Президент Янукович мухолифат лидерлари билан музокара ўтказади

  • 20 Январ 2014

Киев марказида ҳукумат ва парламент биносига бостириб киришга уринаётган намойишчилар ва милиция ўртасида тўқнашувлар тўхтамаётган бир вақтда президент Янукович мухолифат лидерлари билан музокаралар ўтказишга рози бўлган.

Сўнгги бир бир неча соатнинг ичида “Беркут” махсус кучларини ва ички қўшинларни ташишга мўлжалланган бир талай машина ёқиб юборилган. Шунингдек, “Динамо” стадиони ёнида жойлашган касса бинолари ҳам ёниб кетган.

Тўқнашувлар натижасида икки томондан ҳам ўнлаб одамлар жароҳат олган. Милиция ва мухолифатнинг хабарларига кўра 70 дан ортиқ одам шифохонага ётқизилган.

Президент Янукович билан учрашган мухолифат лидерларларининг таъкидлашича мамлакат раҳбари мухолифат билан учрашувларга рози эканлигини билдирган.

“Удар” партияси раҳбари Виталий Кличко президент билан якшанба кечаси учрашганини ва Янукович душанба куни мамлакатдаги инқирозий ҳолатни ечиш билан шуғулланувчи махсус комиссия тузишга ваъда қилганини билдирган.

Кличко, шунингдек, мамлакатдаги айни дамдаги вазият фуқароларга уришига яқин эканлигини таъкидлаган.

Киев кўчаларида олинган расм ва видео тасвирларда бир гуруҳ намойишчилар милиционерларга қарата ёнувчи суюқликлар тўлдирилган шишаларни улоқтиргани ва уларга таёқлар билан ҳужум қилгани акс этган.

Милиция эса газ ва шовқинли гранаталарни қўллаган, кейинроқ эса шаҳарда ҳаво ҳарорати минус 9 даража бўлишига қарамасдан машиналардан босим билан сув пуркаган.

Украина ИИВ милицияга ҳужум қилган ўнлаб фаолларнинг ҳибсга олинганини хабар қилди.

Оврўпо Иттифоқига қўшилиш тарафдорлари Украина парламенти қабул қилган ва Президент Виктор Янукович тасдиқлаган намойишларни чеклаш мақсадидаги янги қонунларни қоралаганлар.

16 январ куни Президент Янукович тарафдорлари бўлган Олий Рада депутатлари қўл кўтариш йўли билан кўча намойишларини чеклаш мақсадидаги қонунларни қабул қилганлар.

Янги қонунлар намойишчиларнинг юзларини яширишини ҳам тақиқлайди, якшанба куни эса намойишчилар юзларига ниқоблар тақиб ва бошларига қурувчиларнинг каскаларини кийиб чиққанлар.

Украина мухолифати Президент Януковичнинг "Минтақалар партияси"ни ҳокимиятни ноқонуний босиб олишда айблаган.

Украинадаги янги қонунлардан АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи афсусда эканликларини билдирган.

Президент Янукович Оврўпо Иттифоқи билан яқинлашиш шартномасини имзолашдан воз кечганидан кейин норозилик амалиётлари ўтган йилнинг ноябр ойидан буён давом этиб келаяпти.