Шиа бўлган ўзбеклар: Нимаси хато?

  • 14 Март 2014
Сурайё сунний ўзбек, аммо қизини шиа йигитга узатгач, оиласи маломат остида қолди

"Қизим бахтли. Куёвим уни эркин қўйган, шиа мазҳабига кирасан, деб мажбурлаётгани ҳам йўқ. Оллоҳдан яна бошқа нима тилашим мумкин?"

Мозори Шариф чеккасидаги Боғи Бўстон маҳалласида яшовчи, қирқ ёшлар чамасидаги ўқимишли аёл - Сурайё-опа ўз оиласи қарорини шундай изоҳлайди.

"Қизим ғайримусулмонга теккани йўқ. Шиа ҳам биздек мўъмин, улар ҳам Оллоҳ дейди, Қиблага бош қўяди" - дейди суҳбатдошимиз.

Ғарбона жигарранг кийим кийган, бошига ҳам мос рангли рўмол ташлаган Сурайё-хоним асли фарёблик ўзбеклардан. У Толибон давридан бери фаол аёллардан.

Толибон қудратда пайти унинг шиа дўст ва қўшниларини ўлдирмоқчи бўлганида, ўртага тушиб уларни асраб қолган.

"Ўз қўшним, оиламиз дўстини шиа бўлгани учун ташқарига олиб чиқиб, отиб ташлашган. Ўшанда ҳеч нима қила олмай қолдим" - дейди у ўкиниб.

Тақдир экан, бугун эса шиаларга қуда тутинди.

Хато никоҳ?

Бироқ кўплаб сунний танишлари ва қўшнилари ўзбек қизининг шиа тожик-ҳазора йигитга турмушга чиқишига қаршилик қилишган.

Маҳалла арбоби Абдулраззоқ ҳатто сунний уламолар ва муллалар билан гаплашиб, диний китобларни топиб, қўшнисини бу тўйни бекор қилишга ундаган.

"Қизингни шиага узатма, деб кўп уриндим, аммо гапимга қулоқ солишмади" - дейди кўк чойни ҳўплаб, ён девор қўшниси ҳовлисига ишора қилганча арбоб Абдулраззоқ.

Шиа масжидида намоз ўқиётган Гулмуҳаммаднинг янги мазҳабини барча қариндошлари ҳам қабул қилишмаган

"Биз улардан қиз олишимиз мумкин, агар у суннийликка кирса" - дейди муллалар фикрини баён этиб суҳбатдошим - "Бироқ шиаларга қиз беролмаймиз".

Сунний уламолар бу ҳассос масалада очиқ гапиришни исташмайди. Аммо микрофонни ўчиришни сўраб, алал-оқибатда, сунний қизи шиа йигитга турмушга чиқиши мумкин эмас, чунки аёл киши кўпинча эрининг мазҳабига ўтади, болалари отасинигн динида тарбий топади, деб айтишади.

Шиа олимлари эса бу масалада бироз эркин қарашларини ва ёшлар исташса, муайян шартлар билан оила қуришлари мумкинлигини айтишади.

Лекин айни муайян шартлар бу - келин ё куёвнинг турмуш ўртоғи мазҳабига ўтиши деган гап.

Сунний қудалар ҳам, шиа қудалар ҳам ўз фарзанди мазҳабини алмаштиришини исташмайди.

Бироқ Сурайё-опанинг қудалари қизингиз ўз сунний мазҳабида қолаверсин, ҳатто фарзандларини ҳам келажакда сунний қилиб тарбиялаши мумкин, деб ижозат берганлар.

Шунга қарамай, қатор сунний қўшнилар тўйга келишмаган. Сунний муллалар икки ёшга никоҳ ўқишдан бош тортишади.

Қариндош ва қўшнилар босими остида қолган ўзбек келиннинг оиласи никоҳни сунний мулла ўқитишга мажбур бўлади. Ниҳоят, узоқ қишлоқдан бир ёш сунний муллани топиб келтирадилар.

'Шиа бўлдим, муртад эмас'

Кобулдаги шиа масжиди

Афғонистонда қарийб 20% аҳоли шиа. Ўзбеклардан ташқари қарийб барча миллат таркибида шиалар бор.

Аммо яккам-дуккам ўзбеклар ҳам шиаликка киришмоқда.

Гулмуҳаммад Давлатобод ўзбекларидан. Уйланган, тўрт фарзанднинг отаси.

У ҳали 10 йил аввал яширинча шиа мазҳабига кирган. Бироқ бу қарорини узоқ йиллар ҳеч кимга, ҳатто ота-онаси ва хотинига ҳам билдиролмайди.

Икки йил олдин у ўзининг шиалигини эълон қилади.

"Қатор қариндошларим мени кофир, деб гаплашмай қўйишди. Ҳатто хотинимга ҳам энди никоҳинг ҳаром бўлибди, деб айтишган".

