Қудратдан кетказилган Миср президенти Мурсий устидан маҳкама бошланган

  • 4 Ноябр 2013

Миср пойтахти Қоҳирадаги полиция академияси биносига ҳокимиятдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсий ва "Мусулмон Биродарлар"нинг 14 раҳбари келтирилган.

Миср матбуоти хабар қилишича, собиқ президент ва сафдошлари устидан маҳкаманинг очиқ ўтказилиши эълон қилинган.

Муҳаммад Мурсий ва "Мусулмон Биродарлар"нинг бошқа етакчиларини 2012 йил декабридаги норозилик намойиши иштирокчилари ўлимида айблашмоқда.

Мурсий тарафдорлари бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишларига чақирганлар.

Шунинг учун маҳкамани бошида режалаштирилганидек Тора қамоқхонасида эмас, норозилик намойишлари хавфи боис Қоҳира марказидан анча узоқ полиция академиясида ўтказишга қарор қилинди.

Академия қаршисида йиғилган Мурсий тарафдорлари уни қувватловчи шиорлар айтиб қичқиришган.

Муҳаммад Мурсий маҳкамага кундалик кийимида тикучарда келтирилган.

Бошқа айбланаётган сиёсатчилар ҳарбий қўриқчилар автомобил карвонида олиб келинган.

Сиёсийлаштирилган маҳкама

Мурсий тарафдорлари куч билан ағдарилган президент устидан маҳкама сиёсийлаштирилганини таъкидлашмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари ҳарбийлар ва хавфсизлик хизматини собиқ президентни маҳкамагача номаълум жойга яшириб қўйганда айбладилар.

Мисрнинг "Ал-Ватан"газети ҳибсдаги Мурсийнинг суратларини босган. Суратларнинг ҳақиқийлигини текшириш иложи йўқ. Унда Мурсий жаноблари креслода вазмин қиёфада ўтиргани акс этган.

Шунингдек Мисрнинг кўпгина аҳолиси яна бир собиқ президент Ҳусни Муборак тарафдори саналади.

Хабар қилинишича, полиция академиясида Мурсий маҳкамаси билан бир пайтда Муборакнинг ҳам маҳкамаси бўлиб ўтиши керак.

Мисрликлар маҳкама бошланишини ҳаяжон билан кутишяпти. Мухбирларнинг кузатишича, маҳкама жамиятда бўлинишни кучайтириши мумкин.

Якшанба куни Исмоилия шаҳри яқинида икки полициячи ўлдириб кетилган. Мамлакатда беқарорлик кучайишидан хавотирлар мавжуд.

Шу боисдан муваққат ҳукумат маҳкамага 20 минг ҳарбийни жалб қилгани айтилмоқда.

Мурсий маҳкамасидан уч кун олдин "Мусулмон биродарлар" ишига боғлиқ Муҳаммад Бадий дохил икки ҳакам истеъфо берди.

Охирги хабарларга кўра, Муҳаммад Мурсий ва Мусулион Биродарларнинг 14 етакчи аъзолари устидан бошланган маҳкама вақтинчалик тўхтатилишига тўғри келган.

Бунга судланувчиларнинг норозилик бақириқлари ва собиқ президент Мурсийнинг судланувчилар учун махсус кийимни кийишдан бош тортганлиги сабаб бўлгани айтилмоқда.

Маҳкама қонунларига биноан маҳкама қаршига келганларга оқ кийим кийдирилади.

Ҳуқуқшунослар тахмин қилишича, Мурсийнинг айби исботланса, унга умброд қамоқ ёки ўлим жазоси берилиши мумкин.

Муҳаммад Мурсий Ҳусни Муборакнинг узоқ йиллик бошқарувидан кейин демократик сайловлар орқали сайланган, бироқ 13 ойдан сўнг ҳарбий тўнтариш орқасидан қудратдан ағдарилган эди.

Исломий президент 3 июлда ҳибсга олингач, унинг тарафдорлари қаторида мухолифлари ҳам оммавий намойишлар ўтказишди. Полиция президент тарафдорларининг намойишини шафқатсизларча бостириши натижасида юзлаб одамларни ўлдирди.

Бу мавзуда батафсилроқ