Буюк Чингизхон қудратининг сири очилди, гап нимада дейсизми?

  • 12 Март 2014
  • изоҳлар

Агар, худди шу масала устида йиллаб бош қотирган олимларнинг хулосаларига таянилса, яхши об-ҳавода!...Қандай қилиб, дейдиган бўлсангиз, тафсилотларига қулоқ тутинг:

Тарихдан яхши хотирангизда бор: Чингиз Хон ва унинг буюк Мўғуллар империяси 13-асрнинг бошларида қад ростлайди ва ўзининг бор қудрати, шон-шавкатини намоён этади.

Ҳа, бунга ҳам минг йилдан ошиқроқ вақт бўлибди.

Лекин, шунга қарамай, америкалик олимлар Мўғулистон марказидаги ўша пайтдан қолган қадимий дарахтлар танасидаги халқаларни ўрганиб, ҳамманинг ақлини шоширган ёки ҳайратларини тоширган бу каби хулосага келишибди.

Олимларнинг текширувлари натижасига таяниб айтишларича, дарахтлар танасидаги халқалар айнан Чингиз Хон шон-шавкатга тўлган йилларда об-ҳавонинг илиқ ва серёғин бўлганини кўрсатган.

Яъни, ўт-ўлан яхши бўлгани боис, минглаб жангчиларининг отлари учун емиш муаммо бўлмаган.

Бундан фойдаланган Чингиз Хон янада каттароқ ҳудудларни босиб олиш учун аввалига Мўғулистондаги барча қавмларнинг бошини бир ердан қовуштирган.

Кейин эса, буёғи кетаверган: Корея, Хитой, Россия, шарқий Оврўпо, Ҳиндистон ва жанубий-шарқий Осиё...

Туғма саркарда

Олимлар Миллий Академияси олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, Чингиз Хон қудратга келмасидан аввал, яъни 1180 ва 1190 йиллар оралиғида Мўғулистонда қақшатқич қурғоқчилик юз беради.

Аммо Чингиз Хон империяси кенгайгандан кенгайиб бораётган 1211 ва 1225 йилларда Мўғулистонда ғайриодатий бир равишда ёғингарчилик ва илиқ об-ҳаво кузатилади.

“Қақшатқич қурғоқчилик ортидан иқлимнинг бу қадар нам келиши инсонларнинг фаолиятида ҳам катта роль ўйнамай қўймаган”, - дейди тадқиқот ҳаммуаллифларидан бири бўлган Ғарбий Виржиния Университети олими Эми Ҳесл “Франс-Пресс” ахборот агентлигига.

“Албатта, об-ҳавони яккаю ягона омил деб бўлмайди. Аммо айнан об-ҳавонинг бунчалар яхши бўлиши Чингиз Хондек туғма раҳбар учун бош-бошдоқликлар орасидан бош кўтариб, ўз лашкарини тузиш ва қудратни ўз қўлига олиши учун кўнгилдагидек шарт-шароитни яратган”.

“Қаерда қурғоқчилик бўлса, кутилмаган серёғин об-ҳаво ўт-ўланнинг мўл бўлишига сабаб бўлади, бу эса – ўз-ўзидан отлар учун емишнинг сероблигини англатади. Мавжуд ҳолат Чингиз Хонга ниҳоятда қўл келган ва у бундан жуда унумли фойдаланган”, - дейди америкалик олима.

Об-ҳаво, "Ол, қулим", деб тураркан, Чингиз Хон ҳам тарқоқ қавмларни бирлаштириб, улардан жуда қудратли бир лашкар барпо этишнинг уддасидан чиқади ва бирпасда ён-атрофларидаги барча ерларни босиб олади.

Америкалик олимлар эса, қатъийроқ хулосага келиш учун ҳар қандай дарахт устида эмас, Мўғулистоннинг ёввойи ўрмонларида ўзлари кутилмаганда тўқнаш келган ноёб Сибир қайинлари устида ўз тадқиқотларини олиб боришади.

Аён бўлишича, олимлар бу қайинларни Хангай тоғларида, қотиб қолган лава ёриқларида илдиз отган аҳволда учратишади.

Бу каби шарт-шароитда қад ростлаган дарахтлар эса, бошқаларига қараганда, секинроқ ўсади ва иқлим ўзгаришларига ҳам жуда сезгир бўлади.

Бу эса, айниқса, тарихий воқеаларни ўрганмоқчи бўлган олимлар учун мўл-кўл маълумот дегани...

Чунки олимлар халқалари устида кечаю кундуз тер тўккан айрим дарахтларнинг ёши, ростдан ҳам, минг йилдан ошиши айтилмоқда.