Мандела учун россияликлар аза тутмайди

  • 10 Декабр 2013
Мандела билан россияликларнинг иши йўқ

Нелсон Манделанинг ўлими аксарият россияликларни бефарқ қолдиради.

Африкаликларга нисбатан кўплаб россияликларнинг муносабатлари, менинг кузатишимча, димоғдорлик ва ирқчиликка асосланган.

Бунинг устига Мандела раҳбарлик қилган Африка Миллий Конгресси бир неча йиллар СССРнинг пулига яшаган.

КПСС рўйхатида “ тараққийпарвар миллий-озодлик ҳаракати” дея эътироф этилган.

СССР даврини қўмсайдиганлар ҳам шўроларнинг Осиё ва Африкадаги турфа коммунистик фирқаларга ёрдамини қоралашади.

Бу ёрдамлар хато бўлган дейишади.

Бошқа томондан апартеидга қарши Африка Миллий Конгрессининг тутган йўли ҳар қандай қолипларда ҳам террорчилик бўлган.

Аммо парадокс шундаки, Мандела умрининг сўнгги йигирма йилини ўтган 70 йилини инкори ўлароқ кечирди.

Қасос ўрнига бағрикенглик қилди.

Радикализм ўрнини давлат даражасидаги зукколик эгаллади.

Қўшни Зимбабведа бўлгани каби “тескари ирқчилик” Жанубий Африка республикасида рўй бермади ва бундан Манделанинг хизматлари беқиёсдир.

Буларнинг бари албатта уни Арафат ва ё Кастродан фарқлайди.

Мандела ўтган асрнинг йирик давлат арбоби ва барча қолипларни парчалагувчи доноси бўлганини рад этиш мушкул.

Хотира ва ҳурмат

Путин даврида "душман қидириш" авж олди

Аммо Россияда...буларнинг ҳеч бири аксарият россияликларнинг кўнглини юмшатмайди.

Бу жамиятни тобора кемириб бораётган беписандлик билан боғлиқ.

Айнан беписандлик россияликларни сиёсий раҳбар бир вақтнинг ўзида идеалист бўлиши ва келажак орзулари билан яшаб, қасосдан воз кечиши мумкин эканига ишонишдан қайтаради.

Гарчанд, турфа қарама-қаршиликларга бой бўлса ҳам Мандела номи билан ёнма ён турадиган россиялик...Михаил Горбачёв бўлса керак.

Аксарият Горбачёв ҳақида нималарни ўйлашини ҳатто эслатиш ҳам керак эмас.

“У бизга озодлик берди”, деб айтадиганлар эса бармоқ билан санарли...

Кўпчилик Горбачёвни “буюк бир давлатни” барбод қилди деб билади.

Аммо ҳеч ким бу “қанақа буюк давлат бўлдики, бир одам уни вайрон қила олса” деб сўрамайди.

Солженицин, Сахаров ва Растроповичлар ўлимларидан кейин халқ қаҳрамонларига айланишдими?

Йўқ.

Россиянинг шум тақдири

СССРдай "буюк давлатни" ағдарган арбоб

Беписандлик ичимиздаги иккинчи одамга айланиб қолди.

Биз ҳамма нарсада қанақадир ҳисоб-китоб ва ҳасадни кўрамиз.

"Майдондаги намойишларми? Вашингтон пулини тўламоқда”, “Руҳоний хайрия ошхонасини очибдими?У катта руҳонийлар олдида тилёғламалик қилмоқда!”...

Идеалларга ишонмайдиган жамиятни эса бошқариш осон.

Шунинг учун давлат телевизионидан ҳар кеча кундуз Россия нефти ва газига кўз олайтираётган душманлар, Давлат департаментининг қора режалари ва масонлар ҳақида ҳикоя қилишади.

Бунақа ҳолатларда доно ва тинчликпарвар Нелсон Манделаларнинг пайдо бўлиши мушкул.

Миллатнинг қаҳрамонлари эса авваллари бўлгани каби Сталин, Брежнев ва фақатгина улар орасида одамийроғи Юрий Гагарин...

Россияда ўтган аср озодлик учун курашганларнинг барчаси ё унутилган ва ё қарғалган...

Шу беписандлик Россиянинг бугунги шум тақдиридир.

Бутун дунё Манделага мотам тутмоқда.

Биз эса ҳалигача нима учун мотам тутишаётганини англаб етмадик...