Украина парламенти Янукович истеъфосини маъқуллаган

  • 22 Феврал 2014
Янги спикер Александр Турчинов раислигида Украина Олий Радаси қатор қарорлар қабул қилган.

Украина Олий Радаси депутатлари Виктор Януковични президентлик лавозимидан муддатидан олдин кетказиш кўзда тутилган қарорни маъқуллаб овоз берганлар.

Рада ТВ телеканали парламентдаги овоз беришни тўғридан-тўғри намойиш этган.

Унда Виктор Януковични истеъфога чиқаришни маъқуллаб 328 парламент аъзоси овоз бергани кўрсатилган.

328 овоз Украина Олий Радасида конституцион кўпчилик ҳисобланади.

Парламент қарорида айтилишича, Виктор Янукович Украина президенти ваколатини адо этишдан бош тортган ва шунинг учун Олий Рада давлат раҳбарининг муддатдан олдин сайлови ҳақида қарор қабул қилишга мажбур бўлган.

Парламент 25 май кунини Украинадаги муддатидан олдин президентлик сайлови куни деб эълон қилган.

Бундан олдин Олий Рада спикери Владимир Рибак истеъфога чиққани, унинг ўрнига мухолифатдаги "Баткившина" раҳбари Александр Турчинов Украина парламенти раҳбари этиб сайлангани хабар қилинган.

Юлия Тимошенко озод этилган

Сўнг парламент мамлакатнинг 2004 йилги конституциясини ҳаётга татбиқ этиш ҳақидаги қарорни маъқуллаган.

Ушбу конституцияга кўра мамлакат ҳукуматини президент маъқулловисиз ҳам шакллантириш мумкин.

Шунингдек, парламент мухолифат раҳбари Юлия Тимошенкони қамоқдан озод қилиш ҳақида қарор қабул қилган.

Мухбирлар бироздан кейин Тимошенко хоним Харков шаҳридаги қамоқхона шифохонасини тарк этгани ҳақида хабар тарқатганлар.

Маҳаллий вақт билан соат 16 да қатор Украина телеканаллари Россияга яқин Харков шаҳридан Виктор Янукович телемурожаатини намойиш этганлар.

Ўз баёнотида жаноб Янукович истеъфога чиқмаслигини, янада кўп қон тўкилиши олдини олиш мақсадида қўлидан келган ҳамма ишни қилаётганини айтган.

Сўнгги ҳодисаларни у давлат тўнтаришига уриниш деб баҳолаган, халқаро ҳамжамиятни Украинадаги "радикалларни тўхтатишга" чақирган.

Бу мавзуда батафсилроқ