Озарбайжонда Отатурк исмини болаларга қўйиш тақиқланади

  • 11 Феврал 2014
  • изоҳлар
Озарбайжонда Отатурк исмини қўйиш бундан кейин мумкин эмас.

Бундан кейин Озарбайжонда Туркияда дунёвий давлат асосчиси Мустафо Камол Отатурк шарафига болаларга Отатурк исмини беришга рухсат этилмайди.

Бу ҳақда ҳукумат қошидаги Терминология комиссияси вакили Саял Содиқова Озарбайжон Ахборот агентлигига билдирган.

Унга кўра, исмни тақиқлаш норасмий кўринишда бўлиб, "кимдир бу ҳақда мурожаат қилса, рад жавоби берилади".

Саял Содиқова Отатурк исмини қўйишни тақиқлаш қарори Туркия ҳукуматининг илтимосига биноан қабул қилингани билдирган.

Туркия бундай илтимос билан қачон мурожаат қилгани номаълум, лекин ўтган йилнинг май ойида ҳам аҳолига фарзандларини Отатурк исми билан аташ тақиқланиши ҳақида хабар чиққанди.

"Отатурк - тарихий шахс ва бу исм фақат унга тегишли бўлиши керак", деб айтган Содиқова хоним.

Айни пайтда Озарбайжонда Отатурк исмли 18 киши бор.

Терминология комиссияси фаолияти журналистлар томонидан кейинги пайтларда тез-тез тилга олинмоқда.

Комиссия аъзоларининг келтиришича, Озарбайжондаги ҳар ўн исм белгиланган талабга жавоб бермайди.

2013 йил февралда мутахассислар мамлакатда хорижий исмлар кўпайиб кетаётганини танқид қилиб, ҳукуматга буни тақиқлаш кераклигини таклиф қилгандилар.

Хабарларга қараганда, Отатурк исмига тақиқ янги туғилган чақалоқларга талуқли бўлади.