BBC navigation

Малайзия учоғи орқага қайтган бўлиши мумкин

Сўнгги янгиланиш 9 март 2014 - 09:39 GMT

9 март куни Малайзия ҳаво кучларидан билдиришларича, ҳарбий радарлар Boeing 777 йўловчи учоғи ғойиб бўлишидан олдин ортга бурилганини кўрсатган.

Ушбу хабар ортидан 8 март ярим тунида Малайзиянинг Куала-Лумпур аэропортидан бортида 239 одам билан Пекинга парвоз қилиб йўқолган учоққа нима бўлгани ҳақидаги мавҳумлик янада кўпайган.

Айни пайтда Малайзия расмийлари учоқдаги тўрт шубҳали йўловчи шахсиятини текширишни бошлаганлари ҳақида маълум қилганлар.

Ҳавога кўтарилганидан икки соатча ўтганидан кейин Малайзия билан Вьетнам ўртасидаги Жанубий Хитой денгизи устида учоқ билан алоқа йўқолган.

Ўша пайтда минтақада жуда яхши об-ҳаво шароити бўлган.

Учоқ парвози ҳар доимгидек давом этаётган бўлган ва учувчилар бирор бир ноодатий ҳолат ҳақида хабар бермаганлар.

Boeing 777 учоғи йўналишида улкан қидирув ишлари давом этмоқда.

Малайзия, Таиланд, Сингапур, Индонезия, Хитой, АҚШ ва Вьетнамга тегишли 22 учоқ ва 40 кема қидирув ишларига жалб қилинган.

Вьетнам ҳаво кучлари денгизда икки жойда улкан ёқилғи изларини топганлари ҳақида хабар қилганлар.

Бироқ тўкилган бу ёқилғи ғойиб бўлган учоққа тегишлими ёки йўқми, аниқ эмас.

Атрофда учоқ қолдиқлари топилмаган.

Пекинга парвоз қилган учоқда 227 йўловчи, 12 экипаж аъзоси бўлган.

Учоқдаги йўловчиларнинг исми-шарифлари эълон қилинган.

Маълум бўлишича, икки киши учоққа бегона одамларнинг паспортлари билан чиққанлар.

Йўловчилар рўйхати эълон қилинганидан кейин Италия ва Австрия расмийлари бу мамлакат фуқароларининг паспортлари Таиландда бўлган пайтлари йўқолгани ҳақида хабар қилганлар.

Малайзия Нақлиёт вазири Ҳишамуддин Ҳусайн шубҳали шахслар тушиб қолган кузатув камералари видеоёзувлари ўрганилаётгани, Малайзия жосуслик хизматлари халқаро ҳамкасблари, хусусан АҚШнинг Федерал Қидирув Бюроси билан ҳамкорликда текширишни давом эттираётганлари ҳақида маълум қилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.