BBC navigation

Филиппин: "Хаян" тўфони қурбонлари 10 мингдан ошган

Сўнгги янгиланиш 9 ноябр 2013 - 17:31 GMT

Филиппин расмийларига кўра, кучли Хаян тўфонидан ҳалок бўлганлар сони биргина Лейта вилоятида 10 мингга етган.

Олдинроқ Қизил Хоч ташкилоти маълумотларига биноан, қурбонлар мингдан ошганлиги хабар қилинганди.

Лейта ороли табиий офат йўлида жойлашганлиги сабабли, 80 фоиздан ортиқ қурилиш ва коммуникация тизимлари ишдан чиққан.

Синоптикларга кўра, жойларда шамолнинг тезлиги соатига 300 кмга, баландлиги 3 метрга етган.

Тропик Хаян тўфони шу пайтгача кузатилган энг кучли табиий ҳодисаларидан бўлиб, йўлида учраган бутун бошли аҳоли масканларини теп-текис қилиб кетган. Филиппин қирғоқолди туманларини сув босган. Алоқа, сув ва электр энергия тизим улкан зарар кўргани айтилмоқда.

Қирғоқ бўйида жойлашган Таклобан шаҳрида мингга яқин жасад топилган.

Филиппин Президенти Бенигно Агуйно Хаян тўфони етказган зарарларни ўз кўзи билан кўриш учун Таклобан шаҳрига сафар қилган.

Унга кўра, энг биринчи қилиниши керак бўлган иш ташқи дунёдан узилиб қолган ҳудудларга ёрдамлар етиб келиши учун электр ва алоқа таъминотини тиклашдир.

Қизил Хоч вакилининг айтишича, қурбонлар сони тахминан олинган, маҳаллий ҳукумат уларнинг аниқ ҳисобини аниқлаши керак.

Филиппин Ички Ишлар вазири қурбонларнинг сони ҳақида гапириш эрталигини билдирган.

Филиппин ҳукумати шу пайтгача расман бир неча юз инсон ўлганини тасдиқлаган холос.

Қурбонларнинг аксарияти чўкиб ёки биноларнинг вайрон бўлиши оқибатида ҳалок бўлган.

Ҳукумат тўфон яқинлашиши олдидан қирғоқолди масканлардан бир неча минг кишини эвакуация қилган, лекин марказий туманлар ҳам табиий офатдан кучли зарар кўргани айтилмоқда.

Минглаб аскарлар ва хайрия ташкилотлари ходимлари тўфондан зарар кўрган чекка туманларга етиб боришга уринишмоқда.

"Бу вайронагарчилик миқёси жуда катта. Машиналар ўйинчоқлардек ағдарилган, кўчалар вайроналар уюми билан тўлган",- дейди Таклобан шаҳрида бўлган БМТнинг фожеа миқёсини баҳолаш гуруҳи раҳбари Себастян Стамп.

Унинг сўзларига кўра, қўналға атрофидаги майдоннинг ўзида 100 дан ортиқ жасад ётибди.

Шанба куни Хаян тўфони соатига 35 км тезлик билан Филиппиндан чиқиб Вьетнам томон йўналган.

Айни пайтда 4 миллиондан ортиқ инсон зарар кўрган Филиппинга йирик ҳажмдаги халқаро ёрдамлар ташкил қилинмоқда.

АҚШ Мудофаа вазири Чак Хейгелнинг билдиришича, Америка денгиз ва ҳаво кучлари Филиппинга инсонпарварлик ёрдам етказишни бошлаган.

Жабрланганларни қидириб топиш ва кўчириш тикучар ва учоқлар ёрдамида амалга оширилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.