Михаил Ходорковский озодликка чиқди

  • 20 Декабр 2013
Михаил Ходорковский озод бўлганидан сўнг берган биринчи баёнотида Владимир Путиндан авф қилишни сўраганини тасдиқлаган.

Россиядаги ЮКОС ширкатининг собиқ раҳбари, бир вақтлар Россиянинг энг бадавлат кишиси бўлган Михаил Ходорковский Карелиядаги қамоқхонадан озод қилинган ва тўғри Олмонияга онасининг олдига учиб кетган.

Бу ҳақда Ходорковскийнинг ҳимоячиси Вадим Клювгант билдирган.

Берлинга етиб борган Михаил Ходорковский озод бўлганидан сўнг берган биринчи баёнотида Владимир Путиндан авф қилишни сўраганини тасдиқлаган.

Авф қилиш ҳақида Президент Фармони имзоланган кундан бошлаб кучга кирган ҳисобланади.

Унда айтилишича, инсонпарварлик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда, маҳбус Михаил Борисович Ходорковский жазонинг қолган муддатидан озод қилинади.

Бир кун олдин жаноб Путин журналистлар билан матбуот анжуманида собиқ нефт корчалони Ходорковский ўзини авф қилинишини сўраб ёзган аризасига биноан, яқин орада керакли ҳужжатлар имзоланади, деб айтган эди.

Путин Ходорковскийнинг онаси касаллигига ишора қиларкан, уни авф қилиш инсонпарварлик принципларига тўғри келишини билдирган.

"Қувончли хабар"

Михаил Ходорковскийнинг онаси бу янгиликдан ўзига келолмаётганини айтади.

"Бу шу қадар қувончли хабарки, уни қандайдир тўлиқ англаш керак бўлади. назаримда, ҳали лозим даражада тушуниб етмадим. Мен кутмагандим, кеча эшитиб бутунлай қотиб қолдим",- дейди Ходорковскийнинг онаси Би-би-сига берган интервюсида.

"Агар фармон ҳақиқатдан имзоланган бўлса, у қонунга биноан зудлик билан амалга оширилиши керак", - деб айтган Ходорковскийнинг ҳимоячиси Вадим Клювгант.

У олдинроқ "Ходорковский авф сўраб ариза ёзмади ва унинг номидан биров мурожаат қилгани борасида бизда маълумот йўқ", деганди.

Жазони ижро этиш федерал хизмати Ходорковский муддатидан олдин озод этилганини тасдиқлаган.

ЮКОСга боғлиқ жиноий ишга алоқадорлик билан икки йил қамоқда ўтирган ЮКОСнинг собиқ ҳуқуқшуноси Светлана Бахмина Ходорковский озод бўлганидан сўнг тез орада Россияни тарк этиши эҳтимоли йўқ эмас дейди.

Бахмина хоним Би-би-си билан суҳбатда Ходорковский мамлакатда қоладиган бўлса, унинг сиёсий келажаги борлигини ҳам айтиб ўтган.

Ходорковский 2003 йилда қамалган, 2014 йил 25 августда белгиланган муддат ниҳоясига етиши керак эди.

"ЮКОС иши"

50 ёшли Ходорковский ва яна бир айбланувчи Платон Лебедев 2010 йил нефтни ўғирлаш ва ноқонуний пулларни қонунийлаштиришда айбдор топилган.

Бунгача улар солиқлардан бўйин товлаш айбловлари билан жазони ўташаётганди.

10 йилдан ортиқ вақтдан бери ҳибсда бўлган Ходорковский узоқ вақт ўзининг бегуноҳлигини таъкидлаб келган.

Оврўпонинг Инсон ҳуқуқлари бўйича маҳкамаси ҳам жаноб Ходорковский устидан ўтган маҳкамаларни танқид қилган, аммо улар сиёсий важларга асосланганига оид даъволарни рад қилган.

Ҳозир касодга учраб, барбод бўлган ЮКОС нефт ширкати раҳбари Михаил Ходорковский бир пайтлар Россиянинг энг бадавлат одами эди.

Москвадаги йиллик матбуот анжуманида гапирган Президент Путинга кўра, ўтмишда Михаил Ходорковский авф мурожаати билан чиқмаган.

"Ва яқингина у бундай ҳужжатни ёзди ва менга авф сўраб мурожаат қилди", деб айтган жаноб Путин.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, авф тўғрисидаги аризага шахсан Ходорковский қўл қўйган.

Унинг таъкидлашича, авф сўраб мурожаат қилиш айбини тан олганини англатади.

Ўз ўрнида Думанинг қонунчилик қўмитаси бошлиғи Павел Крашенников , конституция бўйича айбини тан олмасдан ҳам, авф этилиши ҳақида сўраши мумкин. дейди.

Михаил Ходорковскийнинг авф этилиш ҳақида мурожаат қилганига айнан нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас.

Айни пайтда ЮКОС иши бўйича судланган Платон Лебедевнинг ҳимоячиси Алексей Мирошниченко унинг мижози ҳам авф қилиниш ҳақида ариза билан мурожаат қилмоқчилигини маълум қилди.

Бу мавзуда батафсилроқ