'10 яшар Эрамни газ қувури билан уриб ўлдиришган'

  • 11 Январ 2014

Бу машъум ҳодиса ўтган ҳафта Лаҳор шаҳрида юз берган.

Шифокорларнинг айтишларича, касалхонага олиб келишган пайтда Эрамнинг жони чиқиб бўлган.

Уларга кўра, қизалоқнинг танасида қийноқ, қўл ва оёғининг билакларида арқоннинг қонталаш излари шундоққина кўриниб турган.

Эрамни касалхонага хўжайинларининг ўзлари келтиришган ва ўша заҳотиёқ полиция томонидан ҳибсга олинишган.

Аён бўлишича, ўзи хизмат қилаётган уйида қизалоқни арқон билан боғлаб, темир қувур билан уриб ўлдиришган.

Уй бекаси Насира Маҳмуд ҳам қилган қилмишига иқрор бўлган.

Унинг айтишича, 16 яшар ўспирин ўғлининг ҳозирлигида қизчани давомий равишда калтаклаб келган.

Аммо у билан қамоқхонада учрашган мухбиримизнинг айтишича, ширинлик билан чой ичиб ўтирган Насира хонимнинг парвойи фалак кўринган.

Ҳеч ким Эрам ўлиб қолади деб ўйламаганди, ҳаммаси кутилмаганда юз берди, деган у бамайлихотирлик билан.

“Бир эмас, икки эмас, учинчи марта ҳам пулимни ўғирлагандан кейин, ғазабим тошиб кетди. Бўлган гап шу. Уйқум келаяпти деганди, арқон билан оёқ-қўлини боғлаб, ўзим кечки овқат қилгани кетувдим”, - дея ўзини оқлашга уринган.

Тақдирнинг ҳазилини қарангки, Эрам Покистоннинг Моза Жидраъха (яъни “инсонлар ҳаёти ҳимоя қилинган”) номли қишлоғидан.

“Калтак излари”

Терговчиларнинг айтишларича эса, Эрам тасодифан ўлиб қолмаган ва жони ҳам арқонда боғлиқ экани ҳолатида чиққан.

“Улар Эрамни қийнаб келишганига бирданига иқрор бўлишди”, - деб айтган полиция вакили Умар Чима.

“Эрамнинг танасида зўравонлик, калтак излари ва шишларга кўзимиз тушди. Бу унинг оғир бир нарса билан қийноққа солинганига далолат қилади. Кейин билсак, бу – газ қувури экан”, - деб айтган у.

Эрам ўз ҳаётидан айрилган уйда унга ойига 23 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўлашган.

Машъум воқеа юз берган ҳафтанинг ўзида Лаҳорда 15 ёшли Азра ҳам хўжайинларининг уйида осиғлиқ ҳолда топилган.

Унинг ўлимидан аввал жинсий зўрлангани ҳам тахмин этилади.

Покистондаги Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг айтишича, ҳар йили бунга ўхшаш 20 га яқин ҳолат юз беради.

Ташкилотга кўра, одамларнинг кўзидан четда қолаётган зўравонликларнинг сони эса бундан бир неча маротаба кўп.

Тўрт танга пулни деб

Бахтсиз ҳодиса сабаб, қўлсиз қолган бева онаси қолган икки опасига ўхшаб, Эрамни ҳам Лаҳордаги ўзига тўқ бир оилага хизматчи қилиб юборади.

Аммо онаси кўз тиккан тўрт танга пулнинг ўрнига, қизалоғининг жасади уйга қайтади.

Зубайда опанинг айтишича, кўчага чиқиб пул топишнинг ўрнига, бировнинг уйига юборсам, болам хавфсизроқ бўлади деб ўйлаган.

Энди эса, ҳаммасига мен сабабчи бўлдим, деб ўзимни қўярга жой тополмаяпман, дейди у киши.

“Ундан кўра, кўчада тиланчилик қилганимиз яхши эмасмиди”, дея куйинаркан, "Мен боламни қийноққа солишларини қаердан билибман”, - дейди.

Эрамнинг ўз хўжайинлари томонидан уриб ўлдирилиши ҳодисаси бутун Покистон халқини шокка солган.

Мамлакатда болалар ҳуқуқларининг қанчалик ҳимоя этилаётгани мавзусини яна кун тартибига олиб чиққан.

Маҳаллий фаолларга кўра эса, бу каби машъум воқеалар мавжуд қонунчиликларнинг фақат қоғозларда қолиб кетаётгани сабаб юз беради.