Гулмуҳаммад ўз рафиқасига қилган иши хато эмаслигини, шиа ҳам, сунний бирдек тан олинган мусулмон эканлигини тушунтирган.

"Агар шиалик хато бўлса, суннийлик ҳам хато бўлмайдими?" - дейди қизишиб Гулмуҳаммад - "Исломда икки мазҳаб ҳам бирдек тан олинган. Мен Исломдан кечиб муртад бўлганим йўқ-ку?"

Гулмуҳаммад бугун рафиқаси унинг ҳолатини англаганини, бирга яшаётганини айтади. Лекин оиласидаги барча ҳам уни тушунаётгани йўқ.

У билан бирга қурилишда ишлайдиган укаси эса акаси Гулмуҳаммаднинг қарорини оқламаслигини, ҳеч қачон суннийликдан воз кечмаслик кераклигини уқдиради.

"Бошида акам билан гаплашмай қўйдим, олишдим ҳам. Аммо онам узилиб кетманглар, деб ўтингани учун яна муносабатларимизни тикладим".

Сиёсийлашган фарқлар

Арбоб Абдулраззоққа кўра, сунний қизнинг шиа йигитга турмушга чиқишини уламолар ҳам қабул қилишмаган

Аслида шиа ва сунний фарқи Муҳаммад Пайғамбар ўлимидан сўнг юзага чиққан.

Ўшанда янги Халиф фақатгина пайғамбар оиласидан танланиши керак, деб айтган озчилик мусулмонлар кейинроқ шиалар, деб аталган.

Бундай шарт қўйиш муҳим эмаслигини таъкидлаган кўпчилик эса энди суннийлар сифатида маълум.

Муайян маросимлар, маиший муносабатлар ва ибодат борасида жузъий фарқларни айтмаса, икки мазҳаб бошида кўп ажралиб турмаган.

Аммо Пайғамбарнинг невараси, Карбалода ўлдирилган Имом Ҳусайнга ҳамон аза тутадиган шиалар бутун мазҳабга мотамсаролик бахш этганлар.

Ҳар йили Имом Ҳусайн ўлдирилган Муҳаррам ойида шиалар қора кийиб, ўзларини уриб, кўксиларини тиғлаб йиғлашади.

Шиалар ҳамон Муҳаррамда ашула айтгандек нолаю фиғон билан Ҳусайн ўлимидан қисса қиладилар, кўчаларда ғамгин исломий гиря айтадилар.

"Ёшлигимда шиа-сунний фарқ қилмасди" - дейди Кобулдаги шиа етакчиларидан бири Оятулло Аҳмад Мударрисий.

"Отам сунний дўстлари билан бирга уйимизда оқшомгача суҳбатлар қурар, намоз вақти бирга ибодат қилишарди" - деб давом этади Оятулло - "Аммо дунёдаги йирик кучлар бугун икки мусулмон биродарни, яъни шиа ва суннийни уриштириб қўйишди".

Шиалар Имом Ҳусайн таъзияси учун масжидда ош тортишмоқда

"Ироқ, Сурия ва ё Покистондаги шиа-сунний урушлари аслида Ислом динидан келиб чиқмаган" - дея хулоса қилади Аҳмад Мударрисий - "Агар дунёни бошқараётган йирик кучлар Афғонистондаги шиа ва суннийни уриштиришни исташса, бемалол буни эплашади, деб қўрқаман".

Афғонистондаги сунний кўпчилик ва шиа озчилик шунча йиллик урушларда ҳам ҳеч қачон ўзаро мазҳабий низога киришмаган. Бироқ бугун кўплаб мамлакатларда икки мусулмон бир-бирига ҳужум қилиб, урушаётган экан, айни ҳолат Афғонистонда ҳам кўпчиликни чуқур хавотирга солиб қўйган.

Ҳозирча мусулмон оламидаги мазҳабий низолардан ўзини сақлаб келаётган Афғонистонда эса жузъий фарқлар ва айрим одамлар шууридаги ўзгачалик энг заиф нуқта бўлиб ўртага чиқиши эҳтимоли кўпларни қўрқувга солади.

Мозори Шарифда эса шиа мазҳабига ўтган Гулмуҳаммад ҳам, унинг сунний укаси ҳам пешин намози олдидан таҳорат олиб, яқиндаги икки масжидга йўл оладилар.

Ака шиа масжидига, ука сунний масжидига бориб, Қиблага бош қўйишади, икковлон ҳам Оллоҳга ҳамд-сано ўқишади, унинг Расулини улуғлашади.

Худди шу жойда, шу дақиқада шиа ва сунний орасида фарқ чизиғини тортиб ҳам, топиб ҳам бўлмайди.

Аммо бу чизиқ эса қаердадир ташқарида, балки сиёсий доираларда, балки муайян қарашларга мойил шуурлардагина тортилгандек туюлади, холос.