Толибон ўз раҳбарларидан бирини 'жиҳодга зид иш қилиш'да айблади

  • 19 فبراير/ شباط 2014
  • изоҳлар

Афғонистон Толибон ҳаракати кескин баёнот билан чиқиб, ўз юқори мартабали мулозимининг афғон ҳукумати билан яна бир бор тинчлик музокаралари олиб бориш уринишини ана шундай баҳолади.

Кеча сешанба куни кутилмаганда Толибон Бошқарув Шўроси аъзоси ва собиқ Молия Вазири Муттасим Оғажоннинг Дубайда Афғонистон Тинчлик Олий Кенгаши вакиллари билан учрашаётганига оид хабарлар ўртага чиққанди.

Ҳаракатнинг баёнотида айтилишича, "Муттасим Оғажон ўзларини намоён этмайди. Бирлашган Араб Амирликларидаги музокаралар эса, сохта ва кўзбўямачиликдан ўзга нарса эмас".

Афғонистон Толибон ҳаракати ўз баёнотида янада кескин кетиб, "Муттасим Оғажон сафларида бирор бир мақомга эга эмаслиги, унинг АҚШ фойдасига ишлашини" ҳам даъво қилган.

"Унинг ҳозирги хатти-ҳаракатларини Исломий Амирлик тамойиллари ва муқаддас жиҳод мақсадларига зид" эканини таъкидлаган.

Ҳаракатнинг урғулашича, Дубайдаги тинчлик музокараларида ўзларидан ҳеч ким иштирок этмаган.

Бирор бир вакили на-да афғон ҳукумати ва на-да Афғонистон Тинчлик Олий Кенгаши аъзолари билан сўзлашган.

Толибон раҳбариятига кўра, "бу каби бекорчи ишлар қайтиб такрорланмаслиги шарт. Акс ҳолда ҳамма нарса чигаллашиб, афғон уруши ҳам чўзилгандан чўзилиб кетади".

Кетма-кет раддия

Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар афғон тупроғида битта хорижий аскар бўлса ҳам, тинчлик музокараларига бормаслигини таъкидлаб келади

Шу ой бошида ҳаракат Афғонистон жумҳурраиси Ҳомид Карзай билан махфий музокаралар олиб бораётганига оид қатор Ғарб нашрларида пайдо бўлган хабарларни ҳам кескин рад этиб чиққанди.

Бу хабарларда жаноб Карзай ҳукумати Толибон ҳаракатини ўзлари билан ярашишга ундамоқчи бўлаётгани ҳақида айтилган ва махфий музокаралар Афғонистон президентининг Вашингтонга нисбатан адовати ортиб бораётгани нишонаси сифатида кўрилганди.

Минтақавий таҳлилчилар эса, мазкур хабарларни афғон раҳбари толиблар билан коалицион ҳукумат тузиш истагида, дея ҳам талқин этишганди.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, олиб борилаётган тинчлик музокараларию уларнинг бўлмаётганига оид раддиялар хорижий иттифоқ қўшинлари 13 йиллик ҳозирликлари ортидан, афғон можаросига на-да ҳарбий ва на-да дипломатик ечим топмай, Афғонистонни буткул тарк этишга киришган бир пайтда кузатилмоқда.

Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар афғон тупроғида битта хорижий аскар бўлса ҳам, тинчлик музокараларига бормаслигини таъкидлаб келади.

Аммо худди шу шарт манзарасида Ғарб, афғон ҳукумати ва қатор минтақа давлатлари ўтган вақт оралиғида ҳаракат вакиллари билан у ёки бу кўринишда музокаралар олиб боришган.

Бироқ уларнинг ҳеч бири Афғонистонда ҳам, ҳаракат асос солинган қўшни Покистонда ҳам Толибон муаммосига барҳам бера олмаган.

