BBC navigation

Қрим референдуми учун Россияга қарши жазо чоралари киритилди

Сўнгги янгиланиш 17 март 2014 - 08:47 GMT

Украинанинг Қрим ярим оролидаги россияпараст аҳоли 16 март кунидаги референдум натижаларини шод-хуррамлик билан нишонлашар экан, Ғарб жазо чораларига қўл уришга қарор қилган.

Оврўпо Иттифоқининг 28 давлатининг бу чоралари виза тақиқлови ва айрим Россия расмийларининг банк ҳисобларини музлатиш амалларини назарда тутади.

Оврўпо Иттифоқининг дастлабки жазолари сифатида Россия ва Украинанинг 21 давлат мулозими Оврўпо давлатлари ҳудудига кириши тақиқланди ва банк ҳисоблари музлатилиши билдирилди. Рўйхатда кимлар борлиги санкциялар амал қилишни бошлашигача ошкор этилмайди.

Манбаларнинг хабар қилишича, Оврўпо ушбу чоралар Россияни сергаклантиради, ҳаракатларининг оқибатини ўйлаб кўришга ундайди деб умид қилади.

Президент Барак Обама ҳам Москвани огоҳлантирган.

Украинадаги амаллари учун Вашингтон Россияга қарши "баҳо" жорий этишга тайёр, деб айтган Президент Обама.

Хитой эса Қрим референдумидан сўнг Украинадаги инқирозни ҳал қилиш борасида вазминлик билан қарор қабул қилишга чақирмоқда. Хитой Ташқи ишлар вакилига кўра, сиёсий музокаралар инқирозни ечишнинг ягона йўли ҳисобланади.

На Украина ҳукумати ва на Россиядан ташқари бошқа бирорта мамлакат қонунийлигини эътироф этган референдум Қрим жамияти иккига бўлинган шароитда ўтказилган.

Қрим аҳолисининг 58 фоизини ташкил қиладиган руслар ярим оролнинг Россия таркибига кириши тарафдори, 12 фоиз Қрим татарлари ва украинлар Украина таркибида қолишни хоҳлашади.

Қримнинг россияпараст расмийларига кўра, референдумда иштирок этганларнинг 97 фоизи Россияга қўшилиш учун овоз берганлар.

Қрим татарларининг Мажлиси референдумни бойқот қилишга чақирган.

Бу бойқотни дастаклаганлар овоз беришда қатнашмаганлар.

Қримдаги руслар референдум натижаларини эрталабгача байрам қилганлар.

Россия Қрим референдуми натижаларини қабул қилиши ҳақида эълон қилди.

Россия Давлат Думаси тез орада Қримнинг Россияга қўшилишига изн берадиган қонуний ҳужжатни қабул қилиши ҳақида айтган Дума спикери ўринбосари.

Қрим Олий Кенгаши аллақачон Россия рублини расмий миллий валюта деб эълон қилган. Олий кенгаш қарорига кўра, Украина гривнаси Қрим ҳудудида 2016 йилгача амалда бўлиши мумкин.

Ундан олдин депутатлар мухториятнинг мустақиллиги ҳақида қарор қабул қилган эдилар.

"16 март референдуми натижаларидан келиб чиқиб, республика олий кенгаши Қримни мустақил давлат деб эълон қилади. бунда Севастопол шаҳри муҳим мақомга эга бўлади." дейилади парламент мурожаатида. Парламент шунингдек, Россиядан Қримни федерация таркибига қабул қилишни сўраган.

Айни пайтда Россия ташқи ишлар вазирлиги Украинадан рус тилини иккинчи расмий тил сифатида кўришга чақирган.

Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлиги халқаро ҳамжамиятдан Украинани қувватлаш гуруҳини тузиб, инқирозни ечишни таклиф қилмоқда.

Москванинг фикрига кўра, инқироздан чиқиш учун аввало 2014 йил 21 февралда президент Янукович ва мухолифат ўртасидаги келишув амалга ошишини таъминлаш лозим.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.