BBC navigation

БМТ: "Ватикан зудлик билан болаларни таҳқирлаган руҳонийларни четлатсин"

Сўнгги янгиланиш 5 феврал 2014 - 13:54 GMT

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ватикандан болаларни жинсий таҳқирлагани аниқланган ёки таҳқирлашда гумон қилинган барча руҳонийларни "зудлик билан ишдан четлатиш"ни талаб қилган.

БМТ қошидаги болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қўмита руҳонийларнинг минглаб болаларни жинсий таҳқирлаши учун йўл очиб берган сиёсий дастурларни қабул қилгани учун Ватиканни танқид қилди.

Ўз ҳисоботида қўмита Ватиканни гомосексуализм, ҳомиладан сақланиш ва ҳомилани олдиришга бўлган муносабати учун қоралади.

Ватикан, ўз навбатида, ҳисоботни ўқиб чиқишини билдирди, ҳамда ҳисобот муаллифларини Ватикан ишларига аралашишда айблади.

"Ватикан бу ҳисоботларнинг хулосаларини ҳисобга олади, лекин айни дамда, Католик черковининг инсон қадриятлари борасидаги таълимига аралашувлар бўлаётганидан таассуф изҳор этади. Ватикан болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бел боғлаганини таъкидлайди," дейилади Ватикан баёнотида.

Ватикан Католик черковларида болалар таҳқирланишига қарши курашувчи комиссия тузган.

БМТ қўмитасининг тавсиялари мажбурий эмас, ва уларни амалга ошириш йўлида механизм ишлаб чиқилмаган.

"Таҳқирловчиларнинг эркин ҳаракати"

Ўз ҳисоботида БМТнинг Болалар ҳуқуқи бўйича қўмитаси Ватикан "ўз жиноятларини яшириб келган" руҳонийларнинг кимлигини ошкор қилиши ва уларнинг жиноий жавобгарликка тортилишларига йўл очиб бериши кераклигини айтган.

Қўмита Ватиканнинг содир этилган жиноятлар кўламини тан олмаганидан чуқур хавотирда эканини айтган.

Ўз ҳисоботида қўмита болаларни таҳқирлаган руҳонийларнинг Ватикан томонидан черковдан черковга, ва ҳатто бошқа мамлакатларга кўчирилиши ҳақида гапириб, "таҳқирловчиларнинг эркин ҳаракати" тажрибасини қаттиқ қоралади.

Қўмитага биноан, бу тажриба "ўнлаб жинсий таҳқиловчиларни болалар билан алоқага киришига имкониятлар яратиб, кўп мамлакатлардаги болаларни жинсий таҳқирлаш хавфи остига қўймоқда".

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.