Аммо, эслатиб ўтиш жоиз, Дубайдаги мулоқотларга оид хабар Покистон Толибон ҳаракати расмий Исломобод билан расмий музокараларга рози бўлган бир пайтда ўртага чиқмоқда.

Муттасим Оғажон нимага умид қилмоқда?

Муттасим Оғажон Афғонистон Толибон ҳаракатининг муътадил вакилларидан бири экани айтилади

Агар, у ҳақда интернетда имконли бўлган айрим маълумотларга таянилса, Муттасим Оғажон Афғонистон Толибон ҳаракатининг муътадил вакилларидан бири.

Афғонистонда Толибон тузуми қудратда бўлган пайт Молия вазири лавозимида бўлган.

Тузум 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари томонидан ағдарилиши ортидан, Толибон Бошқарув Шўросининг аъзоси бўлган. Ўз вақтида Шўронинг Сиёсий қўмитасига ҳам бошчилик қилган.

Бундан икки йил бурун Толибон ҳаракати ва афғон ҳукумати ўртасида тинчлик музокараларига воситачилик қилишга урингани учун суиқасд қурбони бўлишига сал қолгани ҳам айтилади.

Агар, ўзининг сўзларига таянилса, "Афғонистонда барча партия ва ҳаракатларни ўз ичига олувчи коалицион ҳукумат тузиш тарафдори".

Суиқасд амали ортидан 2010 йилда ўзи узоқ йиллар жон сақлаб келган қўшни Покистонни тарк этишга мажбур бўлган ва ўшандан буён Туркиядан бошпана топиб келади.

Лекин, Туркиядан афғонистонлик собиқ дипломат ва сиёсий таҳлилчи Абдулсалом Осимнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Муттасим Оғажоннинг Толибон раҳбариятида эга мавқеи ва ғояларига қарамай, Дубайдаги музокаралар ҳам самарали бўлмайди.

Таҳлилчи наздида, бу галги музокаралар ҳам қўшни Покистон ва ҳам Афғонистон назарда тутилганда, ўзаро манфаатдор томонларнинг ўзига хос ўйинидан бошқа нарса эмас.

"АҚШ ва Нато қўшинлари Афғонистондан чиқмоқчи. Худди шу манзарада Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ва Покистон, агар таъбир жоиз бўлса, ўзаро бир ўйин ўйнашмоқчи. Жаноб Карзай шу йўл билан Америкага сиёсий босим ўтказишни истайди. Покистон эса, АҚШ ва Натонинг оёғи қанча узилса, Афғонистонда ўзининг қўли шунча узаяди, деган фикрда", - дейди суҳбатдошимиз.

Таҳлилчининг таъкидлашича, агар, минтақада Толибон муаммосига музокаралар йўли билан барҳам бериш нияти бўлса, бунинг учун фақат ўйинчи давлатлар ростмана сиёсий ирода ва истак-хоҳиш кўрсатишлари керак. Акс ҳолда бунга ўхшаш ҳаракатларининг ҳеч бири амалда бирор иш бермайди.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, ҳам Покистон ва ҳам Дубайдаги тинчлик музокаралари расмий Кобул АҚШ билан Афғонистонда бу йилги оммавий сафарбарлик ортидан муайян сондаги хорижий қўшинларнинг қолишига изн берувчи муҳим хавфсизлик шартномасини имзоламаган бир манзарада бўлиб ўтмоқда.

Етакчи минтақавий таҳлилчилар орасида эса, Толибон муаммосининг ечими борасидаги қарашлар турлича.

Улардан айримларига кўра, бугунги кунга келиб ҳаракат тарқоқлашган, ягона марказ томонидан бошқарилмайди ва шу боис ҳам, уларга нисбатан кенг қамровли ёндашув зарур.

Бошқа бирларининг айтишларича, Толибон террорчи ташкилот сифатида расман тан олинмас экан, ҳаракатга қарши муқобил стратегия ишлаб чиқишнинг ўзи имконсиз.

Суҳбатимизда батафсил тингланг.