Сурияда худкушлик ҳужуми 30 кишининг умрига зомин бўлди

  • 20 Октябр 2013

Сурия марказидаги Ҳама шаҳри четида амалга оширилган худкушлик ҳужуми камида 30 инсоннинг умрига зомин бўлган.

Давлат ахборот агентлигига кўра, Сурия исёнкорлари бир тоннадан ортиқ портловчи восита ортилган автомобилни ҳукумат назорат нуқтасига келтириб уришган.

Портлаш туфайли яқин-атрофда турган ёқилғи танкерига ҳам ўт кетган, бу талофатлар ва қурбонлар сони ортиши сабаб бўлган.

Қароргоҳи Британияда жойлашган Сурия Инсон Ҳуқуқлари кузатув гуруҳига кўра, ҳужумни илдизи "Ал-Қоида"га тегишли "Ал-Нусра Жабҳаси" уюштирган.

Гуруҳнинг айтишича, портловчи воситалар юкланган автомашина Ҳамани Саламия билан уловчи йилда портлатиб юборилган.

Қўшимча қилинишича, "ўнлаб тан жароҳати олганлар оғир аҳволда" экани ҳисобга олинса, ўлганлар сони ортиши мумкин.

Тез ёрдам машиналари шаҳарнинг шарқий қисмига киришдаги ҳодиса жойига ошиқишган, ахборот агентлиги кенг кўламли вайронагарчиликларни намойиш этган.

Ҳама 2011 йил Сурия қўзғолонлари бошланиши билан Президент Башар ал-Ассадга қарши йирик намойишларга саҳна бўлганди.

Аммо, 2011 йил ёзи охирларида хавфсизлик кучлари шаҳарга бостириб киришган ва ўшандан бери назоратни қўлда тутиб келишади.

Ҳама Сурия замонавий тарихида аҳамиятли ўрин эгаллайди. 1982 йил ўша пайтдаги Президент Ҳофиз ал-Ассад шаҳарга сунний мухолифлар - Мусулмон Биродарлари қўзғолонини бостириш учун қўшин киритганди. Ўн минглаб инсонлар ўлдирилган ва шаҳарча ер билан яксон қилинган эди.

Айни пайтда Араб Лигаси раҳбари Сурияга бағишланган анжуман 23 ноябрда бошланиши ҳақида маълум қилган.

Аммо, ҳали ушбу узоқ кутилган йиғин бўлиб ўтиши ҳақида расман эълон қилинмаган.

Набил ал-Арабий бу ҳақда Сурия бўйича халқаро вакил Лахдар Браҳимий билан учрашув ортидан гапирган ва ҳали қатор тўсиқлар мавжудлигини эътироф этган.

Ғарб ва Араб давлатлари расмийлари сешанба куни Сурия мухолифати раҳбарлари билан учрашиб, уларни анжуманда иштирок этишга кўндиришга уринишади.

Бу мавзуда батафсилроқ