Даҳрий билан 'қабр' учрашуви ёки жазни 'Қуръон'га тенглаштириб бўладими?

  • 19 Феврал 2014
  • изоҳлар

АҚШ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "қора рўйхати"да эканига қарамай, изидан тушсангиз, Абубакир Шариф Аҳмадни топиш қийин эмас.

Ҳа, ишонаверинг, мен буни ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаяпман.

Момбасанинг Маженго мавзесига бориб, шундай одам қаерда яшайди, десангиз, ҳамма сизга йўл кўрсатиб юборади.

Фақат ижикилаб сўрамасангиз бўлди, акс ҳолда маҳаллий аҳолида шубҳа уйғотасиз.

Лекин кўпчилик уни лақаби билан биларкан. Бир марта эшитсангиз, сизнинг ҳам хотирангизда муҳрланиб қолиши табиий - "Макабури". Сваҳиличада "Қабр", дегани.

Ҳам АҚШ ва ҳам БМТ Абубакир Шариф Аҳмадни террорчиликда қўли бор, деб гумон қилади.

Кениялик ёш мусулмонларни Сомалида жанг қилиш учун ёллашда айблайди.

Абубакирнинг ўзи ҳам Кения полицияси бир куни мени ўлдиради, деган ўйда.

Шу сабабдан ҳам, жонини ўйлаб, ўзига хос хавфсизлик чоралари кўришни ҳам унутмаган. Мен ўзим бунга гувоҳ бўлдим.

Учрашув

Биз у билан Маженгонинг чанг кўчаларига соялар ястанган иссиқ ва дим аср пайтида учрашишга келишиб олдик.

Келишилган пайтда машинамизда бизга айтилган манзилга етиб ҳам келдик.

Аммо гулоби рангдаги кўпқаватли уйнинг ҳовлисига кириб борганимда, бировнинг қораси кўринмасди.

Кутилмаганда, аввалига шиппакнинг шип-шип товуши қулоғимга чалинди. Кейин футбол ўйнаётган болаларнинг қий-чувлари эшитилди.

Улардан бирини бир четга тортиб, "Макабурини қаердан топсам бўлади?", десам, "Билмайман", деб елка қисди.

Ҳафсалам пир бўлиб, ташкарига чиқиб, бироз кутишга қарор қилдим.

Шу пайт кўзим қаршидаги деворга елкаси билан суяниб турган, аллақачон соқол қўйишга улгурган икки ўспирин йигитчага тушди.

Кел, улардан ҳам сўраб кўрай-чи, дедим-да, "Макабурини билмайсизларми?", десам, иккови ҳам миқ этиб оғиз очмади.

Шундан кейин, анча вақтгача биров-бировимизга ғинг демай, кўчанинг шовқинига қулоқ тутганча қолдик.

Ва ниҳоят у пайдо бўлди...

"Макабури"

Макабурининг ўзини қандай тутиши кишида яхши таассурот қолдирса-да, эътиқод масаласида муросасиз кўринди

Абубакир қорин қўйган, танаси анчайин залворли одам экан. Юриши ҳам секин.

Аммо сизни кўриши билан юзига кулгу бериб, бегоналар билан тезда чиқишиб кетадиган кишидек таассурот қолдирди.

Бу эса, унинг ўзига бўлган ишончидан дарак беради.

Биз у билан ўша гулоби рангдаги кўпқаватли уйнинг тўртинчи қаватида суҳбатлашдик.

Мен кўчада кўрган соқолли икки ўспирин ҳам хонада ҳозир эдилар.

Уларнинг юзларида шубҳаю гумон ва ёвқарашлик ифодаси шундоққина зоҳир эди.

Макабурининг ўзини қандай тутиши кишида яхши таассурот қолдирса-да, эътиқод масаласида муросасиз кўринди.

Буёғи яқин қолди. Аллоҳнинг аскарлари саҳродан бош кўтаришади. Қора байроқларини ҳилпиратиб келишади ва бутун дунёда Исломий халифат ўрнатишади, дейди у менга.

Шундай деркан, Макабури "Аш-Шабаб" исломий жангари гуруҳи учун ёш мусулмонларни ёллаётгани ёки ўз тарафдорларини жанг қилиш учун Сомалига боришга даъват этаётганини ҳам рад этади.

Унинг айтишича, агар Ислом ҳужум остида бўлса, жиҳодга қўл уриш ҳар бир мусулмон учун фарздир.

"Исломни қабул қилсанг-чи..."

Суҳбатимизни якунлаб, уйининг томига чиққан пайтимизда анча салқин тушиб қолган эди.

