BBC navigation

Александр Лукашенко Қрим масаласида Украина ҳукуматини айблади

Сўнгги янгиланиш 23 март 2014 - 11:17 GMT

Беларус Президенти Александр Лукашенкога кўра, Қримни қўлдан бой берилишига Украина янги ҳукуматининг ўзи айбдор.

"Ҳукуматга келибоқ, шошма-шошарлик билан рус тилини тақиқлаш ва русийзабон аҳолига босим ўтказиш нимага керак эди? Россия Қримни босиб олмади. Сиз сиёсатчилар турланманглар. Россия нима бўлаётганини кўрди ва Қримга аралашди. Лекин бунга сабабни Украина ҳукуматининг ўзи берди. Қримда 2,5 миллион руслар бор", деб айтган жаноб Лукашенко Интерфаксга берган интервюсида.

Лукашенко жаноблари шунингдек, Қримни Россияга киришини тан олиш ёки олмаслик ҳар кимнинг иши, лекин бу билан ҳеч нарса энди ўзгармайди дейди. "Қрим Россиянинг ҳудудига айланиб бўлди. Биз бу ишга аралашмаймиз", деб айтади у.

Шунга қарамай, Беларус президенти Россиянинг тутган йўлини қувватлашини билдиради. "Биз ўйлаб сиёсат юргизамиз. Лозим бўлганда эса, ҳар доим Россия билан бирга бўламиз. Мен бу ҳақда Путинга ҳам айтдим".

Лукашенко Украинадаги охирги воқеаларга инсон сифатида муносабати салбий эканини таъкидлайди. "Россиянинг оқибатда шундай чора кўришга тўғри келиши бу ёмон. Украинада содир бўлган ва бўлаётган воқеалар менга бутунлай ёқмайди", деб айтади жаноб Лукашенко.

Беларус президенти Украина халқи ёқлайдиган ҳукумат билан ҳамкорлик қилишини қайд этган.

Россиянинг ҳаракати қўшни давлат раҳбарларини ҳам шошириб қўйди.

Лукашенконинг изоҳ беришича, Беларусдаги Россия ҳарбий техникаси айтилаётганидек, Россиянинг босими туфайли эмас, ўзининг илтимосига кўра киритилган.

Лукашенко Оврўпо ва АҚШнинг Россияга жазо чораларига ўз муносабатини билдирар экан, "Ғарб бу ортиқча шов-шув, ҳеч нарсага қодир бўлмаган одамлар. Бундан олдин ҳам бундай ҳаракатлар бўлган. Мен бошида уруш бўлмасин деб ҳатто қўрқиб кетдим. 20 кишини Оврўпога қўйилмас эмиш. Уларнинг бир қисми Оврўпога ҳеч қачон бормаган, бошқа қисми хизмат вазифасига кўра, бориши ҳам шарт эмас. Беларус ва Россияга киритилган чораларни бир солиштириб кўринг. Қўрқинчли. Россия Беларус эмас албатта. Шунинг учун айлантиради, бошқа қилади, нима бўлганда юзини сақлаб қолишга интилади. Ҳеч нарсага қодир эмас улар", дейди.

Беларусга жазо

Оврўпо Иттифоқи 2011 йилда Беларусдаги оммавий тартибсизликларга алоқадор бир қанча Беларус амалдорига санкциялар киритган, бу санкциялар энг аввало "оммавий тартибсизликлар"га алоқадор иш юзасидан ҳукм чиқаришда иштироки бўлган ҳакамлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларига тааллуқли бўлганди.

ОИ Беларус Президенти Александр Лукашенко ва унинг ўғиллари дохил 150 дан ортиқ амалдорнинг Оврўпо Иттифоқига аъзо давлатлар ҳудудига киришларини тақиқлаб қўйганди.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, Беларус ҳукумати ўз мухолифларини мислсиз равишда қатағон этиб келади.

Президент Лукашенко ўзига ва амалдорларига нисбатан жазолардан сўнг журналистларга "Ғарб ва Америка билан мулоқот қилиш истаги йўқ"лигини билдирган.

"Улар билан гаплашиб бўлмайди ва сўзлашиш ҳам мумкин эмас. Улар тарбияли одамлар эмас: тиллари ва диллари бошқа-бошқа," дея айтган у.

Беларус ҳукумати ҳам халқаро санкциялардан сўнг Ғарб сиёсатчиларига қаратилган "қора рўйхат"ни тузганди.

Президент Владимир Путиннинг 21 мартда Қримнинг Россия Федерацияси таркибига кириши ҳақидаги қонунни имзолаганидан кейин Ғарб Россияга қандай таъсир қилишни муҳокама қилмоқда.

Қримни расман ҳеч бир мамлакат тан олгани йўқ. Қозоғистон, Қирғизистон, Абхазия ва Арманистон Россияни қувватлашларини билдиришди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Наврўз байрамидаги чиқишида Қримни тилга олмаган бўлса ҳам, можароларни фақат тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди.

АҚШ ва Оврўпо давлатлари эса Қримни қўшиб олинишини аннексия деб атаб, бир қатор расмий мулозимлар ва банкларга қарши санкциялар киритди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.