Президент Янукович бош вазир Азаров ва унинг ҳукуматини тарқатиб юборди

  • 28 Январ 2014
  • изоҳлар

Украина Президенти Виктор Янукович бош вазир Микола Азаров ва унинг бутун бошли ҳукумати истеъфосини қабул қилиб, бу ҳақдаги фармонни имзолаган.

Янги ҳукумат шакллантирилгунча эски ҳукумат аъзоларидан вазифаларини давом эттириб туриш сўралган.

Украина ҳукумати истеъфоси Олий Рада зўравонликларга етаклаган намойишларни тақиқлаш ҳақидаги қонунларни бекор қилганидан бир неча соат ўтиб юз берган.

Украина Радаси кўпчилик овоз билан баҳсли, кўпчилик "иблисона" деб атаган 16 январ қонунларини бекор қилган.

Депутатлар ушбу қарорни қарсаклар билан олқишлаганлар.

Қонунни бекор қилиш учун зарур 226 ўрнига 361 депутат овоз берган.

Икки киши қарши қарши чиққан.

Бундан олдин Президент Виктор Янукович мухолифат раҳбарлари билан тўрт соат давом этган музокаралардан сўнг норозилик намойишларини чеклаш тўғрисидаги баҳсли қонунларни бекор қилинишига рози бўлган.

Би-би-си мухбирига кўра, Мустақиллик майдонида йиғилган одамлар Олий Раданинг қароридан мамнун бўлиб тарқала бошлаганлар. Уларнинг кўпчилиги Грушевский кўчасига қараб юришган.

Парламент спикери Владимир Рибак депутатлар намойиш қатнашчиларини авф этиш ҳақидаги қонун кўриб чиқилишини айтган.

Мажлисда қатнашаётган Оврўпода Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича вакили Дуня Миятович матбуот эркинлигини чекловчи қонунни бекор қилиниши кераклигини айтган.

Навбатдан ташқари йиғилишда бош вазир Микола Азаров истеъфо берган.

Микола Азаровнинг таъкидлашича, Украинадаги можароларнинг тинч йўл билан ҳал қилиниши, томонларнинг муросага келишига қўшимча имконлар бериш учун у шу қарорга келган.

"Бугун энг муҳими - Украинанинг бирлиги ва барқарорлигини сақлаб қолиш. Бу кимнингдир шахсий режа ва амбицияларидан юқори туради. Шунинг учун мен шу қарорни бердим", - деб айтган жаноб Азаров.

Ўтган ҳафтада жаноб Янукович мухолифат етакчиларидан Арсений Яценюкка бош вазирликни таклиф қилган, у лавозимни қабул қилган тақдирда парламентни тарқатиб юборишини айтган эди.

Бироқ Арсений Яценюк президент таклифига кўнмаган.

Виталий Кличко ҳам ўзига таклиф қилинган гуманитар масалалар бўйича бош вазир ўринбосари бўлишни рад этган.

"Удар" партияси раҳбари Виталий Кличко Азаровнинг истеъфоси ғалаба томон қадам эканлигини айтган.

"Украина кўчаларида юз бераётган воқеалар ҳозирги ҳукуматнинг сиёсати натижасидир. Шунинг учун Азаровнинг истеъфоси ғалаба эмас, унга томон қўйилган қадамдир" деган Кличко.

Азаровнинг истеъфосидан кейин Россия Украина билан газнинг нархини камайтириш ва 15 миллиард доллар моддий ёрдам берилишини бекор қилиши керак, деб айтган Давлат Думаси вакили Михаил Емелянов.

Россиянинг муносабати бунга жуда қаттиқ бўлиши керак, деб айтган у.

Мухолифат вакилларига кўра, Азаровнинг истеъфоси жамиятдаги тарангликни қисман камайтиради, лекин у бироз кеч қўйилган қадам бўлган.

Олий Рада мажлисига уч собиқ президент Виктор Юшченко, Леонид Кучма и Леонид Кравчук ташриф буюрган. Шунингдек, Оврўпо мамлакатларининг деярли ҳаммасидан вакиллар қатнашган.

Оврўпо парламенти депутати Ребекка Хармснинг Би-би-сига айтишича, Януковичнинг ўзи қабул қилган қонунларни бекор қилишга розилиги шуни кўрсатадики, у тобора халқнинг дастагидан узоқлашаётганини тушунган.

Айни пайтда Брюсселда бир кунлик саммит кун тартиби Украинадаги воқеалар сабаб ўзгарган.

Россия Президенти Владимир Путин, Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров ва Оврўпо кенгаши раиси Ромпей ва Оврўпо Иттифоқи раиси Баррозу қатнашаётган саммитда Оврўпо Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари Кэтрин Эштон ҳам иштирок этиши айтилган.

Бироқ Эштон хоним Киевдаги парламент мажлисида қатнашиш учун борган.

Айни пайтда инсон ҳақлари фаоллари айтишича, украиналик фаол Дмитрий Булатов 22 январда йўқолганича ҳали дараги чиқмаган.

Мухбирларга кўра, айни пайтда Киев марказида вазият тинч.

Ҳукуматга қарши намойишлар Украинанинг бошқа шаҳарларига ҳам тарқалган, 10 та вилоятда маҳаллий ҳокимият бинолари намойишчилар томонидан босиб олинганди.