'9 яшар қизалоқни қандай қилиб эрга берасиз, тўйни тўхтатинг'

  • 9 Ноябр 2013

Ҳибанинг никоҳ тўйи 8 ноябр кунига белгиланганди. Аммо яманлик инсон ҳуқуқлари фаоллари қандай бўлиб унинг тўйини тўхтатиб қолишга муваффақ бўлишган.

Бу - Яманда Ҳиба тенги қизалоқларнинг илк бор мажбуран турмушга узатилишлари эмас.

Бироқ фаоллар фақат шу жума куни илк бор улардан бири - Ҳибани эрта никоҳдан асраб қолишга муваффақ бўлишган.

Агар, маҳаллий фаолларнинг маълумотларига таянилса, Яманда бошига бу каби кўргулик тушаётган қизалоқларнинг сони оз эмас.

Дейлик, 11 ёшли Вафони ота-онаси 40 яшар эркакка берган.

Вафо ўз эри томонидан жинсий зўрланган ва қийноққа солинган.

Фақат фаоллар аралашибгина, уни эридан ажратиб олишга муваффақ бўлишган.

11 ёшли Фавзия эса, тўнғич боласини дунёга келтириш чоғида ҳаётдан кўз юмган.

Мажбуран эрга берилган 12 ёшли Салва бошига тушган кўргуликларга чидолмай, ўзини томдан ташлаб, ўлдирган.

Расман қайд этилмаган, аммо кенг хабар берилган бошқа бир ҳодисада эса, 8 яшар қизалоқ илк никоҳ кечасидан сўнг олган ички жароҳатлари туфайли қазо қилган.

Нималар бўлаяпти?

Яманлик қизлоқларнинг аянчли тақдирлари халқаро миқёсда ҳам жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Аммо кўпчилик оилаларни қизчаларининг тақдиридан кўра кўпроқ куёв томонидан олажак қалину, сарпо-суруғлари қизиқтиради.

Ҳибанинг ҳодисаси ҳам бундан мустасно эмас.

Ўз онаси ўлгач, отаси бошқага уйланган ва ўгай онасининг қўлида қолган.

Ҳибанинг бўлажак тўйидан Яман Инсон ҳуқуқлари вазирлиги маҳаллий фаоллари хабар топиб қолишади.

Улар полиция бошқармасига хабар беришади ва полиция масуъллари Ҳибанинг отасини тўйни бузишга кўндиришади.

Вазирлик вакиллари илк бор бундай ишга муваффақ бўлишганидан ғурурланишларини айтишмоқда.

Қонун қаерда қолди?

Яман Инсон Ҳуқуқлари вазирлигидан билдиришларича, никоҳ ёшини расман белгилаб берувчи қонунни қабул қилинг деб, турли даражадаги ҳукумат идораларига мурожаат қилавериб, эслари кетган.

Вазирлик вакилларига кўра, бусиз қизалоқларни мажбур никоҳлару зўравонликлардан асраб бўлмайди.

Аён бўлишича, ҳозир ишлари бироз олдинга силжиган: Яъни, масъул идоралар тез орада бу каби қонун лойиҳасини тақдим этишлари мумкин.

Устига устак, бу борада мамлакатнинг янги таҳрирдаги конституциясига ҳам хос бандлар киритишга уринишлар бор.

Аммо Яманда катта қудратга эга бўлган уламолар ва қавм раҳбарларининг ҳаммасини бир пул қилиш эҳтимоллари ҳам йўқ эмас.

Бу каби вазиятда эса, Ҳибага ўхшаш қизалоқларнинг ҳаётлари қил устида қолаверади.

Чунки қонунчилик амалда бўлмас экан, ота-онаси бироз ўтиб, уни яна бошқа бировга бемалол бериб юбориши мумкин.