Икковимиз ёнма-ён ўтирарканмиз, Макабури кутилмаганда лабида табассум билан, "Исломни қабул қилсанг-чи", деб қолди.

Мен ҳам унга жавобан кулимсираганча, "Афсуски, мен даҳрийман-да", деб жавоб бердим.

Бу жавобимдан сўнг Макабури юзини энди каптарлар солинган қафасга суянганча, бизни кузатиб турган бояги соқолли икки ўспирин йигитчага бурди.

"Мана бу икки йигитчага қара. Учовимиз ҳам Кениянинг ҳар хил қавмлариданмиз. Бироқ айнан Ислом дини туфайли бир-биримиз билан биродармиз. Демоқчиманки, дин бизнинг бошимизни бирлаштирган", - дейди у менга сўнгра.

Мен эса, бугун ўзим тайёрлаётган дастурдан қачонлардир қулоғимга чалинган бир воқеа билан жавоб бермоқчи бўлдим.

90-йиллар бошларида Болқон уруши бораётган пайт...Боснияда бўлган Би-би-си мухбири кекса бир отахонга, "Сиз хорватмисиз ёки мусулмон?", деб савол беради.

Отахоннинг ўшанда мухбиримизга "Мен мусиқачиман", деб берган жавоби мени ларзага солган. Дин айро тушган жойда одамларни мусиқа бирлаштиради, дерканман, Макабурининг юзидаги бир туки ўзгармади.

Аммо, "Қаерда мусиқа бўлса, ўша ерда куфр бўлади", - деди қисқа қилиб.

Суҳбатимизнинг бу қадар жонланиб кетаётганидан завқланиб, "Куфр нима дегани?", - дедим мен ҳам узоқ куттирмай.

Шунда Макабури менга ўзи таниган бир денгизчининг ҳикоясини айтиб беришга тушди.

Ҳикоя

Унинг ҳикоясидан аён бўлишича, мусулмон бўлган ўша денгизчи юк кемасида узоқ сафарга чиқади.

Мусулмон эмасми, ҳар гал ҳожатини чиқаргач, таҳорат олиши керак.

Бора-бора таҳорат жараёнида теварак-атрофга сачраган сув қолган йўлдошларининг шикоятларига сабаб бўлади.

Улар, "қилаётган ишинг тозаликка тўғри келмайди, таҳоратингни бас қилсанг-чи", дея мусулмон денгизчига ўз норозиликларини изҳор этишади.

Шу гапдан сўнг, улар нонушта қилгани ўтиришади. Макабурининг дўсти столда турган шакар билан қуюлтирган сутни олади-да, йўлдошларидан бирининг қўлига суртади.

"Энди, мана бу қоғоз сочиқни ол-да, қўлингни артиб ташла. Кейин эса, худди ўша жойини тилинг билан ялаб кўр-чи, қуюлтирилган сутнинг таъми қолганмикан ё йўқ,", - дейди.

Йўлдоши худди у айтгандек қилгач, қуюлтирилган сутнинг мазаси кетмаганини эътироф этади.

Қоғоз сочиқ билан қайта-қайта артса ҳам, барибир, уни буткул кеткизишга муваффақ бўлмайди.

Кейин мусулмон денгизчи йўлдошига энди бориб, қўлининг худди ўша ерини сув билан ювиб ташлашни тавсия қилади.

Қуюлган сутдан эса, асар ҳам қолмайди. Шунда қолган йўлдошлари мусулмон денгизчининг нима демоқчи бўлганини англаб етишади.

"Лекин битта шу воқеанинг ўзи қатъий бир қарорга келишга асос бермайди", - дея мен ҳам қайсарлик қилишда давом этаман.

"Албатта", - дея Макабури ҳам менинг эътирозимни хайрихоҳлик билан қабул қилади.

Аммо шу оннинг ўзида, "У ҳолда сенга "Қуръони Карим"ни берай, ўқиб, ўзинг бир хулосага кел", - дейди.

Мен унга фақат бир шарт билан сенинг таклифингга рози бўламан. Сен ҳам мен ёқтирган жаз хонандаларининг ашулаларини тинглаб боқасан ва у ҳақдаги фикрингни менга очиқ айтасан, дедим.

Макабурининг афтлари буришиб кетди ва "Ҳеч қачон", деди: "Мен ашула эшитмаганимга ўн йилдан ошиб кетди".

Шу ерда бир муросага келмай, даҳрий ва исломчи ўртасидаги баҳс ҳам якун топди.