Таҳлил: АҚШ Афғонистонни Хитойга бериб қўядими?

  • 22 فبراير/ شباط 2014
  • изоҳлар

Етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, йўқ. Аммо, уларнинг бирдек эътироф этишларича, бугун ўша Ғарбни жиддий хавотирга солаётган иқтисодий ва ҳарбий қудратидан фойдаланиб, Хитой минтақада ўз сўзини айтишга қаттиқ ҳаракат қилади. Хўш, нимага муваффақ бўлади?:

Таҳлилчиларга кўра, минтақадаги йирик ўйинчи давлатлар: Россия, Покистон, Ҳиндистон, Эрон ва буёғи Афғонистоннинг ўзи билан мувозанатли алоқалари сабаб, қудратли Хитой афғон можаросининг ечимида йирик дипломатик роль ўйнаши мумкин.

Уларнинг бу каби баҳолари Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари 13 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан афғон можаросига бирор бир ечим топмай, айнан Хитой ва Эрон сабаб, ўзлари учун ўта муҳим геосиёсий аҳамият касб этган Афғонистонни тарк этаётган бир манзарада янграмоқда.

Ўтган 12 йил бадалида илк бор Кобулга расмий сафар билан ташриф буюрган Хитой Ташқи ишлар вазирининг баён қилишича эса, афғон ҳукумати АҚШ билан муҳим хавфсизлик битимини имзолаган тақдирда ҳам, бу - ўзларига бевосита қўшни Афғонистон билан муносабатларига таъсир қила олмайди.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, имзоланган тақдирда, мазкур битим бу йилги оммавий сафарбарлик ортидан ҳам, хорижий қўшинларнинг Афғонистондаги ҳарбий ҳозирликларига расман изн беради.

15 мингтагача чет эл аскари ва қатор ҳарбий базаларининг афғон тупроғида қолишига замин яратади.

Имзоланмаган тақдирда эса, Афғонистонда бирор бир хорижий аскар қолмайди. Ғарбнинг дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири бўлган Афғонистонга йилига бир неча миллиард долларлик молиявий ёрдамлари ҳам тўхтайди.

Минтақавий таҳлилчи Фазл Аҳмад Бургутнинг айтишича, айнан Ғарб кучларининг ҳозирликлари сабаб, Хитой ҳам шундоққина биқинидаги Афғонистонни ўз ҳолига ташлаб қўя олмайди.

Бошқа томондан, мустақиллик истагида бўлган мусулмон уйғур бўлгинчилари муаммоси сабаб, ўзига бевосита чегарадош бир мамлакатда Толибон бошчилигидаги исёнчи гуруҳларнинг фаоллашувига ҳам бефарқ қараб тура олмайди.

Худди шу боис ҳам, расмий Пекин яқинда бутун минтақада каттароқ дипломатик роль ўйнаш истагида эканига ошкора ишора қилган ва афғон можаросида энг муҳим ўрин тутиши айтилган Покистон билан алоқаларини кучайтиришга зўр берган.

Ташвиш ортидан...

Сўнгги йилларда бу икки давлат мулозимлари орасидаги ўзаро борди-келдиларнинг анчайин фаоллашгани кузатилади.

Ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш истагидаги баёнотлар эса, юқори минбарлардан ошкора баён қилинмоқда.

Воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида расмий Исломобод ўтган йили Хитой ҳукуматининг талаби билан минтақада фаол деб кўрилган уч экстремист ташкилотнинг фаолиятини ҳам расман тақиқлади.

Булар Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Исломий Жиҳод Иттифоқидир.

Айтилишича, Хитой ушбу гуруҳларнинг Шинжон вилоятидаги исёнкорлик ҳаракатларига алоқаси борлигига ишонади.

Расмий Исломободнинг бу саъй-ҳаракатлари айрим таҳлилчилар томонидан Хитойга олий даражада кўрсатилган бир илтифот сифатида ҳам баҳо топди.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Хитойни хорижий қўшинларнинг бу йилги оммавий сафарбарликлри ортидан, Афғонистонда стратегик бўшлиқ, ноаниқлик ва толибларнинг ҳокимиятга қайтиши эҳтимоли қўрқитади.

Уларнинг айтишларича, агар бу каби эҳтимол амалга ошса, Хитой учун жиддий бошоғриқлар бошланади.

Толибон мафкуравий ҳаракат сифатида ҳеч қачон расмий Пекин билан муросага бормайди ва мусулмон уйғур бўлгинчиларини шундоққина топшириб қўймайди.

Таҳлилчиларга кўра, воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида ўз мустақилликлари учун курашаётган уйғур исломий ҳаракатларининг Хитойнинг шундоққина биқинида, яъни Афғонистонда плацдарм топиши эҳтимоли кучаяди.

Хитой эса, бундан ташвишда: Ҳатто, яқинда минтақадаги тўрт йирик ўйинчи давлатнинг бу йилги "Истанбул анжумани"га мезбонлик қилиш истагида эканини ҳам баён қилганди.

Яна бир манфаат

Дунёда аҳолиси энг йириги бўлган ва иқтисоди жадаллик билан ривожланиб бораётган Хитой иқтисодий жиҳатдан ҳам Афғонистон билан ҳамкорликдан манфаатдор.

Уни ўзининг янги бозорига айлантириш билан бирга, Афғонистон эга бўлган йирик мис ва нефть захираларига ҳам катта қизиқиш бир қарайди.

Афғонистондаги узоқ йиллик беқарорликларга қарамасдан, "Ойнак" мис конини ўзлаштириш учун 3 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган.

Йирик нефть захиралари борлиги тахмин этилган Афғонистон шимолидаги нефть конларида ҳам аллақачон иш бошлаб юборган.

Яъни, Хитой Ҳиндистон билан бирга Афғонистоннинг минтақадаги энг биринчи ва энг йирик икки ётиримчиси саналади.

Лекин, минтақавий таҳлилчиларга кўра, иқтисодий манфаатлари манзарасида ҳам, Афғонистон Хитой учун энг аввало хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳим бўлиб қолаверади.

Ва, худди шу сабабдан ҳам, глобал сиёсатда ўз сўзини айтишга асос яратаётган бугунги ҳарбий ва иқтисодий қудратидан фойдаланиб, энг аввало ўз манфаатлари йўлида чорак асрлик афғон можаросига ечим топмоқчи бўлаётган янги куч сифатида ўртага чиқади.

Яқинда айрим Ғарб нашрлари расмий Пекин афғон ҳукумати ва Толибон ҳаракати ўртасидаги тинчлик музокараларида воситачилик қилиш уринишлари ҳақида ёзишган, Хитой нима учун толиблар билан сўзлашмоқда, деган саволларни ўртага қўйишганди.

Жумладан, "Foreign Policy" журнали ҳамма қолиб айнан ва ёлғиз Хитойнинг АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари томонидан Афғонистонда тузуми ағдарилган 2001 йилдан буён Толибон билан ўзаро алоқада бўлиш интилишларига эътибор қаратган, хитойлик мулозимларнинг орада Толибон вакиллари билан Покистон ва Хитойнинг ўзида учрашганликлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтганди.

Қудратли Хитойнинг бугунги истаклари ҳақида минтақавий таҳлилчи Фазл Аҳмад Бургут билан суҳбатимизда батафсил тингланг.