BBC navigation

Украина: Авф қонуни ҳам иш бермади

Сўнгги янгиланиш 30 январ 2014 - 10:16 GMT

Авф ҳақидаги қонунни тан олмаган намойишчилар, кўчалар ва биноларни эгаллаб олишда давом этишмоқда

Ҳибсга олинган намойишчиларни озод қилишга йўл очадиган қонун Киевнинг Мустақиллик майдонида тўпланган кўп минг кишилик намойишчиларни қониқтиргани йўқ.

Халқ ғалаёнини бостиришга қаратилган айни авфдаги шартларни намойишчилар қабул ҳам қилишмаяпти. Қонун шартига кўра, масалан, намойишчилар эгаллаб олган ҳукумат биноларини бўшатишса, уларнинг ҳибсдаги маслакдошлари озод этилади.

Украина мухолифати бу шартни қабул қилиб бўлмаслигини айтган ва Киев кўчаларида чодир тикиб ўз нороозилигини изҳор этаётган одамлар уйга қайтишни ўйлаб ҳам кўришаётгани йўқ. Аксинча, шу пайтгача ишғолдан қутулиб қолган давлат биноларини ҳам эгаллаб олиш ҳаракатлари давом этаётир.

Оврўпопараст украинлар ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш учун бу биноларни штаб-квартираларга айлантиришган. Шунингдек, Киевнинг қаҳратон совуғига қарамай кўчада қолаётган одамлар баъзида айни биноларга кириб, исиниб олишади.

Украина бош вазири жаноб Азаров ва ҳукумат истеъфосидан кейин қабул қилинган авф қонуни Президент Янукович бораётган иккинчи йирик муросаю-мадора чорасидир. Аммо парламентдаги Украина мухоилфати вакиллари айни қонун борасида овоз беришдан бош тортишган.

Кураш тўхтамайди

Сиёсатчига айланган машҳур боксчи Виталий Кличко Мустақиллик майдонида тўпланган тарафдорларига қарата ҳали кураш давом этишини айтди.

Бошқа бир депутат Инна Боҳословска эса ўз телеинтервьюсида авф ҳақидаги қонунни танқид қилиб, у худди арава ғилдирагига тиқилган ўқлоғдек тўсиқ бўлганини билдирди.

Мухолифат сиёсатчисига айланган машҳур боксчи Виталий Кличко кураш тўхтамаслигини айтди

"Келаси 15 кун ичида бинолар бўшатилмаса, ўз халқига ҳужум қилиш учун куч тўплашларига баҳона ва вақт топилди" - деб янги қонунни изоҳлаган Боҳословска хоним.

Намойишчилар наздида ҳибсдагилар аслида гаровга олинган тутқунлардир. Ҳукумат эса энди уларни ўртага солиб, олди-берди қилмоқчи.

Кеча, чоршанба куни мамлакатнинг собиқ президенти Леонид Кравчук Украина фуқаролар уруши арафасида турибди, деб айтганди.

Москва эса намойишларга сабаб бўлган 15 миллиард долларлик ёрдам шартномасининг муайян қисмини токи янги ҳукумат тузилмагунча бермасдан, тутиб турмоқчи.

Худди шу шартнома боис москвапараст президент Виктор Янукович Оврўпо Иттифоқига яқинлашишни таъминлайдиган шартномани имзоламаганди.

Бироқ ўз келажагини эркин, демократик ҳамда фаровон Оврўпо билан бирга кўрадиган украинлар давлат раҳбарининг ушбу ҳаракатини қабул қилишмаган ва намойишлар бошланиб кетганди.

Аксар руслар яшайдиган шарқий Украина эса, аксинча, Россия билан яқин бўлишни истайди.

Аммо ҳатто Совет даврида ҳам Москва бошқарувига қарши узоқ йиллар курашиб келган ғарбий Украина учун бу қабул қилиб бўлмас қарордир.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.