BBC navigation

Мисрда Мурсий тарафдорлари бўлган қизлар узоқ йилга қамалди

Сўнгги янгиланиш 28 ноябр 2013 - 08:40 GMT

Миср маҳкамаси қудратдан ағдарилган собиқ президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари бўлган 21 хотин-қизни 11 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида қарор чиқарди.

Улардан етти нафари 18 га тўлмаган ўсмирлардир.

Мурсий тарафдорлари террористик гуруҳга алоқадорлик, бузғунчилик, норозилик белгиси сифатида куч ишлатиш каби айбловларга юз тутган ва айбдор деб топилган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари маҳкама ҳукмини "ақлга сиғмайдиган" деб таърифлаган.

Аёл ва қизлар ўтган ойда Александрия шаҳрида Мурсийни қўллаб намойишга чиққан эдилар.

Маҳбусаларнинг яқинлари эрталаб еттида бошланган ҳаракат тинч бўлганини айтишган.

Қамалганлар орасида 15 ёшли қизи бўлган мисрлик аёл фарзанди мактабга кетгунича йўлдан ушлаб кетилганини гапиради Би-би-си мухбирига.

Олдинроқ қизларнинг ҳимоячиси уларга бир ойлик қамоқ жазоси берилиши мумкинлигини тахмин қилган.

Лекин бунга тескари қизлар узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилганлар.

Тинч фуқароларни ўлдирган ёки яралаган полициячиларга бундан кам муддатлар берилгани айтилади.

Маҳкама шунингдек "Мусулмон биродарлар"нинг олти етакчи аъзосига ҳам 15 йилгача қамоқ жазолари тайинлаган. Улар низо қўзғашда айбланишган.

Исломийларга қарши ҳукмлар Қоҳирада ўнлаб кишиларни, жумладан бошқа бир гуруҳ аёлларни ҳибсга олиш орқасидан юз бермоқда.

Фаолларга кўра, аёллар калтакланиб, қийноққа солинганлар ва айни пайтда чўлда қийин аҳволда ушлаб турилибди.

Улар ҳукуматнинг намойишларга қарши қонунига норозилик билдириб чиққанлар.

Шу билан бирга 17 диний хизматчилар масжидлардан армия ва полицияга қарши ҳаракат учун фойдаланганликда айбланишмоқда.

Тинч намойишлар учун жазо

Қоҳирадаги намойишларда полиция кучлари билан тўқнашган Мурсийнинг минглаб тарафдорлари ўлдирилган эди.

100 лаб инсонлар ҳалок бўлган бир неча кунлик зўравонликлардан кейин Миср муваққат ҳукумати ўз амалларини оқлаш кампаниясини бошлади.

Бунда хавфсизлик кучлари қудратдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсий тарафдорларининг норозилик чиқишларини нега бунча шафқатсизлик билан бостирганини оқлади.

Муваққат ташқи ишлар вазири айтишича, ҳукумат давлат асосларини қўпориш амаллари билан юзма-юз келган.

Шу мақсадда Мисрнинг вақтли ҳукумати қудратдан кетказилган президент Муҳаммад Мурсийнинг "Мусулмон Биродарлар" исломий ҳаракатини тақиқлашга қарор қилди.

"Мусулмон биродарлар" гуруҳига кўра, норозиликларни бостириш чоғида минглаб инсонлар қурбон бўлган, 5000 дан ортиқ киши яраланган.

Бироқ тинч намойишчиларни ўлдирган полициячиларга қарши жиноий иш қўзғатилмаган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.