BBC navigation

Киев: полиция намойишчиларга кўздан ёш оқизадиган газ қўллади

Сўнгги янгиланиш 24 ноябр 2013 - 17:47 GMT

Украина Ички ишлар вазирлигидан айтишларича, норози намойишчиларнинг зўравонликларига жавобан Киев шаҳрида кўздан ёш сиздирадиган газ ишга солинган.

"Маъмурий биноларни қўриқлаш учун милиция занжири ташкил қилинган эди. Айрим фуқаролар ана шу занжирни ёриб ўтишга ҳаракат қилишди ва милиция тарафга тутун бомбаларини улоқтиришди. Бир-икки марта газ ҳам сепишди. Ҳужумни қайтариш мақсадида милиция кўздан ёш оқизадиган газ қўллашга мажбур бўлди", деб айтган Киев Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Намойиш ташкилотчиларига кўра, Киевнинг Оврўпо майдонига 100 минг киши йиғилган.

Киев милициясига кўра, намойишчилар сони 22 мингга яқин бўлган.

Намойишчилар Украина билан Оврўпо Иттифоқи ўртасида бирлашма тузиш битимини имзолашни талаб қилганлар.

Намойишчилар қўлларида Украина ва Оврўпо Иттифоқи байроқларини тутганлар, "Украина - Оврўпонинг бир қисми", "Мен Оврўпода яшашни истайман" деган шиорларни тутганлар.

Киевнинг бошқа бир майдонида ҳукуматпараст намойишчилар йиғилганлар, уларнинг сони 10 минг кишини ташкил этгани хабар қилинган.

Россия Президенти Владимир Путин Оврўпо Иттифоқини Украинани дўқ-пўписа билан келишувни имзолашга мажбурлаётганликда айблаган.

Сўнгги кунларда Украинанинг Киев ва бошқа шаҳарларида норозилик намойишлари ташкил қилиниб келмоқда, бироқ 24 ноябрдагиси энг йириги бўлган.

Украина Бош вазири Микола Азаров айтишича, Оврўпо Иттифоқи билан битимни имзоламаслик остида фақат иқтисодий сабаблар турипти.

Ҳукумат Украина, Россия ва Оврўпо Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш мақсадидаги қўшма комиссия ташкил қилиш мақсадида эканини айтади.

Аксар украиналиклар ўз ҳукумати қадамларида Россиянинг босимини кўрадилар.

Би-би-си мухбирига кўра, Украина Россия газига қарам. Бироқ ўз вақтида фойдаланилган газ учун ҳақини тўламаганини важ қилиб Россиянинг "Газпром" ширкати табиий газ таъминотини тўхтатиб қўйиши ҳоллари кўп бўлган.

2009 йилда қарздорлик баҳонасида Россиянинг Украинага газ узатишни тўхтатиб қўйгани оқибатида айни қиш ўртасида Оврўпонинг қатор мамлакатларида газ тақчиллиги юзага келган эди.

Россия Беларус ва Қозоғистон билан Божхона Иттифоқини ташкил этган ва Украинани ушбу иттифоққа қўшилишга даъват қилиб келади.

Оврўпо Иттифоқи билан эркин савдо келишуви эса Украинадан буткул бошқача савдо тартиб-қоидасини талаб қилади.

21 ноябр куни Украина қатор ҳужжатлар қатори Оврўпо билан бирлашиш келишувини ҳам имзолашдан бош тортгани ҳақида эълон қилди.

Ушбу қарор кўпчилик учун кутилмаган бўлди.

Айримлар назарида ушбу қадам Украинанинг шунча йиллик Оврўпога яқинлашиш амалларини тўхтатиш ва юзни Россия томонга буриш ҳаракати бўлди.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.