чоракда 50 миллиарддан ошиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